«Жиззахдонмаҳсулотлари» АЖ нинг ўғри ходимларига суд ҳукми ўқилди



 
  Расм манбаси : Казинформ

Шу йилнинг май ойи охирларида «Жиззахдонмаҳсулотлари» акциядорлик жамиятида дон ўғрилари ушланган эди. Воқеа жойида, жиноят устида қўлга олингани боис ўғриларнинг шахсини аниқлаш хамирдан қил суғургандек осон кечди — ҳаммаси шу корхонада турли вазифаларда ишлаб, рўзғор тебратиб келаётган одамлар экан...

Шароф Рашидов туманида яшовчи, «Жиззахдонмаҳсулотлари» АЖ да ишловчи бешовлон — А.Ҳ., У.П., Ж.Қ., С.С. ва О.С.лар олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, 2018 йил 29 майдан 30 майга ўтар кечаси соат 24 ларда ўғриликка тушишади. Воқеа жойи ва нишон: Жиззах шаҳридаги Бунёдкор маҳалласида жойлашган «Жиззахдонмаҳсулотлари» АЖ; жиноий гуруҳ корхонанинг тепловоз машинисти С.С. ёрдамида вагонни яширин равишда олиб чиқиб, «Ғалла-Алтег» АЖга жўнатилиши керак 8 миллион 197 минг 200 сўмлик 12,42 тонна буғдойни ўғирлаб олиб кетишмоқчи бўлган. Аммо улар бунга улгуришмади — Жиззах вилоят ИИБ ҚБ ходимлари дон ўғриларини воқеа жойида қўлга олди.

А.Ҳ., У.П., Ж.Қ., С.С. ва О.С. ларга Ўзбекистон Республикаси ЖК 25,169-моддаси 2-қисмининг «в» бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганликлари бўйича жиноят иши қўзғатилди. Суд мажлисида судланувчилар айбларига тўлиқ иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлигини, бундай қилмишни такрорламаслигини, етказилган зарар қопланганлиги ҳақида кўрсатув бериб, енгиллик беришни сўрадилар.

Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди 2018 йил 13 августда ҳукм чиқарди. А.Ҳ., У.П., Ж.Қ., С.С. ва О.С. лар Ўзбекистон Республикаси ЖК 25,169-моддаси 2-қисмининг «в» банди билан жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди, бироқ уларнинг ҳаракатларида жазони оғирлашувчи ҳолатлар йўқлиги инобатга олинди, шахсининг ижобий тавсифланганлигини, етказилган зарар қопланганлиги, айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлиги жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб ҳисобга олиниб, ЖК 25,169-моддаси 2-қисмининг «в» банди санкциясида назарда тутилган ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланди.

Ш.Бобомуродов,

Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг судья ёрдамчиси

("Xabar.uz")

2018-10-16 15:40:42  |  2248 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация