Янги Фуқаролик кодексида мулк ҳуқуқини ҳимоялаш механизмлари такомиллаштирилади



 
  Расм манбаси : legalquest.ru

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишни имзолади.

Ҳужжат билан маъқулланган Концепцияга кўра, фуқаролик қонунчилиги унификация қилинади ва тизимлаштириш мақсадида инвентаризациядан ўтказилади, шунингдек халқаро стандартлар талабларига ва энг яхши хорижий амалиётларга мувофиқлаштирилади.

Фуқаролик кодекси ва бошқа фуқаролик қонун ҳужжатларидаги атама ва тушунчаларнинг ҳуқуқий маънолари уларни аниқ таърифлаш ва бир хилда қўллаш орқали такомиллаштирилади.

Турлича шарҳланадиган ёки амалиётда қўлланилиши масаласида тушунтиришларни талаб қиладиган нормалар чиқариб ташланади ёки такомиллаштирилади.

Фуқаролик кодекси ва бошқа фуқаролик қонун ҳужжатларининг тўғридан-тўғри амал қилиши учун улардаги ҳаволаки нормалар қисқартирилади.

Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишга тўсқинлик қилувчи фуқаролик қонунчилигидаги ҳуқуқий бўшлиқлар ва коллизиялар бартараф этилади.

Жамият ва халқаро стандартларнинг ахлоқий принцип ва маънавий меъёрлари (“ҳалоллик”, “адолат”, “оқиллик” ва бошқа принциплар)ни инобатга олган ҳолда фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг амалдаги принциплари такомиллаштирилади ва янгилари жорий қилинади.

Фуқаролик кодексига фуқаролик қонунчилигининг муҳим тушунча ва институтларини белгилаш борасидаги асосий ҳужжат мақомини бериш мақсадида мавжуд тушунча (атама)лар қайта кўриб чиқилади ва янгилари киритилади.

Фуқаролик ҳуқуқи ва фуқаролик мажбуриятларини виждонан ва муносиб амалга оширишни таъминлашга қаратилган чора ва воситалар такомиллаштирилади.

Маънавий, моддий зарар ва зиёнларни ҳисоблаш тартибини жорий этиш йўли билан фуқаролик қонунчилигининг компенсаторлик функцияси кучайтирилади.

Юридик шахсларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари оптималлаштирилади, бир-бирига ўхшаш, шунингдек бозор муносабатларида оммалашмаган ташкилий-ҳуқуқий шакллари тугатилади.

Ишончноманинг мажбурий ёзма шакли ва унинг амал қилиш муддатини чеклаш ва бошқаларни қайта кўриб чиққан ҳолда халқаро стандартларга мувофиқлаштириш орқали вакиллик институти такомиллаштирилади.

Мулкдор ҳуқуқларини кенгайтириш йўли билан ашёвий ҳуқуқлар институти кучайтирилади.

Мажбурият ҳуқуқи такомиллаштирилади, жумладан мажбуриятларнинг вужудга келиш асосларининг тўлиқ рўйхати аниқланади ва мажбуриятдаги шахсларнинг ўзгариши масалаларини тартибга солувчи нормалар модернизация қилинади.

Фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик институти такомиллаштирилади, жумладан, зарарни қоплашнинг адолатли тартиби таъминланади.

Суғурта, жумладан ўзаро суғурталаш (мулкни ва бошқа мулкий манфаатларни ўзаролик асосида суғурта қилиш) институтининг ривожланиши учун ихтиёрий бадаллар инвестициясидан доимий даромад олишни назарда тутувчи шарт-шароитлар яратилади.

Эр-хотиннинг биргаликдаги васиятномаси ва мерос шартномасига оид қоидалар киритилади, мерос қолдирувчи ва меросхўр кредиторларининг ҳимояси кучайтирилади, меросни қабул қилиб олиш муддатларини белгилаш йўли билан мерос ҳуқуқи такомиллаштирилади.

Халқаро хусусий ҳуқуқ нормалари қайта кўриб чиқилади, шу жумладан турли мамлакатлар ҳуқуқларини муқобил қўллаш принципи мустаҳкамланади, мажбурият мазмунини тартибга солувчи ҳуқуққа ҳавола сифатида қўшимча муқобил коллизион боғланиш қўлланилади, коллизион тартибга солишни назарда тутган шартномадан ташқари мажбуриятлар доирасини аниқлаш имконияти кўриб чиқилади.

Мулк шаклларини белгилаш тартиби қайта кўриб чиқилади, ерга бўлган хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш механизмлари жорий этилади, шунингдек инсофли эгалловчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тартибини такомиллаштириш йўли билан хусусий мулк ҳимоясининг самарадорлиги оширилади.

2019-04-07 20:09:11  |  2372 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация