“УЧ АДВОКАТ АЁЛ ИШИ” СУДДА КЎРИЛМОҚДА: НИМАЛАР МАЪЛУМ?



 
  Расм манбаси : Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди

(Адвокат Сергей Майоров “Суд-ҳуқуқ тизимимиз тарихидаги шармандали саҳифа” деб атаган воқеанинг баъзи тафсилотлари)

Жиноят кодексининг бир қанча моддалари билан айбланиб, тўққиз ойдан зиёд вақтдан бери ҳибсда сақланаётган уч аёл адвокат тақдири бу воқеа овоза бўлганидан буён бутун адвокатлар ҳамжамиятини ташвишга солмоқда, йиғилиш ва учрашувларда ўқувчилардан шу тўғрида кўплаб саволлар бўляпти. Шу боис таҳририят мавзуни ёритишга қарор қилди. Ҳозирда тергов босқичи тугаб, иш судда кўрилмоқда. Шуни ҳисобга олиб, жиноят ишининг ҳолатини айблов хулосасида қайд этилган маълумотлар ва ҳимоячиларнинг профессионал фикрларидан иқтибослар келтириш шаклида баён қилишни маъқул топдик.   

“Advokat elit” адвокатлик бюроси адвокати Имамова Барчиной Бахтиёровна, “Gasanova and Partners” адвокатлик фирмаси адвокати Акилова Нозима Ходжиакбаровна ва “Farg’ona Adolat Timsoli” адвокатлик бюроси адвокати Қурбонова Ферузахон Аширалиевна Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 232-моддаси 1-қисми, 228-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари, 228-моддаси 3-қисми, 167-моддаси 3-қисми “а, в” бандлари, 227-моддаси 2-қисми “а” банди, 228-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари, 228-моддаси 3-қисми, 237-моддаси 2-қисми “а, б, в, г” бандлари, 238-моддаси 3-қисми “а, б” бандлари, 139-моддаси 3-қисми “а, г” бандлари билан айбланмоқда.

270002/2022-122pk-сонли мазкур жиноят иши 2022 йил 2 июнда Тошкент вилояти прокурори томонидан қўзғатилган. 2022 йил 6 июнда адвокатлар ушланган, шу куни ЖИБ Яккасарой туман суди Б.Имамовага нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўллашни рад этиб, суд залидан озод этган. Шундан сўнг тўғри терговга олиб кетилган ва қайтадан ушланган, 48 соатдан кейин суддан санкция олинган. Адвокатлар ҳозирда ИИБ 1-сонли тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.

Жиноят иши терговини Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти олиб борган.

Б.Имамова, Н.Акилова ҳамда Ф.Қурбонова дастлабки терговда эълон қилинган айбловга умуман иқрор бўлишмаган ва кўрсатув беришдан бош тортишган.

270002/2022-122pk-сонли жиноят иши 1-1009-2205/917-сон билан 2023 йил 5 январдан бошлаб Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида кўрилмоқда.

Жиноят иши доирасида Б.Имамова, Н.Акилова ҳамда Ф.Қурбоновадан ташқари 12 киши суд қилинмоқда.

Судда Барчиной Имамовани – “STATUTORY FORCE” aдвокатлик бюроси адвокати Аброржон Набиев ва “Simay Kom” адвокатлик фирмаси адвокати Сергей Майоров;

Нозима Акиловани – “Gasanova and Partners” адвокатлик фирмаси адвокати Темур Раҳматов;

Ферузахон Қурбоновани – “Адолат синмасин” адвокатлар ҳайъати адвокати Муҳайёхон Исроилова ҳимоя қилишмоқда.

Шунингдек, суд жараёнида адвокатлар – Умид Бўтабоев, Салоҳиддин Розиқов, Адҳам Мирзалиев, Аслиддин Муҳаммадиев, Муҳиддин Раҳимов ва бошқалар жамоат ҳимоячилари сифатида иштирок этишмоқда.

Суд 2023 йил 27 февралдаги мажлисида ҳимоячиларнинг эҳтиёт чорасини қамоқ билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёт чорасига ўзгартириш тўғрисидаги илтимосномаларини рад этди.

***

Б.Имамова, Н.Акилова ҳамда Ф.Қурбонова ўзлари ҳуқуқларини ҳимоя қилган Россия фуқароси И.Гафурджанов ва бошқаларга қарши қўзғатилган жиноят иши доирасида терговга тортилган. Жиноят ишига айбланувчи сифатида тортилишидан олдинроқ – 2021 йил июнда улар терговчи томонидан ҳимоядан четлатилган (адвокат Сергей Майоров бу четлатиш процессуал қонунчиликка зид равишда амалга оширилганини айтади – Таҳр.).

Муҳим маълумот: Уч адвокат аёл судланувчи сифатида қатнашаётган жиноят иши 2021 йил ноябрь ойида И.Гафурджанов ва бошқаларнинг жиноят ишидан ажратиб олинган. Жами 11 киши айбланган нариги жиноят иши эса Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида кўрилиб, суднинг 2022 йил 5 октябрдаги ҳукми билан 11 КИШИНИНГ БАРЧАСИ АЙБЛОВНИНГ БАРЧА ЭПИЗОДЛАРИ БЎЙИЧА ТЎЛИҚ ОҚЛАНГАН.

Ҳукм устидан ЖИБ Тошкент шаҳар суди апелляция судлов ҳайъатига прокурор  апелляция протести  ва жабрланувчилар апелляция  шикояти киритишган. Апелляция  суди 2023 йил 13 январдаги ажрими билан  биринчи инстанция судининг ҳукмини ЎЗ КУЧИДА ҚОЛДИРГАН.

Янада муҳим маълумот: Б.Имамова, Н.Акилова ҳамда Ф.Қурбоноваларга оид жиноят иши эпизодларининг аксарияти ЖИБ Олмазор туман суди ҳукмига кўра оқланган 11 кишига доир жиноят иши эпизодлари билан АЙНАН БИР ХИЛ. Фақатгина адвокатларга нисбатан бўлган жиноят иши доирасида судланувчиларга қўшимча эпизодлар бўйича айб эълон қилинган.

Хўш, қўшимча эпизодлар қаердан пайдо бўлди?

“Madaminov Law Group” адвокатлик бюроси адвокати Муҳсинжон Мадаминов фикрича, 2022 йилнинг апрель-май ойларидаёқ ЖИБ Олмазор туман судида кўрилаётган тергов органи томонидан бичиб-тўқилгани маълум бўлиб қолган, айбловга асос бўлган далилларнинг номақбуллиги яққол кўзга ташланган, октябрь ойида эса оқлов ҳукми чиқарилган. “Шу сабабли, Б.Имамова, Н.Акилова ва Ф.Қурбоноваларнинг ҳибсда сақланишини қандай йўл билан бўлмасин асослантириш ва унга қонуний тус бериш мақсадида тергов органи уларга муқаддам мавжуд бўлмаган қўшимча эпизодларни айб сифатида эълон қилган”, дея мулоҳаза қилади адвокат.

Суд ҳокимиятини беҳурмат қилувчи айблов хулосаси

694 саҳифадан иборат айблов хулосасида адвокатлар, хусусан, Ф.Қурбонова ҳамда Б.Имамова мазкур жиноят иши қўзғатилишидан бир неча йил олдин жавобгар томон вакили сифатида қатнашиб, якунда жавобгар фойдасига қарор чиқарилишига эришган бир қанча мулкий низолар ҳам санаб ўтилиб, мазкур ишлар бўйича суд қарорлари ўз кучида эканига ва улар устидан бирон-бир тартибда шикоят келтирилмаганига қарамай, бу икки адвокатнинг юридик ёрдам кўрсатиш доирасида амалга оширган процессуал хатти-ҳаракатлари жиноят ўлароқ талқин қилинган.

Бир ўринда тергов органи ушбу жиноят ишига гўёки Олий суд ва Адвокатлар палатаси ҳам бош қўшгандек тасаввур уйғотишга уринган. Айблов хулосасининг 508-саҳифасида шундай жумла бор:

“Ф.Қурбонова (...) ўзининг Олий суд, Адвокатлик палатасида ишловчи таниш мансабдор шахсларнинг кўмагида “MEGATEK AUTO” МЧЖ ҚК, “GRAND RAVON OIL” МЧЖ ҚКнинг манфаатларини ҳимоя қилаётган “ADVOKAT ELIT” адвокатлик бюроси адвокати Б.Имамова билан бирга ҳамкорликда ишлаш бўйича келишув ўрнатиб, “Адвокатура тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасида кўрсатилган талабига зид равишда...”.

Айблов хулосасида суд органларини дискридитация қилувчи бошқа бандлар ҳам бор. Масалан, хулосанинг 20-саҳифасида:

“... “FARGONA ADOLAT TIMSOLI” адвокатлик бюроси адвокати Ф.А.Қурбонова ва “ADVOKAT ELIT” адвокатлик бюроси адвокати Б.Б.Имамовалар (...) даъвогар А.Н.Гафуржанованинг улуш олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантиришдан рад қилиш тўғрисидаги суднинг 02.10.2020 йилдаги ҳал қилув қарорини олишга эришганлар;

28-бетда: “... “FARGONA ADOLAT TIMSOLI” адвокатлик бюроси адвокати Ф.Қурбонова “MEGATEK AUTO” МЧЖ ҚК, “GRAND RAVON OIL” МЧЖ ҚКнинг манфаатларини ҳимоя қилаётган “ADVOKAT ELIT” адвокатлик бюроси адвокати Б.Имамова билан бирга ҳамкорликда (...) биринчи инстанция томонидан қўйилган банд солиш тўғрисидаги қарорларни фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг 17.09.2020 йилдаги ва 09.12.2020 йилдаги ажримлари асосида бекор қилинишига эришганлар;

36-бетда эса: “... “GRAND RAVON OIL” МЧЖ ҚКнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ниқобида иштирок этаётган “FARGONA ADOLAT TIMSOLI” адвокатлик бюроси адвокати Ф.А.Қурбонова, “ADVOKAT ELIT” адвокатлик бюроси адвокати Б.Б.Имамова, “GASANOVA AND PARTNERS” адвокатлик фирмаси адвокати Н.Х.Акиловалар (...) биринчи инстанция томонидан қўйилган банд солиш тўғрисидаги қарор бекор қилинишига эришганлар ва уюшган гуруҳ раҳбари И.Гафуржановнинг топшириғи асосида гуруҳ аъзоларига мулкни талон-торож қилиш жараёнида қандай турдаги ҳужжатлар тузилиши кераклиги ҳақида раҳбарий маслаҳатларини берганлар”, дейилади.

Юқорида санаб ўтилган суд қарорларининг барчаси ҲАМОН ЎЗ КУЧИДА ва уларга нисбатан шикоят киритилмаган. Шунга кўра, адвокатлар қайсидир маънода ўз мижозларининг ҳуқуқ ва манфаатларини судда муваффақиятли ҳимоя қилгани айбдор бўлиб қолаётгандек таассурот уйғонади.

Бундан ташқари, адвокат Муҳсин Мадаминов айтишича, уч аёл ёки бошқа судланувчиларга эълон қилинган айбловга дахлдор бўлмаса ҳам, 270002/2022-122pk-сонли жиноят иши ҳужжатларига адвокат Б.Имамовага тегишли адвокатлик лицензиясининг асли, адвокат Н.Акилованинг иш юритувида бўлган барча адвокатлик досьеларининг асли олиб қўйилиб, қўшилган. Ваҳоланки, адвокатлик лицензияси ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжат сифатида адвокатнинг касбга нисбатан ҳуқуқини билдириб, айбловнинг биронта эпизоди бўйича далил ҳисоблана олмайди. Қолаверса, адвокат Н.Акиловадан олиб қўйилган адвокатлик досьеларида унга мурожаат қилган ва мазкур 270002/2022-122pk-сонли жиноят иши доирасида умуман жалб қилинмаган ишонч билдирувчиларга доир маълумотлар бор. Тергов органининг бу каби ҳаракатлари билан адвокатлик сирини поймол қилиш ҳисобланади. Адвокатнинг касбий фаолиятига дахлдор, бироқ айнан мазкур жиноят иши учун аҳамиятсиз ҳужжатларни олиб қўйган тергов органини холис деб бўладими?..

Адвокатлар палатаси ва ҳамкасблар реакцияси

Адвокатлар палатаси қамоққа олинган уч адвокат ҳимояси учун ваколатли идораларга мурожаатлар билан чиққан. Хусусан, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев номига юборилган хатда адвокатлар ўз ҳимоялари остидаги шахсларга “юридик ёрдам кўрсатишда ифодаланган касбий фаолияти доирасидаги хатти-ҳаракатлари тергов органлари томонидан жиноят сифатида талқин қилинаётгани”ни таъкидлаб, уларнинг ҳибс қилиниши адвокатлар ҳамжамиятида хавотир туғдирганини билдирган.

Мурожаатлардан самара бўлмагач, Палата раҳбарияти судланувчиларни ҳимоя қилишда ордерли адвокатлардан ташқари, тажрибали ҳамкасблардан ташкил топган жамоат ҳимоячилари ҳам иштирок этишини таъминлади.

Адвокат Сергей Майоров уч аёлнинг улар адвокат сифатида иштирок этаётган ишдан дастлаб четлатилиб, сўнгра жиноий гуруҳ аъзолари сафига қўшилиши масаласида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига очиқ хат эълон қилди. Майоров унда мазкур воқеани “Ўзбекистон суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими тарихидаги шармандали саҳифа” деб атади.

“Шу тариқа ўжар адвокатларни зарарсизлантиришнинг янги механизми яратилди. Мазкур прецедент келгусида терговчи ва прокурорлар томонидан шунга ўхшаш вазиятларда қўлланади”, дейилади мактубда.

Сергей Майоров, шунингдек, 2022 йилнинг июнь ва август ойларида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарига илтимоснома билан мурожаат қилиб, Ўзбекистонда аёл адвокатларга нисбатан содир қилинган қўпол қонунбузарликка муносабат билдиришини сўраган. У Олий комиссар бошқармаси Ўзбекистонда адвокатлар мустақиллигини таъминлаш ҳақида мамлакатимиз ҳукуматига сўров юборишига умид қилмоқда.

“Madaminov Law Group” адвокатлик бюроси адвокати Муҳсинжон Мадаминов адвокат аёлларни гумонланувчи тариқасида ушлаш, қамоққа олиш ва қамоққа олиш муддатини узайтириш каби процессуал тартиб-таомилларда қонун талаблари бузилганига эътибор қаратади.

“Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига кўра, адвокатни ушлаб туриш Ўзбекистон Республикаси бош прокурори, Тошкент шаҳар прокурори, вилоят прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар санкцияси билан амалга оширилиши мумкин. Бироқ, масалан, адвокат Б.Имомовани гумонланувчи тариқасида жиноят ишига жалб қилиш ва ушлаб туриш тўғрисидаги ЖИБ Яккасарой туман судига тақдим этилган қарорда ва ушлаш ҳақидаги баённомада ваколатли прокурорнинг санкцияси мавжуд эмас, ёки қарор тақдим қилинган 6 июнь санасига прокурор санкцияси олинмаган”, дейди адвокат.

Суд ишида жамоатчи адвокат сифатида қатнашаётган Адвокатлар палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Умид Бўтабоев адвокат аёлларни қамоқда сақлашга ҳеч қандай ҳожат йўқлигини таъкидлар экан, бу ишнинг адвокатура муҳитидаги салбий таъсирига ва соҳада давом этаётган ислоҳотларга доғ тушириши мумкинлигига эътибор қаратади.

“Хусусан, Феруза Қурбонова ўз адвокатлик фаолиятини ҳалол, виждонан, ўта билимдонлик билан тўғри олиб бораётгани сабабли шу ташвишга йўлиқди. Тергов органи у ҳимоя қилаётган шахсларни айблай олмай, уни ишдан четлатиб, ҳимояси остидаги шахсларга жиноий шерик сифатида қўшиб, қамоқ эҳтиёт чорасини қўллади. Энг ёмони ушбу прецедент барча адвокатларга салбий таъсир этиб, уларни тушкун аҳволга солиб қўйди: “Касбимиз тақазосига кўра керак бўлса қасддан одам ўлдирган шахсларни ҳам ҳимоя қиламиз, бундан чиқди, бизни уларнинг жиноятига шерик сифатида жавобгар қилишлари мумкин экан-да”, дея ҳақли эътироз билдиришмоқда. Баъзи ҳамкасбларимиз бу прецедентни “астойдил ишламаслик керак, тергов органининг жиғига тегмаслик керак, акс ҳолда бошингга бало орттирасан”, деган сигнал ўрнида қабул қилишяпти”, дейди куюниб Умид Бўтабоев.

PS: PSS: Журнални саҳифалаш асносида бир хушхабар олдик: ЖИБ Олмазор туман суди ҳукми бўйича апелляция шикоятини кўриб чиққан ЖИБ Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 13 январда жиноят ишини тергов қилган тергов гуруҳининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига баҳо бериш тўғрисида ажрим қабул қилган экан! Бу уч адвокат аёл ишига ҳам таъсир этишига умид бор, чунки бу икки жиноят иши дастлаб битта “дело” бўлган, унда номақбул деб топилган далиллар бу ишда ҳам яроқсизга чиқарилиши керак, мантиқ бўйича! Демак, воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Ойбек МЎМИНОВ,

бош муҳаррир.

2023-03-09 12:52:03  |  3032 |   0  | 

1 изоҳлар

Ноябрь 24, 2023  16:12

1.Гули

Уч аёлни такдири нима булди. Озод булишдими



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация