Фарғонада ИИБ бўлим бошлиғи ходимларига «адвокатни олиб чиқиб ташлаш»ни буюрди
Фарғона шаҳри ИИО ФМБ 4-сонли бўлим бошлиғи адвокатга ушбу бўлимда номаълум сабабларга кўра сақланаётган ҳимояси остидаги шахс билан кўришиши учун рухсат бермасдан, чиқиб кетишини талаб қилди.
Андижон шаҳридаги «А.С.Ҳуқуқ» адвокатлик ҳайъати адвокати Дилмуроджон Мадраҳимовнинг айтишича, кеча, 24 февраль куни кеч соат 17:00 лар атрофида ҳузурига фуқаро келиб, отаси Фарғона вилояти ички ишлар ходимлари томонидан бир кун олдин, 23 февралда олиб кетилгани ва шундан бери дараги йўқлигидан хавотир билдириб, унинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилишини сўрайди.
Шундан сўнг адвокат фуқаро билан тегишли шартнома имзолаб, зудлик билан Фарғона вилоятига йўл олади ва ҳимояси остидаги шахснинг Фарғона шаҳар ИИОФМБ (Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси) 4-сонли бўлимида сақланаётганини аниқлайди. Соат 19:00 лар атрофида эса мазкур бўлим бошлиғи (ўзини Йўлчиев Аҳад деб таништирган) билан учрашиб, тартиб-тамойилга кўра, унга ўзининг адвокатлик гувоҳномаси ва ордерини тақдим этган ҳолда ўз ҳимоясидаги шахс билан учрашиб, суҳбатлашиш учун рухсат сўрайди.
Аммо унга рад жавоби берилади. Ўз ҳимояси остидаги шахснинг ғайриқонуний тарзда, ғайриинсоний шароитда сақлаб турилганини кўрган адвокат бу одам нимада айбланаётгани ёки нимада гумонланаётганини сўрайди («Навбатчилик қисми деразаси ортида кўриниб турибди, кичкина бир курси сиғадиган катак экан, панжара, шунинг ичида ўтирибди», дейди адвокат ўз ҳимоясидаги шахс сақланаётган шароитни таърифлаб).
Бошлиқ эса фуқаронинг ушлаб турилиши асослари билан таништиришга мажбур эмаслигини айтади. Адвокат энди ўз ҳимояси остидаги шахс билан монеъликсиз, холи учрашиши ўзининг қонуний ҳуқуқи эканини эслатиб, учрашмасдан кетмаслигини билдиради. Аммо бошлиқ бу талабни қаноатлантириш ўрнига ўз ходимларига адвокатни ташқарига чиқариб ташлашни буюради.
Шундан кейин адвокат ҳолат юзасидан арз қилиш учун Фарғона шаҳар прокурори қабулига борганида (тахминан соат 20:00 атрофида), унинг олдига прокурор ёрдамчиси тушиб келади ва (прокурор) ҳозир қабул қила олмаслигини айтиб, аризасини ёзма тарзда қолдиришини сўрайди. Шунда адвокат бир фуқаро номаълум сабабларга кўра Фарғона шаҳар ИИОФМБ 4-сонли бўлимида ноқонуний тарзда ва ёмон шароитда сақланаётганлиги ҳолати ва мазкур бўлими бошлиғи ўзининг қонуний ҳуқуқларига қаршилик кўрсатаётгани юзасидан ариза ёзиб беради. Айни пайтда, мазкур ҳолатни ҳозирнинг ўзида бирга бориб кўришларини илтимос қилади. Аммо Республика прокуратурасидан меҳмон борлиги сабабли банд эканликларини рўкач қилган прокурор ёрдамчиси масала эртаси куни ўрганилишини тушунтиради. Шундай бўлса-да, адвокат бу ерда яна бир фурсат қолиб, бирон натижа чиқиб қолишини кута бошлайди. Аммо икки соатча кутганида ҳам ҳеч қандай ҳаракат бўлмагач, ҳафсаласи пир бўлиб, 1007 рақами орқали Фарғона вилоят прокуратурасига ҳамда Бош прокуратурага қўнғироқ қилиб, ҳолат юзасидан оғзаки мурожаат қолдирганча Андижонга қайтишга мажбур бўлади.
Бугун эрталаб Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг Андижон ҳудудий бошқармасига билдирги ёзиб, профессионал фаолиятига қаршилик қилгани учун Фарғона шаҳар ИИОФМБ 4-сонли бўлими масъул мансабдор шахсларига нисбатан қонуний чора кўрилишида амалий ёрдам сўрайди. «Ҳимоям остидаги шахс билан ҳалигача кўриша олганим, гаплаша олганим йўқ, ҳозир нима бўлаётганидан ҳам бехабармиз», дейди адвокат (Мақола эълон қилиниши арафасида сўраганимизда ҳам вазият ўзгармагани маълум бўлди).
Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг Андижон ҳудудий бошқармаси маслаҳатчиси Зафар Валиевнинг айтишича, мазкур ҳолат ростдан ҳам ИИБ масъуллари томонидан қонун меъёрлари бузилиши саналади. Шу боис билдирги юзасидан Палата марказий аппаратига мурожаат қилинган ва бу борада тегишли чоралар кўрилишига умид қилинмоқда. Зеро, шунга ўхшаш ҳолат бундан икки йил аввал Андижонда ҳам айнан ички ишлар бўлими бошлиғи томонидан содир этилган бўлиб, Адвокатлар Палатаси раисининг шахсан ўзи масалани назоратига олган ва адвокат шаъни, обрў-эътиборига дахл қилувчи, унинг касбий хизмат вазифасини бажаришига тўсқинлик қилувчи ҳаракатлари билан қўпол қонунбузилишига йўл қўйган ички ишлар ходимларига нисбатан тегишли жиддий чоралар кўрилган эди.
(Xabar.uz портали билан ҳамкорликда тарқатилмоқда)
7 изоҳлар
1.Исмоил
Вазиятни билмасдан туриб хар нимани гапираверманглар. Ўша ерда бир сабаб бўлганки, киришига рухсат этилмагандир. ИИБ ходими бунчалик хатоликка йўл қўйиши мумкин эмас.
2.Шухрат Ахмежом
Баён килинган холатдарда рахбар ходимги харакатларида ЖКнинг 205-моддаси аломатлари мавжудлигини инобатга олиб, Палата рахбарияти расмий равишда жиноят иши кузгатишни сураб, ариза билан мурожжат килиши керак.
3.Адвокат Тохирбек Тожибоев
Шунинг учун, адвокатга унинг шахсий дахлсизлик ҳуқуқларини бузувчи хатти-ҳаракатлар устидан Тақдимнома киритиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1971-моддасидаги “Адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилишда ифодаланган” маъмурий жавобгарлик ҳақидаги ҳуқуқий нормага ўҳшаш Ўзбекистон Республикаси ЖКга ҳам алоҳида модда киритиш лозим бўлади. Бу таклиф этилаётган норманинг 1-қисми диспозициясида, адвокат сўровига ўз вақтида жавоб бермаслик, адвокат илтимосномасини муҳокама қилмаслик, бефарқ бўлиш, адвокат ва унинг иш фаолиятига нисбатан хурматсизлик қилиш, суд ва тергов органлари томонидан адвокатни иш вақтини сабабсиз чеклаш, (Масалан: эрталаб суд ёки тергов биносига чақириб олиб, шу куни кеч соат 16,17 ларда ишни кўриш каби холатлар) назарда тутилиши керак бўлади. Бу таклиф этилаётган норманинг 2-қисми диспозициясида эса, Суриштирувчи, терговчи, прокурор, ДХХ ходимлари ва бошқа давлат органлари ходимлари, ҳамда фуқаролар томонидан, адвокатларнинг шаҳсий даҳлсизлигига нисбатан ҳар қандай кўринишда аралашиш, тахдид қилиш, қўрқитиш, мажбурлаш, ҳимоядан воз кечишга мажбурлаш ва х.к харакатлари учун жиноий жавобгарлик ва жазо белгилашни назарда тутиш лозим бўлади-деб таклиф билдирамиз. Таклиф қилинаётган модданинг 3-қисмида адвокатга тан жароҳати етказиш ва унинг ўлимига сабабчи бўлган тан жароҳатлари учун жиноий жавобгарлик белгланиши кераклигини таклиф билдирамиз. бериш ва буни қонун билан мустаҳкамлаб қўйиш лозим деб ҳисоблаймиз. Зеро, адвокатнинг ҳуқуқлари тўлиқ кафолатланмас экан, унинг ҳимоясидаги фуқаронинг ҳуқуқлари бузилмаслигига ҳеч қандай кафолат бўлмайди.
4.Отабек
Бу холат Узбекистон Республикаси конунларини менсимаслик, зуравонлик, хусусан Президентимиз томонидан фукароларнинг хукук ва конуний манфаатларини химоя килиш шунингдек, хукукий онгини ошириш борасида адвокатура институтини янада ислох килиш йулида олиб бораётган сиёсатларига беписандлик ва хурматсизлик билан каршилик килиш ва бузишдан бошка нарса эмас. Хали хануз, шу каби собик иттифок давридан колиб кетган эски онг, тушунча ва эски салкитлар колар экан биз Президентимиз орзу килган хукукий демократик давлат куришимиз орзу булиб колаверади.
5.Абдурахмон
Адвокатларнинг ваколатини ошириш керак
6.Абдурахмон
Адвокатларнинг ваколатини ошириш керак
7.Хусан
ИИО ФМБ бошлиги томонидан Узбекистон республиками конунлари ва адвакатура конунинига карши булган. Узинг харакати билан фукаролар олдида адвакатни обрусини туккан. ИИО ФМБ бошлигига нисбатан каттик чора курилиши керак.
Изоҳ қолдириш