СУДНИНГ ЎЗИ ҚОНУННИ БУЗСА...



 
  Расм манбаси : 

Наманган вилоят суди ЖПК нормаларини менсимагани етмаганидек, адвокатлик сирига дахл қилишга урингани ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 11-моддаси “қонунийлик” деб номланиб, унда судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, ҳимоячи, шунингдек, жиноят ишини юритишда иштирок этувчи барча шахслар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ЖПК ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларига аниқ риоя этишлари ва уларнинг талабини бажаришлари шарт, дея белгиланган. Қонунларни аниқ бажаришдан ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, қандай сабабларга кўра юз берганидан қатъий назар, жиноят процессида қонунни бузиш ҳисобланади ва белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

2014 йил 11 апрелда Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди Жалолов Зокиржон Шокиржоновични Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбли деб топиб, ЖКнинг 57-моддасини қўллаган ҳолда 3 (уч) йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш ҳақида ҳукм чиқарган эди.

2022 йил 28 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг кассация инстанцияси З.Жалоловни жиноий ҳодиса юз бермаганлиги муносабати билан ЎзР ЖКнинг 210-моддаси 3-қисми “б” банди бўйича айбсиз деб топиб, ЖКнинг 83-моддаси 1-2 бандларига асосан, юритилган жиноят ишини тугатган ва уни реабилитация қилган.        

Судланган З.Жалолов Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг ҳукми билан асоссиз равишда 2014 йил 11 апрелдан – 2016 йил 11 январгача қамоқда сақланган, яъни унинг 1 йилу 9 ой умри қамоқда ўтган. Бундан ташқари, ўтган 8 йил мобайнида иш ҳақи ва меҳнатдан топиладиган бошқа даромадларидан маҳрум бўлган. Қамоқда ўтирган вақтида кўп жабр кўргани, маънан ва руҳан эзилгани табиий. Зеро, йўқ айби учун умрининг энг гаштли даврини тўрт девор орасида тутқунликда кечириш инсонга қанчалик руҳий изтироб етказиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Ва бу орада фарзандлари тарбияси билан шуғуллана олмаган, ота-онаси ва турмуш ўртоғи, қариндошлари уни деб жазони ижро этиш муассасаларида сарсон бўлганлар.

З.Жалолов оқланганидан сўнг ўзининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун Наманган вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига мулкий зиённи ундириш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилади. 2023 йил 27 февраль куни суд унинг аризасини кўриб чиқиб, даъвосини қисман қаноатлантиради. Аниқроғи, З.Жалолов фойдасига давлат бюджети ҳисобидан 52.963,86 сўм ва адвокатнинг юридик ёрдами учун 24.000.000 сўм ундириш ҳақида ажрим чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 991-моддасига кўра, қонунга хилоф тарзда ҳукм этиш, қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф қўлланиш, қамоқ тариқасидаги маъмурий жазони қонунга хилоф тарзда бериш натижасида фуқарога етказилган зарар терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари айбидан қатъи назар, қонунда белгиланган тартибда давлат томонидан тўла ҳажмда тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 302-моддасига асосан, реабилитация этилган шахс қонунга хилоф равишда ушлаб турилгани, эҳтиёт чораси сифатида қонунга хилоф равишда қамоқда сақлангани, ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилингани туфайли вазифасидан қонунга хилоф равишда четлаштирилгани ёхуд тиббий муассасага қонунга хилоф равишда жойлаштирилгани натижасида унга етказилган мулкий зарарни ундириш ҳамда маънавий зиён оқибатлари бартараф этилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу кодекснинг 304-моддасида эса реабилитация этилган шахсга Кодекснинг 302 ва 303-моддаларида кўрсатилган қонунга хилоф ҳаракатлар билан етказилган мулкий зиён тўла ҳажмда қопланиши назарда тутилган. Яъни, қуйидагилар қопланиши лозим бўлади:

1) реабилитация этилган шахс ўзига нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида маҳрум бўлган иш ҳақи ва меҳнатдан топиладиган бошқа даромадлар;

2) пенсия ва нафақалар, башарти уларни тўлаш тўхтатиб қўйилган бўлса;

3) пуллар, пул жамғармалари ва уларга тўланадиган фоизлар, давлат заёми облигациялари ва уларга чиққан ютуқлар, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар, шунингдек суднинг ҳукми, ажримига (қарорига) асосан мусодара қилинган ёхуд давлат фойдасига ўтказилган ашёлар ёхуд бошқа мол-мулкнинг қиймати;

4) суриштирув, дастлабки тергов органлари ёки суд томонидан олинган ва йўқотилган мол-мулк қиймати;

5) суд ҳукмини ижро қилиш чоғида ундирилган жарималар ва суд чиқимлари;

6) юридик ёрдам кўрсатилиши учун шахс томонидан адвокатлар бюросига, ҳайъатига ёки фирмасига тўланган пул, шунингдек унга нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида қилинган бошқа харажатлар.

305-моддасига биноан, ЖПК 304-моддасининг 1, 3, 4, 5 ва 6-бандларида кўрсатилган зиён молия органлари томонидан, 2-бандида кўрсатилган зиён Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан давлат бюджети ҳисобидан қопланиши керак. Даъвогар З.Жалолов 2014 йил 11 апрелдан 2016 йил 11 январга қадар суд ҳукми билан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб, иш ҳақи ва меҳнатдан топиладиган даромадларидан маҳрум бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1013-моддасига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иш ҳақининг энг кам миқдори оширилганда бой берилган иш ҳақи (даромад), жабрланувчининг соғлиғига путур етказилиши ва унинг вафоти муносабати билан белгиланган бошқа тўловларни қоплаш суммалари қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорининг оширилишига мутаносиб равишда кўпайтирилади.

Судлов ҳайъати Фуқаролик кодексининг 5-моддасига асосан қонун ҳужжатини ўхшашлик бўйича қўллаб, даъвогарнинг иш ҳақи энг кам иш ҳақининг ошишига мутаносиб равишда ошиб борганлигини инобатга олган ҳолда бой берилган иш ҳақи миқдорини унинг ишлаб келган лавозими ва унвонидаги ходимнинг ўртача иш ҳақидан келиб чиқиб белгилаши лозим эди.

Наманган вилоят Давлат солиқ бошқармасининг 2023 йил 25 январдаги 12-07139-сонли маълумотномасида Чуст тумани давлат солиқ инспекциясидаги тезкор ходимнинг ўртача иш ҳақи 5 153 771 сўмни ташкил қилиши кўрсатилган. Суд, даъвогар З.Жалоловнинг қонунга хилоф равишда суд томонидан ҳукм қилиниб, жазо муддатини ўтаган 2014 йил 11 апрелдан 2016 йил 11 январгача бўлган даврдаги бой берилган иш ҳақи 103 075.420 сўмни (20 ой х 5.153.771 сўм = 103 075.420 сўм) ташкил этишини инобатга олган ҳолда Наманган вилояти Молия бош бошқармаси орқали давлат бюджети ҳисобидан ушбу зарарни ундириши лозим бўларди.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 304-моддаси 6-бандида юридик ёрдам кўрсатилгани учун шахс томонидан адвокатга тўланган пул, шунингдек унга нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида қилинган бошқа харажатлар тўла ҳажмда қопланиши кўрсатилган бўлса-да, суд мен томонимдан кўрсатилган юридик ёрдам учун тўланган 100 миллион сўмнинг фақатгина 24 миллион сўмини тан олди, холос. Камина фақат апелляция инстанциясида эмас, балки З.Жалолов оқланганидан кейин мулкий зиён ва маънавий зарарни ундириш, шунингдек, ишга тиклаш бўйича фуқаролик ишларида ҳам гонорар эвазига қатнашган бўлсам-да, суд менга тўланган гонорар гўёки ҳуқуқий ёрдам ҳажмига номутаносиб деб ҳисоблади. Адвокатга шартнома асосида тўланган пулнинг иш ҳажмига мутаносиб ёки номутаносиблигини баҳолаш мезонлари қайси қонун ҳужжатларида кўрсатилган?

Апелляция инстанциясида суд жараёни 1 ой давом этганди, шунингдек, 3 та фуқаролик ишида қатнашдим. Суд қайси меъёрий ҳужжатларга таяниб менинг бу ишлар бўйича кўрсатган юридик ёрдамимни 24 миллион сўмга баҳолаган? Шу ишни кўрган судья ойига 35 миллион сўмдан ортиқ маош оларкан, биз унинг маошини муҳокама қилмадик-ку?

Юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида фуқаро билан тузилган шартнома “Адвокатура тўғрисида”ги қонун талабларига асосан адвокатлик сири ҳисобланади. Суд буни билатуриб З.Жалолов билан менинг ўртамда тузилган шартноманинг қонунийлигини текшириш мақсадида малака комиссиясига хат юборганини, яъни ўзи қонун талабларини қўпол равишда бузганини қандай изоҳлаш мумкин?

Ҳарқалай, суд ҳурмат қилмаган қонунни Палатанинг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси хузуридаги малака комиссияси ҳурмат қилди: унга жавоб тариқасида адвокат билан ишонч билдирувчи ўртасидаги тузилган шартнома сир сақланиши, ишонч билдирувчи шахс шартномавий муносабат бўйича шикоят қилмаса унинг шартлари ошкор этилмаслиги, шунингдек, адвокатнинг гонорари ишонч билдирувчи шахс билан адвокат ўртасида мустақил белгиланиши ҳақида маълумотнома юборилди.

Биз Наманган вилоят суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 27 февралдаги ажримидан норози бўлиб, хусусий тартибда шикоят келтирдик.

Шикоятни Наманган вилоят суди Жиноят ишлари бўйича апелляция судлов ҳайъатида кўриш белгиланди. Биз бундан норози бўлиб, Наманган вилояти Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига раддия бердик. Раддиямиз асосли ва қонуний эди. Чунки Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 4973-моддаси 3-бандида вилоят судининг ҳукми устидан – Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят берилиши кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 49734-моддасининг 3-қисмида эса суднинг ажрими устидан берилган хусусий шикоят, протест апелляция инстанцияси судида иш юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриб чиқилиши белгиланган. Яъни, ушбу ҳолатда келтирилган хусусий шикоят Ўзбекистон Республикаси Олий судига юборилиши лозим бўлса-да, Наманган вилоят суди раддиямизни қаноатлантирмасдан, ЖПКнинг 11-моддаси талабларини қўпол равишда бузиб, шикоятимизни вилоят судининг ўзида кўрди. Судьяларга бундан нима манфаат дерсиз. ЖПКнинг 49734-моддаси 5-қисмида хусусий шикоят бўйича апелляция инстанциясининг хусусий шикоят бўйича чиқарган ажрими узил-кесилдир, дея қайд этилган – мана шу норма фуқароларнинг юқори инстанцияларга мурожаат қилиш ҳуқуқини чеклайди.

 Вилоят суди раиси Алишер Усманов 2023 йил 18 февраль куни Наманган вилояти адвокатлари билан учрашувда айнан шу иш бўйича ўз фикрини билдирар экан, мени гўёки оқлов ҳукми чиқарилишини олдиндан билган ҳолда З.Жалолов билан тил бириктириб, у кўрган зарар миқдорини кўпайтириб кўрсатиш учун шартномани ўзгартирганга чиқарди. Адвокатга гонорар атай кўп тўланган, деди. Биринчи инстанция ҳам, апелляция инстанцияси ҳам ўз ажримида худди шу жумлани қўллаган.

Раддияни электрон тарзда 3 марта Олий судга ва телеграмм-бот жўнатдик, бироқ Олий суд “ҳужжат сифатсиз сканер қилинган” деган баҳона билан раддиямизни кўрмади. Аслида кўзойнаксиз ҳам бемалол ўқиса бўладиган қилиб жўнатилган эди.

2023 йил 17 апрель куни Наманган вилоят судининг апелляция инстанцияси ўз ажримида 2022 йил 16 августда тузилган 56-сонли шартномада кўрсатилган суммани тўлаш муддати аниқ кўрсатилмаган, 76 миллион сўм гонорар реабилитациядан икки кун олдин – 2022 йил 26 декабрда тўланган, бу билан оқлов ҳукми чиқарилишини олдиндан билган ҳолда зарар кўпайтириб кўрсатилган, деган важни келтирди. Хўш, оқлов бўлишини қаердан, қандай билибмиз? Наҳотки, Наманган вилояти суди Олий суд бизни оқловдан икки кун олдин ажрим мазмуни билан таништирган, деб ўйлаётган бўлса?..

Наманган вилоят суди апелляция инстанцияси судьялари ЖПКнинг 11-моддаси ва 49734-моддаси талабларини қўпол равишда бузди, жиноят процессида аниқ-равшан қилиб қонунбузарлик дея таърифланган бунақа хатти-ҳаракатлар белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши лозим.

Феруза ЖАЛИЛОВА,

“Анушервон Одил” адвокатлик бюроси адвокати

2023-07-10 07:57:59  |  1714 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

3 изоҳлар

Декабрь 31, 2023  13:23

1.Muzaffar

Asalomu alykum men Turkmeniston fuhorosiman Uzbekiston fuhorosi boles ucen nima kiles kirak hozir men Turkeyadaman

Июль 14, 2023  01:57

2.Anvar Valiev

Menimcha bu masalaga jiddiy qarash zarur buladi. Tor doiradagi muhokamalardan samara yuq. Advokatlar Palatasi tomonidan ham bu masalaga e'tibor berishlarini va tegishli darajada muhokamaga olib chiqishlarini sôrab qolgan bòlardim. Zero, bu kabi qonunbuzilish holatlari takroriylik tusini olmasin!

Бу жуда мулҳиш хато. Судяни ва суд раҳбарларини чегарадан чиқиб, қонунни қўпол менсимаслик бу деб ҳисоблайман. Бундай шикоятлар Республика Олий суди раиси орқали Олий суд раёсати ёки Пленум йиғилишида намунавий кўрилиши керак. Суд томонидан адвокат ганорарини тахминий ошэриш фикрини айтган судялар устидан Судялар олий кенгаши малака комиссиясига хусусий шикоят берилиши ва бунди кўриб чиқишда Адвокатлар палатаси вакиллири иштирок этишлари шарт. Ҳали Ўзбекистон суд амалиётида бунақаси бўлмаган. Афсус... Наманганда мана шундай суд тизими...(!)



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация