Ташқи реклама тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилинди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан белгилаб қўйилишича, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб:
Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш учун ер участкалари, давлат мулки бўлган бино ва иншоотлар рўйхатини шакллантириш, тавсия этиладиган реклама конструкция турлари ва уларни жойлаштириш хариталари (схемалари)ни тузиш ҳамда ОАВда эълон қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ички ишлар, қурилиш органлари ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорликда амалга оширилади;
Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ер участкаларида, шунингдек, давлат мулки бўлган бино ва иншоотларда жойлаштириш ҳуқуқини бериш «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида очиқ электрон аукционлар орқали амалга оширилади, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно;
«E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида очиқ электрон аукционлар орқали берилган ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ер участкаларида, шунингдек, давлат мулки бўлган бино ва иншоотларда жойлаштириш ҳуқуқига шартномалар тузиш туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан амалга оширилади;
Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ер участкаларида ва давлат мулки бўлган бино ва иншоотларда жойлаштириш ҳуқуқини электрон аукцион натижалари асосида сотишдан тушган маблағлар, шунингдек, ўрнатилган ташқи реклама объектлари (конструкциялари) учун ойлик тўловлар туманлар (шаҳарлар) бюджетига йўналтирилади;
Ташқи реклама жойлаштириш ҳуқуқи учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланадиган миқдорда йиғим ундирилади, ундириш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади;
Ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқини бериш бўйича шартномалар тузишни туман (шаҳар) ҳокимликлари амалга оширади, ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқини бериш учун йиғимларнинг 90 фоизи туман (шаҳар) бюджетига, 10 фоизи эса - “Тасвирий ойина” ижодий бирлашмаси ва унинг ҳудудий филиалларига миллия ғоя ва маънавият тарғиботи тадбирларини молиялаштириш, унинг аппарати ходимларини таъминлаш учун йўналтирилади;
Ижтимоий реклама маълумотини жойлаштиришнинг энг кам муддати ҳар бир ташқи реклама объекти бўйича амалга оширилади.
Белгиланишича, ташқи реклама объектларини ер участкаларида ва давлат мулки бўлган бино ва иншоотларда жойлаштириш ҳуқуқини «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида очиқ электрон аукционлар орқали сотишнинг бошланғич нархи:
Ер участкалари учун - ушбу ер участкаси учун белгиланган ер солиғининг 10 баробари миқдоридан кам бўлмаган миқдорда кўзда тутилган фойдаланиш муддатининг ҳар бир йили учун;
Давлат мулки бўлган бино ва иншоотлар учун - бино ва иншоотнинг фасад қисми ҳамда периметри бўйича, шунингдек ҳар бир реклама пешлавҳа учун кўзда тутилган фойдаланиш муддатининг 1 кв.м. учун энг кам ижара ҳақи миқдорида белгиланади.
Бундан ташқари, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Адлия вазирлиги ва манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ноқонуний жойлаштирганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш;
Ташқи рекламани жойлаштиришда реклама берувчининг хоҳишига кўра Ўзбекистон Республикасининг давлат тилидан ва бошқа тиллардан фойдаланиш талабларини белгилаш;
Ижтимоий рекламанинг минимал ҳажмини ташқи рекламани жойлаштиришнинг умумий бир йил вақтидан 20 фоизигача оширишни назарда тутувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритади.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш