Хўрозлар жангини ташкил қилиб, 10 минг сўмдан чипта сотган шахс 3 йилга “шартли” ҳукм этилди



 
  Расм манбаси : fishki.net

Шунчаки хўроз уриштириш – миллий ўйин, аммо ўртага пул тикиш ва томошага чипта сотиш бу – қимор ва ЖКнинг 278-моддаси 

Наманганда хўроз уриштириш ўйини ташкил қилган фуқарога 3 йил синов муддати тайинланди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди судьяси Султонмақсуд Холботиров маълум қилди, деб хабар беради «Дарё».

Судланувчи Қодир Анваров (исмлар ўзгартирилган) Наманган шаҳрининг «Бунёдкор» маҳалласидаги ғишт хумдонида Мардон Ёқубов билан келишган ҳолда хўроз уриштириш ўйини ташкил этади. Ўйинни кўргани келганларнинг ҳар бирига 10 минг сўмдан чипта сотилади.

Бундан хабар топган ИИБ ходимлари ушбу манзилга келиб, М.Ёқубовни қўлга олади. Қ.Анваров эса бошқа томошабинлар қатори уйига кетади. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278-моддаси (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) 1-қисми билан жиноят иши очилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Бу орада М.Ёқубовнинг кўрсатмасига асосан Қ.Анваров ҳам жавобгарликка тортилади, бироқ у аллақачон ғойиб бўлишга улгурганди.

Тергов иши давомида Қ. Анваровнинг қисми алоҳида ажратилиб, унга нисбатан қидирув эълон қилиниб, август ойида сиртдан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди. Жиноят ишлари бўйича Косонсой туман суди томонидан М.Ёқубовнинг жиноят иши кўриб чиқилиб, унга нисбатан шартли ҳукм қилиниб, бир йил синов муддати белгиланди.

Шундан сўнг Қ. Анваровни қидирув ишлари бошланади. Суриштиришлар натижасида унинг Россияда эканлиги аниқланади. У Ўзбекистонга қайтиб келгандан сўнг 9 сентябрь куни ушланиб, қамоққа олинади.

Судда Қ. Анваров айбига иқрор бўлмади. Унинг кўрсатмасига кўра, М.Ёқубов билан шунчаки таниш бўлган. Хўроз уриштириш ўйинини томоша қилгани чиққанида ички ишлар ходимлари келган вақт бошқалар қатори уйига қайтган. У орадан уч-тўрт кун ўтгач Россияга ишлагани кетгани, оилада ягона боқувчилиги, икки нафар вояга етмаган фарзанди борлигини билдирди.

Суд жараёнига гувоҳ тариқасида жалб қилинган М.Ёқубов эса бу кўрсатмаларга қарши гувоҳлик берди. Унинг айтишича, жорий йил март ойида Қ.Анваров унинг ёнига келиб, миллий ўйинлар ташкил қилишини айтиб,ғишт хумдонни ижарага беришини сўрайди. Аввалига у рози бўлмайди. Қ.Анваров барча ишларни қонуний амалга оширишига ишонтиргач, М.Ёқубов қарздорлиги борлиги учун таклифга рози бўлади ва барча ишларни қонуний амалга оширишни тайинлайди.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди судьяси Султонмақсуд Холботиров ушбу ишни атрофлича ўрганиб чиқиб, Қодир Анваровганисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади. Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан шартли жазо қўлланиб, 3 йил синов муддати белгиланди ва Анваров суд залида қамоқдан озод этилди.

Синов муддати давомида Қ.Анваровга ойда икки бор ИИБ рўйхатидан ўтиш, яшаш ва иш жойи ўзгарса бу ҳақда хабар бериш, қимор ўйинлари ташкил этиладиган жойлар, спиртли ичимлик сотиладиган ресторан, бар ва кафеларга бормаслик,хўроз ўйинларида иштирок этмаслик, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиш каби мажбуриятлар юкланди.

2018-12-18 19:32:17  |  2406 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация