Тугаётган ҳафтада олий юридик кучга эга 14 ҳужжат қабул қилинди



 
  Расм манбаси : minjust.uz

Якунига етаётган ҳафтада Президентимизнинг 3 фармони, 6 қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 5 қарори қабул қилинди. Бу ҳақда қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича навбатдаги “Адлия ахбороти” брифингида маълум қилинди, деб хабар берди ЎзА.

Идоралараро коллегиал органларни тубдан қисқартириш ва янада оптималлаштириш чораларига оид Президент фармонига мувофиқ 81 идоралараро комиссиялар, ишчи гуруҳлар тугатилиб, уларнинг вазифалари тегишли вазирлик ва идораларга ўтказилди. Бундан ташқари, 25 идоралараро комиссиялар иши қайта кўриб чиқилиб, оптималлаштирилди.

Паспорт тизими тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид Президент фармонига асосан фуқаролар доимий рўйхати мавжуд бўлмаганида, олдинги доимий рўйхатда турадиган жойидаги, пропискага оид маълумотлар мавжуд бўлмаган ҳолларда ўзи турган жойидаги маълумотларни йиғиш пунктига (паспорт столга) мурожаат қилиши мумкин. Мазкур ҳужжат билан йўқотилган паспорт ўрнига паспорт бериш тартиби ҳам белгиланди.

Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича Президент фармонига кўра, эндиликда халқ таълими бошқармалари раҳбарлари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, мактаб директорларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масаласи ҳокимлар билан келишилмайди.

2019 йил 1 январдан бошлаб мактабларда ишлаётган пенсионер ходимларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади.

Президентимизнинг ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этишга оид қарори билан ички ишлар органларининг ҳудудий, ҳарбий ва соҳавий тузилмалари, шунингдек, идоравий олий таълим муассасаларидаги хавфсизлик бўлинмалари ички ишлар вазири бўйсунувига ўтказилди. Барча даражадаги ички ишлар органлари бошлиқлари бўйсунувидаги шахсий таркиб билан тарбиявий ишлар, шунингдек, уларнинг оилавий-маиший муаммоларини доимий ўрганиш ва ҳал этиш бўйича ишлар самарадорлиги учун эндиликда вазир шахсан жавобгар ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбарининг маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантиришга оид қарорига мувофиқ, Музейлар реновация дастури эксперимент сифатида амалга оширилади.

Президентимизнинг чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий ва вақтинча прописка қилиш тартибини такомиллаштиришга доир қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда (Тошкент вилоятидан ташқари) бошқа давлатлардан келган ва доимий прописка қилиниш ҳуқуқига эга бўлган шахслар – чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифалари рўйхати тасдиқланди.

Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга оид Президент қарори билан Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш фонди ташкил этилди.

Крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарорига кўра, крипто-биржалар фаолиятини амалга ошириш учун лицензиялар Ўзбекистон ҳудудида шўъба ёки бошқа турдаги ташкилотларини очиш асосида фақатгина чет эл юридик шахсларига берилади.

Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштиришга оид Президент қарорига мувофиқ, “Ўзагротехмаш” акциядорлик жамиятини “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамиятига ўрнатилган тартибда бирлаштириш орқали уларнинг такрорланувчи вазифа ва тузилмаларини оптималлаштирилди. “Ўзагролизинг” акциядорлик жамияти “Ўзагротехсаноатхолдинг” ташкилий тузилмасидан чиқарилди.

Вазирлар Маҳкамасининг Фуқаролар йиғинларида спортнинг футбол турини янада ривожлантириш ҳамда фуқаролар йиғинлари раисларининг ўринбосарлари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиларни моддий рағбатлантириш чора-тадбирларига оид қарори билан ҳар бир маҳаллада футбол майдонлари ташкил этилади.

Қарорга мувофиқ “Ҳар бир маҳаллада футбол майдони” дастури ҳамда маҳаллаларда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида замонавий футбол майдонларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Мазкур низом билан маҳаллаларда футбол майдонларини ташкил этиш учун ер участкаларини бепул асосда ажратилади.

Вазирлар Маҳкамасининг аҳоли пунктларида ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини янада яхшилашга оид қарорга мувофиқ, 2018 – 2019 йилларда Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш дастури тасдиқланди.

Ички ишлар органларининг патруль-пост ва йўл-патруль хизматлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарорига мувофиқ, ички ишлар органлари патруль-пост ва йўл-патруль хизматларининг жамоат тартибини муҳофаза қилишда ўрнак кўрсатган ходимларига мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун имтиёзли кредит бериш тартиби жорий этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг йўл ҳаракати хавфсизлиги кунини ўтказиш ва йўл-транспорт ҳодисалари профилактикасининг самарадорлигини оширишга оид қарорига мувофиқ, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғибот куни”ни ўтказиш бўйича дастур тасдиқланди. Ушбу ҳужжат билан Ички ишлар вазирлигининг тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг жамоатчилик иштирокида ҳар ойнинг учинчи жума кунида “Автомобилсиз кун” акцияси ўтказилишини йўлга қўйиши белгиланди.

2018 йил ҳосили пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори билан пахта хом ашёсининг машинада терилган 1 тоннаси учун 400 минг сўм хизмат ҳақи тўлаш; пахта хом ашёсининг қўлда терилган 1 килограмми учун биринчи босқичда контрактация шартномаси 60 фоизгача бажарилгунга қадар 650 сўм, иккинчи босқичда – 60 фоиздан 80 фоизгача – 850 сўм, учинчи босқичда – 80 фоиздан ортганда – 1000 сўм меҳнат ҳақи тўлаш белгиланди.

Шу мавсумдан бошлаб пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган шахслардан пенсия жамғармаси учун суғурта бадаллари ундирилмайди. Шунингдек, қарорда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2018 йил пахта ҳосилини ёрдамчи кучларисиз (ҳашарчиларсиз) териб оладиган 34 туман рўйхати ҳам келтирилган.

Қабул қилинган қонун ҳужжатлари халқимизга манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

2018-09-08 16:23:01  |  2388 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация