Янги қонунларда қандай ўзгаришлар кутилмоқда?



 
  Расм манбаси : ЎзА

2018 йил 27-28 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси олдидан Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради ЎзА.

Йиғилиш “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда “Уй-жой коммунал хизматларни кўрсатиш ва аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилинишини таъминлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокамасига бағишланди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 6 сентябрь куни қабул қилинган“Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонун Ўзбекистон фуқароларини ҳам мамлакатимиз корхоналарида, ҳам хорижда ишга жойлаштириш имкониятини ошириш ва кенгайтиришга, давлат хизматлари ва хусусий сектор томонидан бандликка кўмаклашиш механизмларини аниқ тартибга солишга, ишга жойлаштириш хизматларини кўрсатиш тартиби ва шартларини, шу жумладан хусусий бандлик агентликларининг, корхоналарнинг ва иш қидираётган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб беришга қаратилган.

Қонунда “хусусий бандлик агентликлари” тушунчаси очиб берилмоқда, хусусий бандлик агентликлари ходимлари сонига ва уларнинг раҳбарларига талаблар қўйилмоқда.

Бундан ташқари, ушбу ҳужжатда хусусий бандлик агентликлари томонидан шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар турларининг тўлиқ рўйхати келтирилмоқда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш қидираётган шахсларга иш танлаш, иш берувчилар учун кадрлар танлаш, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш, ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш бўйича хусусий бандлик агентликлари томонидан тақдим этиладиган хизмат турларининг мазмун-моҳияти очиб берилмоқда.

Қонунда Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатувчи хусусий бандлик агентликларида лицензия бўлиши зарурлиги назарда тутилмоқда, шунингдек мазкур хизматларни кўрсатувчи хусусий бандлик агентликларининг Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида эллик минг АҚШ доллари миқдоридаги ўз маблағларини захира қилиб қўйиш мажбурияти жорий этилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 30 август куни қабул қилинган ҳамда “Уй-жой коммунал хизматларни кўрсатиш ва аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилинишини таъминлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мақсади тўлов интизомини мустаҳкамлашга, шунингдек, айрим тоифадаги I ва II гуруҳ ногиронларига имтиёзли пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган.

Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимчалар ва ўзгартиш киритилди. Жумладан, тегишли банд билан Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган рўйхат бўйича I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган эркакларга камида 25 йил иш стажи, аёлларга камида 20 йил иш стажи бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқи берилади.

Мамлакатимизда 760 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатга олинган. Мутахассисларнинг фикрларига кўра, ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар пенсия тарқатишда учраётган камчиликлар, нотўғри ҳисоблашларга барҳам беришга хизмат қилади.

Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ, Уй-жой кодексининг 134-моддасига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Хусусан, давлат ва хусусий уй-жой фондларида кўрсатиладиган сув таъминоти ва сувни чиқариб юбориш (канализация) хизматлари учун мажбурий тўловлар олдиндан 100 фоизлик ҳақ тўлаш асосида амалга оширилиши белгиланмоқда. Давлат ва хусусий уй-жой фондларидаги жойларнинг мулкдорларига, ижарага олувчиларига коммунал хизматлар кўрсатиш мажбурий тўловлар 3 ойдан ортиқ тўланмаган тақдирда тўхтатиб турилади, бундан сув таъминоти ва сувни чиқариб юбориш (канализация) хизматлари, шунингдек, электрэнергияси ва табиий газ етказиб бериш мустасно.

Ушбу қонун қарздорликнинг олдини олиш, коммунал соҳа ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ички инфратузилмасини яхшилаш, соҳага янги технологияларни жалб этишга хизмат қилиши айтилди.

2018-09-26 19:37:20  |  2124 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация