Қозоғистонда адвокатлар 6 ойга солиқлардан озод этилди
Қозоғистон Республикаси ҳукумати фавқулодда ҳолат шароитида тадбиркорларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга вақтинча солиқ имтиёзлари тақдим этмоқда.
Жумладан, ҳукуматнинг 2020 йил 20 апрелдаги қарори билан, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи ҳуқуқчилар, жумладан, адвокатлар, нотариуслар, медиаторлар ва хусусий суд ижрочилари жорий йилнинг 1 апрелидан 1 октябргача муддатга даромад солиғи ва ижтимоий солиқ, мажбурий пенсия бадаллари ҳамда мажбурий тиббий суғурта учун ижтимоий тўловларни тўлашдан озод қилинди.
Бундан ташқари, адвокат ва юристлар кўрсатилган 7 ойлик муддат давомида мулк солиғини ҳам тўламайди. Шунингдек, 2019 йилги мажбуриятлар бўйича солиқ ҳисоботлари шаклларини тақдим этиш муддати 2020 йил 31 мартдан 2020 йил 31 майгача узайтирилган.
COVID-19 тарқалишининг олдини олиш мақсадида мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиниши муносабати билан адвокатлар ўз касбий фаолиятини тўхтатиб туришга мажбур бўлишган эди.
Дастлаб адвокатлар коллегияларида ҳуқуқий масалалар юзасидан онлайн маслаҳатлар бериш имконияти йўлга қўйилган эди, бироқ иқтисодиёт соҳаси ва давлат органларининг фаолияти деярли тўхтатилгач юридик ёрдам ва маслаҳат олишга талаб кескин камайиб, адвокатлар ишсиз қолиб кетди.
Мавжуд шароитда адвокатларнинг йўқотилган даромадлари ўрнини қисман қоплаш, уларнинг оғир молиявий аҳволга тушишининг олдини олиш мақсадида Ҳукуматга адвокатларни солиқ юкламаларидан озод қилишни сўраб мурожаат қилган эди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш