“Ҳукуматнинг адвокати”. Олий суд раиси ўринбосари Х.Ёдгоров нега жамоатчилик танқидига нишон бўлди?



 
  Расм манбаси : Kun.uz видеолавҳасидан скрин-шот.

Олий суд раисининг ўринбосари, Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Холмўмин Ёдгоров жамоатчиликнинг кескин танқидига учради. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари, блогерлар унинг Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги “Чимган” МФЙ ҳудудида қурилган “дача”ларнинг ёппасига бузилиши билан боғлиқ можаролар бўйича тутган позициясини қоралаб, уни ижро ҳокимиятига тарафкашликда айблашмоқда.

“Чимган” МФЙ ҳудудидаги “снос”лар июнь ойи давомида интернетнинг ўзбек сегментида энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири бўлди, десак адашмаймиз. Ҳукумат, воқеалар резонанси важидан, “жамоатчиликка тушунтириш бериш мақсадида” 2 июль куни туманга пресс-тур ташкил қилди. Журналистлар олдида мазкур “снос”ларнинг легаллиги ва легитимлигини исботлаб бериш учун Холмўмин Ёдгоров таклиф қилинган экан. Олий суд раиси ўринбосари бу борада анча жон куйдирибди ҳам. Аммо “эффект” бошқача бўлди: унинг бу пресс-турда қатнашганидан тортиб, масалага мустақил ҳокимият вакили сифатида эмас, ижроия органи нуқтаи назаридан ёндашганигача – судья учун номақбул иш деб баҳоланди. Уйларнинг аксарияти (агар ҳаммаси бўлмаса) суд қарорисиз бузил(аёт)ганига қарамай, бу уйларни “ноқонуний қурилган” дея фикр билдиргани учун эса Ёдгоровни айбсизлик презумпциясининг моҳиятини тушунмасликда айблашди.

Қолган гапни депутат Расул Кушербаев ва блогерлардан ўқиймиз:

Расул КУШЕРБАЕВ (депутат):

Кеча Бўстонлиқ туманидаги "снос"лар бўйича пресс тур бўлиб ўтибди. Бу жуда яхши. Бироқ буни кўриб бир қатор тушунарсиз ва ҳавотирли саволлар пайдо бўлаяпти.

Масалан, пресс турда Олий суд раиси ўринбосарининг "снос" масаласида тушунтириш бериши ва шу ернинг ўзидаёқ "снос" қилаётганларнинг ёнини олиб, одамларни ноқонуний қурилма қурганлигини айтиб, айбдор қилишга интилиши мустақил суд учун ғалати эмасми? Бу суд ҳокимиятининг ижро ҳокимиятига адвокатлик қилаётганига, жойига бориб унинг топшириқларини сўзсиз бажараётганига ўхшамаяптими?

Агар шундай бўлса бу дахшат! Адолатли, халқпарвар суд... Ҳар қандай вазиятда ҳам суянишимиз мумкин бўлган "холис" суд...

Яқинда айрим судъялар ҳоким ва прокурорларни дўқига жавобан одамларни уй жойларини бузишга қарор чиқариб юбораяпти, деганимда айнан Олий суддаги ўша масъулларимиз менга хато қилганимни айтиб, қандай гапириш кераклигини ўргатмоқчи бўлувди. Лекин мен осмондан олмадим: айрим судъялар журъатсизлик қилаяпти, гаҳ, деса қарор чиқариб, бир жойларга югуриб ҳам бораяпти.

Зафарбек Солижонов, юрист-журналист, блогер:

Холмўмин Ёдгоровни бизнинг ҳуқуқ оламида кўпчилик ҳурмат қилади. Аммо бу ишларини малакали касбдошлари ҳам умуман оқламаса керак. Холмўмин акага ичим ачиганидан ва шунча йиллик меҳнати натижаси чақага арзиб қолмаслиги учун аччиқ билимларни қайта эслатмоқчиман.

Судья бу одилликни таъминлайдиган олий тоифали юрист. У юриспруденция соҳасида энг чўққига чиққан касб эгаси. Ҳар бир судья алоҳида учинчи мустақил ҳокимият вакили. У дод-войларга алданмайдиган, кўзлари фақат қонунни кўрадиган, қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимиятидан мустақил, ҳиссиётсиз инсон. Судьянинг бошқа ҳокимлик вакиллари билан бирга юриши, улар билан бирга биринчи шахс кўпликда гапира бошлаши холисликни бузади. Судьялар судьялик шаънини судьялар одоб-аҳлоқи қоидаларини қатьий сақлашлари, одил судловнинг обрўсини, судьялик қадр-қимматини тушириши ёки судьянинг холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шарт.

Судья суд залида ёки сайёр суд жойида керакли шахсларни эшитади, бор билимлари эслайди ёки мавжуд қонунларни варақлайди, сўнгги сўзни айтади. Айрим ҳолларда тарафларга мазмунини тушунтириб бериши ҳам мумкин. У ҳар қандай кўринишдаги сиёсий ҳаракатларда (жумладан туризм сиёсатини тушунтиришда ҳам) иштирок этмайди. Унинг фаолияти жуда оғир. Доим совуққонликни талаб қилади. У Олий кучнинг функцияларини бажаради. Бу эса ўта қийин миссия. Шунақа гаплар, Холмўмин ака...

Баҳодир Аҳмедов, юрист-журналист, блогер:

СУД бу мустақил орган. У одил судловни амалга оширади. Ҳеч ким унга босим ўтказа олмайди. У холис. У ишларни атрофлича кўриб чиқади.

Кулманг. Ростан қонун бўйича шундай. Судларга кўп ишингиз тушган ва гапларим сизга эриш туюлаётгандур. Лекин бу қонунчиликда қатъий акс этган. Масалан, "СУДЛАР ТЎҒРИСИДА"ги қонунидаги нормаларни олайлик.

"Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади".

Аммо. Олий суд раиси ўринбосари Ҳолмўмин Ёдгоровни гаплари жуда (https://youtu.be/AG09Tj0-YXE) қизиқ туюлди. Ёки ака ижро ҳокимиятига ўтган ва биз бехабар қолдикми?

"– Ерни эгаллаган,

– талон-тарож қилган,

– сувни ўрнига қуриб олган,

– огоҳлантириш бир марта эмас икки ойдан бери огоҳлантирамиз", деган сўзларни айтади Ёдгоров.

Суд бу бир ҳис-туйғусиз, ҳеч қайси тарафда турмайдиган, фақат Қонунни тан оладиган даргоҳ бўлиши керак. Унга фарқи йўқ: бир қарор чиқарса-ку, бу бюджетга зарар қилса ҳам қонун доирасида қарорини чиқараверади.

Суд ўзидан бир фикр билдириши мумкин эмас. У фақат эшитади, савол беради, хужжат сўрайди ва ўз сўзини кўплаб процесслардан сўнг айтади. Ўзбекистон номидан айтади. Шунда фуқаролар судга қараганда бир давлат ҳокимияти вакилига қарагандек эмас, қонунга қарагандек ҳис қилишади.

Агар қарор чиқарса ҳам буни ижро ҳокимияти билан юриб бу тарзда ҳаракат қилмаслиги керак. Бунда у қайсидир томондек қилиб кўрсатиб қўяди. Бу эса холисликни бузади.

Айбсизлик презумпцияси фақатгина жиноят судларига тааллуқли эмас. У бошқа судларга ҳам, ҳуқуқни мухофаза қилиш органларига ҳам, ОАВга ҳам тааллуқли.

Темурмалик Тожиддинзода, блогер:

Мана бу видеода (https://youtu.be/AG09Tj0-YXE) гапираётган инсон — Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари — Холмўмин Ёдгоров. Яъни мустақил суд ҳокимияти вакили. Лекин ҳаракат ва гапларининг мазмунига кўра, бу инсон ўзини суд ҳокимияти эмас, ижро ҳокимияти вакили деб ўйлаётгани аниқ. Ҳали иш судга оширилмай туриб, ўринбосар жаноблари ҳаммани ёппасига "ноқонуний дачалар" қуриб ташлаганликда айблаб ташлади. Айбсизлик презумпцияси нима эканлигини бу судья тушунмаса ҳам керак.

Ҳали судда исботини топмаган ҳолат бўйича Олий суд раиси ўринбосари бўла туриб, одамларни айбдор, деб фикр билдириши ҳозирданоқ барча судларга аниқ сигнал бўлган. Энди ҳар қандай суд буларни олдиндан берилган кўрсатмасидан келиб чиқиб, хусусий мулки бузилаётганларни айбдор деб топади. Ушбу вазиятга холис баҳони фақатгина халқаро суд бера олади.

Мана сизга Ўзбекистондаги реал вазият: бир неча йиллик қонунсизлик, адолатсизлик ва ҳуқуқий билимсизлик натижасида ҳаттоки энг юқори лавозим эгалари ҳам ўз вазифалари нимадан иборат эканлиги борасида аниқ тушунчага эга эмас. Ўзи, судни мустақиллигига ҳокимият, прокуратура ва яна алламбало идоралар эмас, айнан мана шундай журъатсиз ва ўз ишини тушунмайдиганлар ҳалақит беради. Бу каби инсонлар суд тепасида экан, суд ҳеч қачон мустақил бўла олмайди, қонун қолиб, ижродаги топшириқ берувчиларга қуллик қилиб юраверади.

Суд мустақилликни ўзидан бошлаши керак. Унгача эса шармандалик сериали давом этаверади.

Қобил Хидиров, блогер:

Бугун Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ноқонуний дала ҳовлиларнинг бузилиши бўйича пресс-тур ташкиллаштирилибди (https://kun.uz/87546891). Пресс-турда Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров ҳудудда олиб борилаётган «снос» ишлари бўйича изоҳ берган ва албатта, “снос”ларнинг ўринлиги эканлигини қайд этган.

Олий суд раҳбариятининг бундай тадбирларда иштирок этиши, назаримизда, судларнинг обрўсига, мустақиллик принципларига тўғри келмайди. Шу жойга борганининг ўзиёқ ва бундай интервью бергани, айниқса, унинг мазмуни келажакдаги суд ишлари учун нохолислик таассуротини уйғотиши мумкин. Суд ўзининг ишини, ижро органи ўзининг ишини қилгани маъқул.

P.S.: умуман, ҳукумат шу тадбирни ўтказгани айни муддао бўлган. Снос биз учун оғриқли мавзу. Бўстонлиқдаги ноқонуний қурилган объектлар масаласи, албатта, қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилиши керак.

2020-07-06 18:28:37  |  6052 |   0  | 

17 изоҳлар

Апрел 24, 2021  10:05

1.Хусан

Куни кеча 23-апрел 2021-йил шайхонтохур туманлараро фукаролик судига 12-август 2020-йил берган даво аризам буеча суд булди биринчи уринда шунча лик тез вакт ичида куриб чикгани ун рахмат киен карори менга екди биринчи жунатган ариза ни орадан 2ой утиб камчилиги бор деб кайтарганди 1хафтани ичида камчилиги ни тугирлаб Яна жунатгандим Яна кайтарди 1.5ой утиб киен шикоят бердик ва нихоят суд булди айбим 1чи кайтарганда шикоят бермаганим экан мана хакикат Энди апелляции берса буларкан яхшиси худога солиб куяман мана хакикат мана юксалиш

Март 15, 2021  14:20

2.Холис

Мен Ёдгоровни Оқолтин туманида суд ижрочилик вазифасида ишлаган пайтларидан биламан. Ғирт порахўр, жулик бола эди. Ўрнини эгаллаш учун Қамбарали исмли Прокуратура терговчисини подстава қилиб қаматиб юборганди. Ундан нима кутяпсизлар, Адолатми?

Август 04, 2020  01:58

3.Жамшид

Ўша кунги тадбирда Олий суд раисининг ўринбосари Ёдгоров томонидан қурилган дала ховлилар суд ўтказилмасдан туриб ноқонуний деб топилиши қанчалик ғалати туюлса, Бош вазир ўринбосари Абдухакимов томонидан ушбу дачаларни бузиб, ерларни Аукцион орқали яна уй-жойлар қуриш учун сотиш таклифи шунчалик мантиқсиз бўлди.

Август 03, 2020  07:43

4.Бурхонжон Мамажонов

Х.Едгоровни у ерга боришига Нима сабаб экан?

Август 03, 2020  00:11

5.Сардор

Холмумин Ёдгоров одамларни оав оркалик алдаб, уйсиз колдирмокчи. Бу акани Чимгандаги уйларни бузилишида бир икки сум фойда куриш нияти бор. Камок жазоси берилиш керак бундай судьяларга. Одам эмас бу. Ёдгоров олий суддан кетмаса, суд хеч качон адолатли булмайди!

Июль 17, 2020  01:46

6.Шавкатжон Фозилов

Ҳамма касбда бўлгани каби, судлар орасида ҳам нолойиқлари бор. Бироқ, охирги вақтларда холис, адолатли иш кўрадиган судьяларимиз ҳам кўпайиб қолди. Бевосита Холмумин акани чиқишлари бўйича фикрим, суд холис бўлиши керак! Олдинлари «СНБдан акалар айтди» деган баҳонаси бўларди кўпчилик судьяларимизни.. Ҳозирчи? Энди бошқа «акалар» пайдо бўлдими??

Июль 10, 2020  10:30

7.Наргиза

Судьялар хеч качон мустакл булмага ва була олмайди хам. Улар доим прокурорларнинг айтганини килган ва бундан буён хам Айтганини бажаради. Президентимизнинг судларга булган танкидлари уларга тасир килмайди чунки Улар прокурор жанобларининг Химоясида. Адвокат,блогерларнинг мехнатлари улар учун бир тийин. Прокурорнинг айтгани айтган дегани деган. Бошка изохнингХожати йук.

Июль 10, 2020  07:08

8.Хамидулла

Кўпгина суд қарорлари назорат инстанциясида бекор бўлаётган эди. Хозир назорат инстанцияси ОЛИБ ташланса нима бўлади? Халқ ўз ҳуқуқини қандай ҳимоя қилади? Судьялар Энди қози бўлар эканда?



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация