Аллан Пашковский: “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида қонунни бузиш давом этмоқда!”



 
  Расм манбаси : 

“Прокуратура органлари бугунги кунда ўзининг назорат (хусусан, ДХХ тергов бўлинмаларида дастлабки терговнинг қонунийлиги устидан) функциясини кўп ҳолларда [деярли ҳар доим] бажармаяпти, шунчаки, ўзларини гўё ушбу функцияни бажараётгандек тутишмоқда ва фуқаролар қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишмаяпти. Терговга тортилган шахсларларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани ҳолатлари бўйича тўлақонли ва элементар текширувларни ўтказишмаяпти, – дейди адвокат Аллан Пашковский. – Мен кўрсатган тергов органида юз бераётган сон-саноқсиз қонунбузарликлар ҳақида сукут сақланмоқда ва уларга қарши ҳеч қандай чора кўрилмаяпти, прокуратура органлари эса шикоятларга асоссиз равишда қуруқ расмиятчилик билан жавоб юбормоқда”.

Ёдингизда бўлса, журналнинг 2019 йилдаги 1-сонида биз “Falcon” адвокатлик фирмаси адвокати Аллан Пашковский собиқ Бош прокурор Отабек Муродовнинг адвокатларни тергов ва суриштирув органлари мансабдорлари ёки судлар томонидан уларга қарши содир этилган ҳуқуқбузарликлар бўйича шахсан қабул қилиши ҳақидаги ваъдасига (бу ваъда 2019 йил 8 февраль куни Адвокатлар палатаси раиси билан учрашув пайтида ҳамда адвокатнинг ўзига берилганидан журналимиз ва www.advokatnews.uz орқали хабардорсиз) ишонч билдиргани тўғрисида ёзган эдик. Адвокат ўз ҳамкасбларига мурожаат қилиб, бу имкониятдан фойдаланишга ва қонун устуворлигига эришиш мақсадида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича Бош прокурорга хабар беришга чорлаган эди.

Бироқ маълум вақт ўтиб, адвокат журнал таҳририяти билан боғланиб, Бош прокурордан жавоб олганлигини, аммо жавоб мазмунига мутлақо қўшила олмаслигини ва қайтадан шикоят билан чиқиш нияти борлигинини айтди. Тез орада адвокат бизга такрорий мурожаати матнини берди ва биз унинг мазмунини сайтда эълон қилдик.

Яқинда биз адвокат билан алоқага чиқиб, ундан Бош прокурорга такроран йўлланган мурожаатнинг натижаси бўйича изоҳ ва қўшимча маълумот сўрадик. Адвокатнинг сўзидан маълум бўлишича, у охирги (такрорий) шикоятига (нусхаси таҳририятда бор) Бош прокуратура берган жавобдан норози. Бундан ташқари, адвокат мамлакат суд-ҳуқуқ тизимида ечими топилмаган айрим муаммоларга ўз муносабатини билдирди. Юқорида келтириб ўтилган иқтибос унинг жавобидан бир парча эди. Пашковский ўз фикрини қуйидагича давом эттиради:

“Қайд этиш жоизки, ДХХ тергов ҳибсхоналарида адвокатлар билан улар ҳимоя қилаётган шахсларнинг ўзаро учрашиши билан боғлиқ вазият нисбатан яхшиланган (бироқ қонунга хилоф ҳолатлар тўлиқ бартараф этилмаган). Ҳозирча адвокатларнинг улар ҳимоя қилаётган шахслар билан учрашиш ҳуқуқи сурункасига бузилаётгани йўқ (учрашиш учун турли ариза/илтимосномалар, терговчининг “рухсатномалари” ва ҳ.к. талаб қилинмаяпти)”. Бироқ почта алоқасига доир муаммолар (тузувчи томонидан атайлаб етказилган ҳужжатларни қабул қилиш тартиби) тергов бошқармаси ва ДХХ тергов ҳибсхоналарида ҳамон мавжуд.

Бундан ташқари, ҳимоячини танлаш бўйича мавжуд тартибга риоя қилмаслик, тергов остидаги шахсларга ноқонуний таъсир қилиш ва уларни битим асосида иш олиб бораётган адвокатдан воз кечдиришга “эришиш”, айбланувчиларни қўрқитиш, айбланувчи қариндошларига таҳдид қилиш (шу жумладан, суд бўлаётган даврда ҳам), айбланувчининг ўзига нисбатан таҳдидларни қўллаш, жиноий жавобгарликнинг юридик оқибатлари ҳақида ёлғон маълумот бериш, битим асосида иш юритаётган адвокатга туҳмат қилиш (бу адвокатларнинг ўзига анча кеч маълум бўлади), битим асосида иш юритаётган адвокат ҳимояга киришганида айбланувчининг махсус “инструктаж” қилиниши (айбланувчини адвокат билан у йўқлигида “таништириш”, айбланувчи уни ҳали кўрмаган бўлади ва, одатда, кўп ҳолларда бундан кейин айбланувчи унинг юридик хизматларидан воз кечади), айбланувчини чалғитиш ва очиқчасига алдаш каби ҳолатлар жуда кўп ва ҳар қадамда кузатилмоқда.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, ДХХ ва прокуратурадаги ислоҳотлар ҳозирча фақат расмиятчилик бўлиб, амалда ўз инъикосини топганича йўқ. Вазият (тизимли қонун бузилиш ҳолатлари борасида) худди аввалгидек, баъзида эса ҳатто олдингидан бадтар туюлади. БМТ махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян 2019 йил 25 сентябрь куни Халқаро пресс-клубда эълон қилган дастлабки баҳо-хулосаси ҳамда “алоҳида шахсларга” нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари бу фикрни тасдиқлайди”.  

***

Қуйида Бош прокуратура томонидан адвокат А.Пашковскийнинг мазкур шикоятига жавобан юборилган ва уни яна қаноатлантирмаган хати ҳамда адвокат томонидан янги Бош прокурор номига ёзилган ариза мазмунини эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.

Биз у ёки бу томонни ҳақ деб топиш фикридан йироқмиз, ўз муносабатини мустақил белгилаш ва хулоса чиқариш ўқувчиларнинг ўзларига тан.

Бош прокуратуранинг навбатдаги жавоби

Адвокатнинг шикоятига Бош прокуратура томонидан бошқарма бошлиғи Ш.Тухтабоев имзоси билан берилган жавоб хати (25.04.2019 йил, 20/72-19-859-сонли) ўқувчини чарчатиб қўймайди – у унчалик тушунарли бўлмаслиги мумкин, аммо қисқагина:

“Ўзбекистон Республикаси ДХХ тергов бошқармаси ходимлари томонидан фуқаролар К. ва А. нинг (исм ва фамилиялар қисқартирилган ҳолда берилмоқда – таҳририят) ҳимояланиш ҳуқуқи бузилаётгани ҳақидаги мурожаатингиз такроран кўриб чиқилди.

Қўриб чиқиш натижаси бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

К.га нисбатан қўзғатилган жиноят ишида ҳимоячи сифатидаги иштирокингиз борасида Сизга 05.03.2019 йилда 20/72-19-428-сонли жавоб хати юборилган.

Ҳимоянгиз остидаги А.нинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида Сиз судга мурожаат қилишингиз мумкин, чунки унга ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган иш бўйича тергов Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 46-бобига мувофиқ якунланган”.

“Прокуратурага ташаккур билдиролмайман!”

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Бош прокуратуранинг жавоби адвокатни яна қониқтирмади. Лекин у такроран шикоят қилишдан бош тортди. Балки жонига теккандир, балки бундан фойда чиқмайди деган қарорга келгандир. Шунинг учун у янги Бош прокурорга ариза ёзиб, “адвокат ва солиқ тўловчи сифатида ўз норозилигини” изҳор қилди. Бу хатда эса “мазкур аризага жавоб талаб этилмайди!” деб кўрсатиб ўтди.

“Ҳимоям остидаги А.га нисбатан 2019 йил 7 январдан 22 майгача бўлган даврда қийноқлар қўлланилгани ҳамда бошқа қатор процессуал қонунбузарликлар содир этилгани ҳақида аввалроқ бир неча бор шикоят киритган эдим, – ёзади адвокат А.Пашковский. – Сизга ишониб топширилган идора, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам, 20-бошқарма (Қуролли кучлар ва Давлат хавфсизлиги хизмати органларида қонунларнинг бажарилиши устидан назорат бошқармаси) ходимлари текширувда ва жавобларни тақдим қилишда бепарволик, далилларни очиқдан-очиқ бузиб талқин қилиш, мен йўқлигимда ҳимоям остидаги шахс билан учрашиш, номувофиқ ва чалкаш жавоблар қайтариш, кўриб чиқиш муддатларига амал қилмаслик ва ошкора лаёқатсизлик, мурожаатларимдан қайси бирига (рақами ва санасини қайд қилиб) жавоб берилаётганини кўрсатмаслик сингари ҳолатларига йўл қўйилди ва қўйилмоқда. Бунинг учун улардан бири (Рахматуллаев Д.К.) интизомий жазо – ҳайфсан олди. Юқоридагилардан истисно қилиб, Бош прокуратура (20-бошқарма) ходими Хашимов Б.Б.ни келтириб ўтишим мумкин.

Мазкур ариза (унга жавоб берилишини сўрамайман) билан мен, фуқароларнинг ҳуқуқлари амалда ҳимоя қилинмаётганидан, прокуратура органлари ўз вазифаларини бажармаётганидан, қонун меъёрларига амал қилмаслик ҳолатлари давом этаётганидан ва ушбу вазият Бош прокурор ўринбосари Э.Юлдашевнинг 2019 йил 17 июнь куни ОАВ орқали эълон қилинган расмий баёнотига мутлақо номувофиқлигидан адвокат ва солиқ тўловчи сифатида норозилигимни билдирмоқчиман.

Менинг прокуратура органларига фуқаро, адвокат ва махсус процессуал субъект сифатидаги шахсий ишончим сўнди.

Бугун мен ўз позициямдан прокуратурага сифатли иш учун миннатдорчилик билдира олмайман ва бунга ҳеч қандай асос кўрмаяпман. Сиздан олдин фаолият юритган Бош прокурор 2019 йил 8 февраль куни менга шахсан айтган гапларнинг бари пуч бўлиб чиқди.

Афсуски, Сизнинг идорангиз тарафидан фуқаролар ҳуқуқларининг самарали ва муваффақиятли ҳимоя қилинишига ҳамда адолат ўрнатилишига умид қилиш бемаъно ва асоссиз экан”.

2019-10-23 11:04:13  |  4058 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

4 изоҳлар

Декабрь 11, 2019  06:52

1.Ойбек Рахимов

Давлатни ичидан емирувчи тизим... Халкни, кенг жамоатчиликни ишончини окламайдиган кузбуямачи, ахлат ташкилот

Октябрь 26, 2019  19:10

2.Шарипов комил

Адвокат Шарипов комил сурхон хакикат маскани сурхондаре термиз судьяларнинг мустакил эмаслиги тугрироги улар мустакил булишга харакат килмаетгани ва прокурорларни ердамчиси сифатида уларни куллаб кувватлаши хамда тергов органи тугаллаган ишни шундайлигича кур курона утказиш агар шу тарика ишбораверса тугамайди ажабланарлиси судьялар иши буйича моддалар кейинги боскичларда олиб ташланиши у екда турсин хатто окланса хам таьсир чора курилмаслиги уларни хон куланкаси майдонга айлантирмокда

Мен хам шу фикрларга кушиламан.Ва кушимча киб шуни айтаманки:-Агар ислохотлар когозда колиб кетаверса бу худди Смета ва плани тузилган уй каби факат когозда чиройли булиб колиб, реал хаётда эса уша эски тогора булиб колмокда.Факат фарки энди тогорани номини "корыта"деган билан у янги булиб колмайди.Хозирги замон талаби булган ислохотлар кабул килишдан асосий максадимиз хукукий давлат куриш деб уйлайман.Ушбу зур курилишда пойдевори конунлар булса ,ушбу пойдеворнинг текислигини ва тугрилигини текшириш ва назорат килиб боришни Хукукни Мухофаза Килувчи органлар деб тасаввур килсак,уларни ушбу тугрилик нима эканлигини ва кандай текшириш ва назорат килиб боришни билмаслиги келгусида ушбу иморатни кайгули ва куркинчли келажак кутмокда.Биринчи зилзилага бардош бермай кулашини исботлашга зарурат йукдир.Буларни хаммаси менинг фикрим ва идроким фантазиясидир унинг тугри эканини исботламайман.Холатимиз аянчли.Ишончсизлик мухити усгандан усиб бормокда.

Адвокат хамкасбимнинг фикрини тулик куллаб кувватлайман. Хозирда прокуратура узининг Конституция ва конунларда кайд килинган функцияларини тулаконли бажармаяпти. Прокуратура нафакат ДХХ, балки ИИО фаолиятидаги конунбузилиш холатларига чек куя олмаслиги билан бирга ИИО ходимлари томонидан содир этилган конунбузилишларни яширишга хам харакат килмокда. Буни конкрет фактлар, далиллар билан Хазорасп туман прокуратураси мисолида исботлаб беришим мумкин. Конунларнинг аник ва бир хилда ижро этилиши назорат килувчи орган фаолиятида бундай конунсизлик мавжуд булиши жуда ачинарлидир. Бундан хам ёмони, фукаролар онгида прокуратура органларига нисбатан ишончсизликнинг кучайишидир.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация