Ҳибсхоналарда сақланаётган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиб-қоидалари белгиланди



 
  Расм манбаси : protoday.uz

Стационар тиббий ёрдам давлат касалхоналарида кўрсатилади, даволаниш чоғида беморнинг ўз қариндошлари ва адвокати билан учрашиб туриши таъминланиши шарт

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ҳамда ички ишлар вазирининг 2019 йил 2 мартдаги 3141-сон қарори билан Ички ишлар органларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ҳамда маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул килиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарда сақланаётган шахсларга давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Низомга кўра, Ички ишлар органларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ҳамда маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул килиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар (кейинги ўринларда – махсус муассасалар)да сақланаётган шахсларга стационар ёрдам давлат тиббиёт муассасаларида кўрсатилади.

Бунда маҳбуслар махсус муассаса тиббиёт ходимининг “шошилинч ёки кечиктириб бўлмайдиган ёрдам зарур” мазмунли хулосасига кўра стационар даволаш муасасасига етказилади.

Давлат стационари шифокори инструментал ва лаборатор текширувлар натижаларига кўра, беморнинг стационар ёки амбулатор шароитда даволанишини белгилайди. Шахс стационар даволаниши лозим деб топилганида эса у муассасанинг махсус палатасига жойлаштирилиши шарт.

Махсус хонани жиҳозлаш қоидалари Низомда келтирилган. Хусусан, хона деразаси ичкаридан темир панжара билан тўсилиши ва бемор учун бирламчи зарур барча жиҳозлар билан таъминланиши лозим.

Маҳбус давлат тиббиёт стационарига ётқизилганида махсус муассаса ходими ўша куннинг ўзидаёқ унинг яқин қариндошларига хабар беради. Шунингдек, беморнинг қариндошлари, ҳимоячиси ёки қонуний вакили билан учрашиб туришини таъминлайди.

Низом Қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган ва 2019 йил 4 мартдан бошлаб кучга кирди.

2019-03-05 21:16:32  |  2013 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация