Битсин бюрократия! 81 та идоралараро комиссия ва кенгашлар бекор қилинди
Ўзбекистон Президентининг «Идоралараро коллегиал органларни тубдан қисқартириш ва янада оптималлаштириш чоралари тўғрисида»ги фармони билан жами 81 та турли идораларо комиссия ва ишчи гуруҳлар тугатилиб, уларнинг вазифалари тегишли вазирлик ва идораларга ўтказилди.
Масалан, Кадрлар тайёрлаш бўйича миллий дастурни амалга ошириш Республика комиссияси тугатилиб, унинг вазифалари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ўтказилди. Худди шундай Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш Идоралараро кенгаши ҳам тугатилди, унга юклатилган вазифаларини энди Адлия вазирлиги амалга оширади, деб хабар беради «Ҳуқуқий ахборот» канали.
Бундан ташқари, 25 та турли хил идоралараро комиссиялар иши қайта кўриб чиқилиб, оптималлаштирилади.
Фармонда таъкидланишича, идоралараро коллегиал органларни ташкил этиш ва тарқатишнинг аниқ тартиби мавжуд эмаслиги оқибатида жуда кўплаб ушбу турдаги органлар пайдо бўлган. Бу эса ўз навбатида давлат бошқарувининг бюрократиялашуви, маъмурий тузилмаларнинг кенгайиб кетиши, бюджет харажатларининг ошишига олиб келган.
Эндиликда Республика даражасидаги идоралараро органларни ташкил этиш қонунлар, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари асосида амалга оширилади. Улар давлат идораларига юкланган вазифаларни бажаришда ёрдам берувчи маслаҳат органи вазифасини бажаради.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш