«Адвокат бўлиб кетганман, вилоят прокуратурасида танишим бор...»



 
  Расм манбаси : bagnet.org

Меҳри Кимсанованинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳаловати йўқолди. Туман ҳокимининг қарорига биноан, кўпчилик қатори унинг уйи ҳам мажбурий тартибда бузишга тушган. Сабр қилса, ҳаммаси қонуний тартибда тушунтирилар, уй масаласи ҳам ҳал қилинар эди. Аммо у «икки оёғини бир этикка тиқиб олди». Охири ўйлаб-ўйлаб, қарордан норози бўлиб, Президентнинг «Халқ қабулхонаси»га мурожаат қилиш учун Тошкентга борди. Балки муаммосини вилоятнинг ўзида ҳал этганида, шунча дилхираликлар бўлмасмиди?..

Хуллас, М.Кимсанова муаммолари билан юрган вақтида, унинг ёнига Зебузар Турсунбоева келади. Асли Навоий вилоятидан бўлган бу аёл муқаддам тўрт маротаба судланган. Бироқ, ўрганган кўнгил ўртанса қўймас экан. Зебузар муаммо билан юргани юзидан сезилиб турган аёлни кўриб, индамай ўтиб кетолмади.

Киши бошига иш тушиб, ҳаловати йўқолган пайтда ҳасратидан чанг чиқади. Бирор киши ҳол-аҳвол сўраса, тамом, дардини дастурхон қилади. Зебузар Меҳрини гапга солди, у билан танишди. Ҳасратини диққат билан тинглади. Ўзи ҳам бир пайтлар худди шундай кунларни бошидан кечирганлигини айтиб, Меҳрини яқин олди. Улар бирга овқатланишди. Хуллас, анча яқинлашиб қолишди. Меҳрининг қўлида кўтариб юрган ҳужжатларни Зебузар тушунса-тушунмаса, обдон кўриб чиқди.

– Ҳамма ҳужжатларингиз жойида. Хавотир олманг, қонун сиз томонда. Уйингиз бузилмайди. Уй масаласида мен адвокат бўлиб кетганман, – деди ишонч билан.

Унинг бу далдаси Меҳрига ёқиб тушди. «Чўкаётган одам хасга ҳам ёпишаркан», дейишади-ку! Меҳри ҳам ҳозир шундай ҳолатда эди. Зебузарга ишончи тобора ортиб, «Ёрдам қиламан», деган гапларига дилдан ишонди.

Хуллас, Зебузар Меҳрига зулукдек ёпишиб олади. Унинг дардидан фойда кўриб қолишни истайди. Истагини қондириш учун эса виждонини ҳам сотиб юборади.

Орадан бир кун ўтиб, Зебузар Меҳрининг уйига келди.

– Вилоят прокуратурасида танишим бор. Шу киши орқали муаммоингизни ҳал қилиб бераман. Сиз харажатидан қочмасангиз бўлди. Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, тегишли жойларга бориб келиш учун харажат керак-да барибир, – деди.

Уйи бузилмаслиги учун ҳар қандай ишга тайёр турган Меҳри рози бўлиб, у сўраган минг долларни берди.  Орадан уч кун ўтиб, Зебузар яна кириб келди.

– Бузиш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини Олий судга ариза ёзиб, бекор қилдириб бераман, – деди ва яна 300 доллар олиб кетди.

Меҳри умид билан натижани кута бошлади. Аммо жавоб бўлмади. Тоқати тоқ бўлган аёл вилоят прокуратурасига келди. Зебузарнинг танишини қидирди. Аммо прокуратурада бундай ходим йўқлигини билгач, шашти тушиб кетди. Зебузар уни чув тушириб кетганини англади, бир муаммоси иккита бўлгани қолди. Кейин тегишли жойга арз қилди. Қонун ҳимоячилари Зебузарни тез топишди.

Суд ҳукми билан Зебузарга тегишли жазо тайинланди.

 

Шуҳрат ХОЛМИРЗАЕВ,

Ургут туман прокурори

(“Ҳуқуқ” газетасидан олинди).

2018-10-08 17:02:32  |  2003 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация