“Рашид Қодиров иши”: судланувчилар рўйхатида кимлар бор?
Собиқ Бош прокурор билан бирга 10 кишининг исмлари келтирилди. Жами судланувчилар сони 13 кишини ташкил қилади
Бир оз олдин Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашид Қодировга оид жиноят иши доирасида 13 киши судланаётганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Олий суд ва Бош прокуратура ушбу жиноят иши доирасида судланаётганлар рўйхатини жараён ёпиқ ўтаётгани боис ошкор қилмаган.
Бироқ бугун “Озодлик” радиоси суд қора курсисига ўтқизилган Рашид Қодиров билан бирга 10 кишининг исм-фамилиясини очиқлади. Айтилишича, ушбу рўйхат “Озодлик”ка Ўзбекистоннинг Адлия тизими мулозими томонидан тақдим этилган. Унда турли йилларда прокуратура ва бошқа кучишлатар тизимларда муҳим лавозимларда ишлаган қуйидаги шахслар бор:
Рашид Қодиров. Ўзбекистон Бош прокуратурасини 2015 йилга қадар 15 йил бошқарган;
Жамшид Файзиев. 2013 йилга қадар Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи¸ 2013 йилдан президентнинг кучишлатар тизимлари бўйича давлат маслаҳатчиси¸ 2018 йил январига қадар Тошкент вилояти прокурори бўлиб ишлаган;
Улуғбек Суннатов. 2013 йилдан Бош прокурор ўринбосари бўлиб ишлаган;
Рамазон Пўлатов. Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси собиқ бошлиғи;
Улуғбек Хуррамов. Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари;
Мирағлам Мирзаев. Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ 1-ўринбосари;
Муҳаббат Ҳасанова. Мирағлам Мирзаевнинг хотини¸ “Юнусобод адвокатлар коллегияси”си собиқ раҳбари;
Абдурашид Мирзаев. М.Мирзаевнинг ўғли¸ МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи;
Мансур Мирзаев. Мирағлам Мирзаевнинг жияни¸ МХХ Тошкент вилояти бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи;
Азиз Мусашайхов. Тошкент шаҳар прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими собиқ раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, судланувчилар фирибгарлик, пора олиш, пора бериш, айбсиз инсонни жавобгарликка тортиш, тергов ва суд ишларига аралашиш ва бошқа жиноятларда айбланмоқда.
Маълумотларга кўра, суд жараёни жорий йилнинг 7 январида бошланган.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш