Адвокатлар палатасининг Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасига бошлиқ тайинланди



 
  Расм манбаси : Тоҳир Қодиров

Маҳаллий адвокатлар тузилмалари раҳбарлари ўртасида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилган сайловда энг яхши натижа қайд этган Тоҳир Қодиров ҳудудий бошқарма бошлиғи бўлди

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси Самарқанд вилояти адвокатларига мурожаат йўллаб, Палатанинг Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимига номзод кўрсатишларини сўраган эди.

Жорий йилнинг 17 августида вилоятда фаолият юритувчи 71 та адвокатлик тузилмаси раҳбарлари (13 ҳайъат, 24 фирма ва бюро бошқарувчилари ва бошқарувчи шериклари) иштирок этган мажлисда ёпиқ овоз бериш йўли билан номзодлар тавсия этилди. Шунга кўра энг кўп овоз олган уч номзод ҳамда бошқарма бошлиғи вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаб келаётган Ш.Музаффаров номзоди кўриб чиқиш учун Палата раисига киритилди. Улар билан ўтказилган суҳбатлар натижасида эса “Боғишамол” адвокатлар ҳайъати бошқарувчиси Тоҳир Қодиров номзоди танлаб олиниб, Палатанинг Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистон адвокатураси тарихида биринчи марта Палатанинг ҳудудий бошқармаси бошлиғи маҳаллий адвокатлар кўрсатган номзодлар орасидан сайланди. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, бу лавозим адвокатлик тузилмалари раҳбарларининг энг кўп (28 та) овозини тўплай олган номзодга насиб қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Низомига кўра Палатанинг ҳудудий бошқармалари бошлиғи лавозимига тайинловни амалга ошириш ваколати Палата раисига тегишли. Палата раиси Алим Эрназаров адвокатура соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни муваффақиятли давом эттириш, ўтган йилларда йўл қўйилган хатоларни бартараф этиш ва адвокатлар жамоасини ҳамжиҳат ва шаффоф бирлашмага айлантириш, шу орқали халқ ишончини қозонишмақсадида мазкур ташаббус билан чиққан эди. Илк тажриба сифатида Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи адвокатларга Палата ҳудудий бошқармаси бошлиғини уларнинг ўзлари кўрсатган номзодлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайлаш таклиф қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган Тоҳир Қодиров 1953 йилда Булунғур туманида туғилган. 1975 йилда Тошкент Давлат университетини тамомлаган, ҳуқуқшунос.

Меҳнат фаолиятини 1976 йилда Самарқанд вилояти прокуратурасида иш ўрганувчиликдан бошлаган Т.Қодиров 1977-1978 йилларда Самарқанд шаҳри Темирйўл тумани прокуратурасида терговчи, 1978-1979 йилларда вилоят прокуратурасида бош терговчи, 1980-1983 йилларда эса Жомбой тумани прокурори лавозимларида ишлаган.

Т.Қодиров  адвокатура соҳасида 1999 йилдан бери фаолият кўрсатади. 2007-2009 йилларда Ўзбекистон Адвокатлар ассоциациясининг Самарқанд вилоят бўлими раиси ўринбосари бўлиб ишлаган.

2019-09-10 21:49:58  |  3406 |   0  | 

1 изоҳлар

Сентябрь 10, 2019  22:08

1.Адвокат Усмонхон Салохиддинов

Жуда прогрессив, объектив ва адолатли қарорлар. Мана шундай янги ва холис қадамлар билан адвокатлар ишончини қозонишга, адвокатларни жипслашдиришга ва уларни тўғри, ҳалол ишлашга ундашга бориш мумкин. Мен фақат офарин дейман ва кўпчилик хоҳишига асосланган адолатли қарорни ҳамиша қўллайман. Масъулиятли вазифани бажаришда Тоҳир акага фақат куч-қувват ва омад тилайман.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация