“Шахсан мен энди уларнинг холислигига ишонмайман”. Олий суднинг баёнотига депутат ва журналистдан жавоб



 
  Расм манбаси : Халқаро пресс-клуб.

Олий суд ва жамоатчиликнинг (депутат Расул Кушербоев ҳамда бир неча журналист ва блогерлар тимсолида) Бўстонлиқ туманидаги “буз-буз”лар масаласида Олий суд вакили, яъни Раис ўринбосари, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Холмўмин Ёдгоровнинг зиддиятли муносабати атрофидаги баҳслар давом этади. Олий суднинг баёнотидан сўнг, сўз навбати – иккинчи томонга.

***

Расул Кушербоев, Қонунчилик палатаси депутати:

Олий суд ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган ҳолатга муносабат билдирибди.

Ғалати томони танқидни танқид эмас, одоб-ахлоқ меъёрларидан четга чиқиш ва суд обрўсини туширишга уриниш, деб кўрсатишга ҳаракат қилингани.

Назаримизда бу баёнотни Олий суд Ахборот хизмати эмас, бошқа шахс тайёрлаганга ўхшайди. Майли, буниси муҳиммас.

Қизиқ жиҳати, Олий суд томонидан тақдим этилган муносабатда шундай дейилади: Бўстонлиқдаги низоларни биринчи инстанцияда Олий суд томонидан кўриб чиқилаётгани – суд қарорларига нисбатан томонларнинг шикоят бериш ҳуқуқини чекламайди ва бу пресс-тур жараёнида масъул шахслар томонидан алоҳида қайд этилган.

Энди бир, ўйлаб кўринг: Олий суд биринчи инстанцияда кўрган ишлар кимлар томонидан қайта кўрилади? Кодексни варақлайлик-чи. Ана холос: Олий суднинг судлов ҳайъати томонидан кўрилади-ку!

Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси - Олий суд раиси ўринбосари, куни кеча пресс турда иштирок этиб, судга хос бўлмаган баёноти билан муҳокамаларга сабаб бўлган Х.Ёдгоровнинг ўзи. Х.Ёдгоров эса бу масалада ўз хулосасини бериб бўлди, яъни "снос"лар тўғри, одамлар ўзбошимчалик қилишган, демоқда.

Энди суднинг бузилсин, деган қароридан норози бўлиб, ўз назарида адолат истаб юқори суд инстанциясига борган фуқаро дардини кимга айтади? Албатта жаноб Ёдгоровга-да. У кишим эса бошданоқ жуда "холис".

Шу сабаб ҳозирги ҳолатда Олий суд баёнотида ўзини холис тутиб, шикоят бериш ҳуқуқини тушунтиришга уриниши ва ўзини оқлаши одамларни аҳмоқ қилишдек гап. Чунки юқори инстанция раҳбари бошданоқ ўз хулосасини ОАВ орқали бериб бўлди, шикоят қилиш фойдасиз. Шахсан мен энди уларнинг холислигига ишонмайман.

Биз суд обрўсини ҳеч бўлмаса сақлаб қолиш учун айтаяпмиз, биздан "душман" ясаманг, шуни тушунинг, ўзи нималар қилиб қўйдингиз?

***

Зафарбек Солижонов, ҳуқуқшунос, журналист:

1. “Айни тадбирдан кўзланган асосий мақсад аҳолига холис ва ҳаққоний ахборот етказиш...”.

Бу ерда холис ахборотни ижро этувчилар ОАВ орқали етказади. Олий суд раиси ўринбосари эмас. Ишни кўрган судья сўнгги сўзни айтганидан кейин тушунтириш бериши мумкин.

2. “...бу жараёнда ноқонуний қурилмаларни бузиш юзасидан Олий суд судьялари томонидан қабул қилинган суд қарорларига тушунтириш бериш бўлгани боис...”

Нега айнан раис ўринбосари ёки у ҳам ишни кўрган судьялар таркибида бўлганми? Ҳужжатни кўрсак бўладими?

3. Олий суд раҳбарияти ташкилотчи-ишчи гуруҳининг, пресс-тур иштирокчилари бўлган журналист ва блогерларнинг қатъий талабига кўра...”

Сиз бу талабни бажаришга мажбур эмассиз. Сиз мустақилсиз. Мажлисда ёки матбуот хизмати орқали, ҳиссиётларсиз тушунтириш беришингиз етарли, билишимча.

4. Қолаверса, суд ҳужжатларига тушунтириш бериш суднинг тўғридан-тўғри ваколатига киради...”

Айнан ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган судья ёки таркиб бўлса. Чунки у яхши билади, нега бундай қарор чиқарганини. Яна бир гап: матбуот хизмати баёнот беришда ҳиссиётга берилмаслиги мақсадга мувофиқ. Нима бўлганда ҳам алоҳида ташкилот.

5. Бўстонлиқдаги айрим қурилмаларни бузишга оид низолар ўша жойнинг ўзида, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилмоқда”.

Агар шу рост бўлса, унга ОАВ вакилларини ҳам таклиф этиш ёки улар қатнашишига монелик қилмаслик даркор. Барчасини тўлиқ ёритишсин, холислик таъминланади. Фақат ҳаммасини, танланганларини эмас.

6. Амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибга риоя қилмасдан эгаллаб олинган ер участкалари ва бажарилган қурилишларни бузишда ўзгача тартиб белгиланмаган”.

Маълумотларга кўра, улар айрим мансабдорлар айби билан ҳужжатлаштирилган. Улар (мансабдорлар)га нисбатан “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг 59-моддаси қўлланиладими?

7. “Энг қизиқ томони шундаки, бевосита пресс-турда иштирок этган оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан эътироз билдирилаётгани йўқ”.

Бу аргумент жуда кулгули. Барча ОАВ ҳам холис бўлолмайди. Буни бир неча марта ўзингиз ҳам айтгансиз. Уларни шикоят билдирмагани бошқалар ҳам жим бўлсин дегани эмас. Яна ҳар хил факторлар бор.

Қолган масалалар тарафларнинг ўзларига боғлиқ. Ким айб қилган бўлса, холис суд олдида албатта жавобини ҳам беради. Бунга шахсан менинг эътирозим йўқ.

2020-07-07 19:52:47  |  2386 |   0  | 

2 изоҳлар

Июль 13, 2020  10:57

1.Жахонгир Кобилов

Олий суд анча йиллардан буен Конунларга эмас, аксинча сиесий уйинларни уз фойдасига уйнаетган юкорида турувчи амалдорларнинг гапларини инобатга олиб ишламокда. Конун устуворлиги четда колмокда

Июль 07, 2020  23:27

2.Ойбек Рахимов

1. Нега ерни берган мансабдор хеч булмаса маьмурий жавобгар булмайди, нега масабдорни айби билан курилган бино харажати уша собик мансабдор ёки уша вактдаги комиссия аьзолари томонидан тулаб берилмайди. Мулк эгасини гапиртирса ким канча олиб мулкдорга канча имконият яратганини айтади куяди... 2. Нега уша вактдаги мансабдорни хатоси учун молия булими харажатларни коплаб, регресс даьво оркали бу ишдаги айбдорларнинг хисобидан, айбдор бу дунёдан утиб кетган булса унинг даврида еб ичган болалари харажатларни тулаб бермайди. 3. Электр остида курилишга бефарк караган уша ташкилотнинг уша вактдаги рахбари бугунги кунда утган даврдаги хатоси учун нега жавоб бермайди... Нега нега нега Бу саволларга жавоб бермаслик балки кимгадир керакдир...



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация