Адвокатлик бюролари ва фирмалари тадбиркорлик субъектига тенглаштирилмоқда



 
  Расм манбаси : regulation.gov.uz

Ўзбекистонда адвокатлар ва адвокатлик тузилмаларини солиққа тортиш тартибида ўзгаришлар бўлиши бўлиши мумкин. Янги Солиқ кодекси лойиҳасида, хусусан, адвокатлик бюролари ва фирмалари солиққа тортишда тадбиркорлик субъектларига тенглаштирилмоқда.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси янги таҳрирининг мазкур лойиҳасида адвокатларга солиқ солиш тартиби 488-моддада акс этган:

488-модда. Адвокатларга солиқ солиш

Адвокатлар ҳайъати нотижорат ташкилотлари шаклида ташкил этилади.

Адвокатлар ҳайъатини сақлаб туриш ва тадбиркорлик фаолияти бўлмаган умумий вазифаларни бажариш учун адвокатлардан олинадиган маблағлар қисми бўйича адвокатлар ҳайъати юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ва қўшилган қиймат солиғини тўловчи ҳисобланмайди.

Адвокатлар ҳайъати томонидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаган тадбиркорлик фаолияти амалга оширилганда, солиқлар ва йиғимлар тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар учун ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда тўланади.

Адвокатлик фирмалари ва адвокатлик бюролари солиқ солиш мақсадларида тадбиркорлик субъектлари деб эътироф этилади ҳамда юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ бўлган фаолият қисми бўйича солиқлар ва йиғимларни ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда тўлайди.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги Солиқ кодексига кўра ҳайъат, фирма ва бюроларига бир хилда солиқ имтиёзлари берилган эди. Шунингдек. “Адвокатура тўғрисида”ги Қонуннинг 4-1-, 4-2- ва 4-3-моддаларига кўра бу тузилмаларнинг учаласи ҳам нотижорат ташкилот сифатида тан олинган.

Энг эътиборлиси, лойига киритилган юқоридаги “янгилик” соҳа ходимлари томонидан илиқ қарши олинмаган кўринади. Зеро, Порталдаги муҳокамаларда янги Кодекс лойиҳасининг 488-моддасига нисбатан танқидий фикрлар билдирилмоқда:

Natalia Kondratova:

488-модда – зиддиятлар моддаси. Сўнгги хатбоши дастлабки икки хатбошини кескин тарзда инкор қилади. Афтидан, имло хато кетган: “юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ бўлган”жумласидаги “бўлган” сўзи БЎЛМАГАН деб ёзилиши керак эди.

Laziz Buriev:

Адвокатлик ҳайъатлари, фирмалари, бюролари ва адвокатларни солиққа тортишнинг янги тартиби Конституцияга зид. Конституциямизнинг 18-моддасига кўра, Ўзбекистоннинг барча фуқаролари тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга. Имтиёзлар эса фақат қонун билан ўрнатилиши ва ижтимоий адолат тамойилларига мос бўлиши лозим. Бироқ янги Солиқ кодексида адвокатлик ҳайъатлари ҳамда адвокатлик фирмалари ва бюроларига бошқа-бошқа кўз билан қаралган. Қани ижтимоий адолат?

***

Яна бир эътироз: "Адвокатура тўғрисида"ги Қонуннинг3-моддасига мувофиқ, адвокат ўз касбидан ташқари фақат илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланиши, Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларида, патент вакили ва медиатор, шартномавий-ҳуқуқий асосда ташкилотларда юридик хизмати ходими ҳамда ҳакамлик судларида ва халқаро тижорат арбитражларида (судларида) судья сифатида ишлаши мумкин.

Юқорида тилга олинган лойиҳанинг 488-модда мантиғига кўра эса, адвокатлик бюроси ва фирмаси – тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган тадбиркорлик субъекти бўлиб қолмоқда гўё... 

Таҳририятдан: мақола эълон қилинаётган пайтда янги Солиқ кодекси лойиҳаси Порталдан ғойиб бўлганига гувоҳ бўлдик. Аммо уни жойлаб улгурмасимиздан у яна ўз жойида пайдо бўлибди. Буни техник хатолик деб гумон қиламиз. Нима бўлганда ҳам, Кодекс муҳокамасида фаол иштирок этиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларингизни билдиришдан эринмасангиз жамият учун фойдалироқ бўлишига умид бор.

2019-09-04 20:10:28  |  4351 |   0  | 

21 изоҳлар

Феврал 22, 2021  17:42

1.Шерзод

Мен тадбиркорлик билан шугулланмокчиман бир патентга яна ёрдамчи патент очсам буладими

Декабрь 11, 2019  07:15

2.Ойбек Рахимов

Монополиячилар сафига кирган айрим хайьатчиларга алангали салом

Сентябрь 16, 2019  16:31

3.Адвокат Абдумалик Абдуллаев

Адвокатларга нисбатан солиқ солиш базасини жорий этгандан кӯра, дабдабали тӯйлар, маросимлар, тадбирларга нисбатан солиқ солиш механизмини яратиш давлат ва жамият учун фойдалидир.

Сентябрь 16, 2019  14:57

4.Бахтиёр Дониёров

Конституция ва “Адвокатура тўғрисида”ги Қонунига кўра фуқаролар ва ташкилотлар,корхоналар,муассасаларга юридик ёрдам бериш учун ташкил этилган ва бир хил нотижорат ташкилоти мақомига эга бўлган Адвокатлар Ҳайъатлари, Адвокатлик Фирмалари, Адвокатлик Бюроларини Солиқ Кодекси лойиҳасининг 488-моддасида белгиланганидек солиқларни бир хил бўлмаган тарзда тўлашини белгиланиши ҳеч қандай қонуний асосга эмас. Бу Асосий Қонун ва “Адвокатура тўғрисида”ги Қонунга очиқдан-очиқ зиддир. Солиқ Кодексининг лойихасининг 488-моддасида кўрсатилган солиқларни тўлаш бўйича адвокатлик фирмалари ва адвокатлик бюроларига оид ўзгартиришларни адвокатура институти фаолияти янада такомиллашаётган бир пайтда,адвокатуранинг яхлитлигига, ташкилий шаклларига жиддий путур етказиш деб ҳисоблайман. Солиқ Кодекси лойихасининг адвокатурага оид қисми бўйича Адлия Вазирлиги ва Адвокатлар Палатасининг билдирган муносабатларини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Адвокат Б.Х.Дониёров.

Сентябрь 09, 2019  18:19

5.Раззақов Фарҳод Шокирович

Ўзбекистон Республикаси “Адвокатура тўғрисида”ги Қонунининг 41-моддасида адвокатлик бюроси адвокатлик фаолиятини якка тартибда амалга ошириш учун адвокат томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмаси эканлиги, 42-моддасида, адвокатлик фирмаси шерикликка асосланган ва адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун адвокатлар томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмаси эканлиги, худди шунингдек, 43-моддасида адвокатлар ҳайъати аъзоликка асосланган ва адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун адвокатлар томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмаси эканлиги қатъий белгиланган. Ваҳоланки, Солиқ Кодекси лойиҳасининг 488-моддаси 1-қисмига кўра, адвокатлар ҳайъати нотижорат ташкилотлари шаклида ташкил этилади. Ушбу модданинг 4-қисмига кўра, адвокатлик фирмалари ва адвокатлик бюролари солиқ солиш мақсадларида тадбиркорлик субъектлари деб эътироф этилади ҳамда юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ бўлган фаолият қисми бўйича солиқлар ва йиғимларни ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда тўлайди. Хўп, лойихани тўғри ишланган деб қабул қиладиган бўлсак, адвокатлар ҳайъатида фаолият юритувчи адвокат билан адвокатлик фирмалари ва бюроларида фаолият юритувчи адвокатлариннг кўрсатаётган хизматлари орасида қандай фарқ борки, Солиқ кодекси айнан ихтисослашган “Адвокатура тўғрисида”ги қонунда нотижорат ташкилот эканлиги белгилаб қўйилган адвокатлик фирмаси ва бюросини тадбиркорлик субъекти деб эътироф қилмоқда. Ваҳоланки, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддага асосан, тадбиркорлик фаолияти (тадбиркорлик) тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир. Демак, Солиқ кодекси лойиҳаси бўйича адвокатлик фирмалари ва бюроларининг адвокатлари, тадбиркорлик субъекти аъзоси бўлганлиги, яъни улар, ўзи таваккал қилиб, фойда олишга қаратилган ташаббускорлик фаолияти юритиши учун, у суриштирув, дастлабки тергов органлари ва суд жойлашган ҳудудда бўлиб, айнан шу органлар томонидан таъқиб қилинаётган ёки шу органга чақирилган шахсларни қандай йўл билан бўлмасин ўзига жалб қилиб, ишни унинг манфаати йўлида ҳал қилишини айтиб, юқорида қайд қилинган қонунда таъкидланганидек, таваккал қилиб, фойда олишга қаратилган юридик хизмат кўрсатиши мумкин бўлади. Бу эса яққол кўриниб турган ғайриқонунийлик ва мантиқсизликдир. Шунингдек, “Адвокатура тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида адвокат фаолиятининг турлари қайд қилинган бўлиб, қонун адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи субъект сифатида адвокатлик тузилмасини эмас, балки адвокатни мустақил субъект сифатида эътироф қилади. Агар қонунда адвокатлик ҳайъати шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари алоҳида, адвокатлик фирмалари ва бюролари шуғулланадиган фаолият тури алоҳида қайд қилиниб, уларнинг фаолият турлари ўртасида фарқлар мавжуд бўлганда, Солиқ кодекси лойиҳаси билан келишиш мумкин бўларди. Бундан ташқари, адвокатлик фаолияти тадбирлик фаолияти бўлмаслигини, “Адвокатура тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасидаги адвокатнинг вазифалари доираси ҳам тўлиқ тасдиқлайди, негаки, ушбу моддага асосан, адвокат қайси шахснинг манфаатларини ҳимоя қилиш топшириғини олган бўлса, ўз ваколатларидан шу шахснинг зарарига фойдаланишга ҳамда гумон қилинувчини, айбланувчини, судланувчини ҳимоя қилишдан бош тортишга, агар уни бундан ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) ўзи озод этмаса, ҳақли эмас. Бундан ташқари, жиноят ишида иштирок этишга тайинланган адвокат фуқаронинг тўловга қобилиятсизлигини важ қилиб, унга юридик ёрдам кўрсатишдан бош тортишга ҳақли эмас. Солиқ Кодекси лойиҳаси бўйича, адвокатлик фирмаси ва бюроси адвокати таваккал қилиб, даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолияти билан шуғулланадиган бўлса, бундай тузилмалар адвокати нима сабабдан ўзига моддий жиҳатдан умуман фойдасиз ва моддий зарарли бўлган “Адвокатура тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасида қайд қилинган вазифаларга бўйсуниши керак. Агар Солиқ кодекси лойиҳаси тўғри тузилган бўлса, бундай холатда “Адвокатура тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасидаги вазифалар фақат адвокатлар ҳайъати адвокатлари учун мажбурий қилиш лозим бўлади.

Сентябрь 09, 2019  13:52

6.Атаджанов Шохрух адвокат

Мени фиаримча шу таклиф йирик адвокатлик хайатларидан чикканга ухшайди. Максад самарали ишлаётган якка адвокатлар ва адвокатлар гурухларини мажбурий равишда хайатга киргизиб азолик бадалларини олиб утириш. Бу шахсий фикр

Сентябрь 09, 2019  09:40

7.Адвокат Мамиров Билолжон

Адвокатлик тузилмаларининг барча шаклларига бир хил тартиб жорий қилиниши керак. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги ПФ-5308-сон Фармонида адвокатлик тузилмаларига солиқ имтиёзларини тақдим этиш назарда тутилган бўлиб, лойихада солиқ имтиёзи эмас, аксинча, адвокатура мақсад ва вазифаларига зид равишда тарбиркорлик субъекти сифатида қўшимча солиқ юки қўшилмоқда. Бу эса, юридик ёрдам сифатига таъсир этибгина қолмай, фуқароларга кўрсатиладиган юридик ёрдам учун тўловнинг ошишига сабаб бўлади.

Сентябрь 07, 2019  21:38

8.Юлдашов Ёкубжон

Авваламбор менинг фикримча ва хукук тизимига асосан хар бир кабул килинадиган норматив хужжат Контитуциявий суд томонидан урганилибканчалик Асосий Комусимизга мослигини ва зиддиятлар мавжуд булганда уз карори билан бекор килиши ёки ёзма курсатмалари билан конун ташаббускорлариге уз таклифи билан комиссия тузишига ва комиссия азолари томонидан лойихани Конституцияга мослаштиришни талабини куйиш керак.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация