Lex.uz модернизация қилинмоқда: тизимда яна қандай қулайликлар пайдо бўлади?



 
  Расм манбаси : Lex.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонининг ижроси доирасида Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси – Lex.uz тизими модернизация қилинмоқда.

Фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида миллий қонунчиликнинг мавзули маълумотномаси такомиллаштирилади. Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор қонунлар, чет эл инвесторлари учун муҳим аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг хорижий тилларга расмий таржимаси йўлга қўйилади.

“Чунки сайтдан Ер шарининг деярли барча нуқталаридан, хусусан, Россия, Украина, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Германия, Жанубий Корея каби давлатлардан ўн минглаб кишилар фойдаланмоқда. Бироқ ҳозирги кунда ҳужжатлар фақат ўзбек ва рус тилида. Шунинг учун қонун ҳужжатларининг хорижий тилларга, хусусан, инглиз тилига таржима қилинишини таъминлаш бўйича тегишли ташкилотлар билан музокаралар олиб борилмоқда”, деб ёзади “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази директори ўринбосари Равшан Шаропов ЎзА сайтида эълон қилинган мақоласида.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 1 январдан давлат органлари ва ташкилотларининг “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ахборотномаси”, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари тўплами” ва “Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами”га обуна бўлиши тўхтатилади.

Ушбу тўпламлар Lex.uz базасига ўтказилган ҳолда, яъни электрон кўринишда тақдим этилади. Бундай ёндошув, табиийки, сарф-харажатларни қисқартиради. Фойдаланувчиларга қулайлик яратади. Таъкидлаш лозим, юқорида қайд этилган тўпламлар архивлар, ахборот-ресурс марказларида сақлаш учун, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар талабларига кўра босма шаклда чоп этилиши мумкин.

Ҳозирда Қонун ҳужжатлари миллий базасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўлиқ хатловдан ўтказилмоқда. Дастурчилар базадаги кодекслар, қонунларни лотин графикасига ўтказиш юзасидан ҳам иш олиб боряпти.

Маълумот учун, Lex.uz тизимида жами 46 минг 805 норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд. Ўзбек тилида 14 минг 825 норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, улардан 716 таси қонундир. Қолганлари идоравий-меъёрий ҳужжат ва Олий Мажлис қарорлари, Президент фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларидир.

Сайтдан фойдаланувчилар сони бир кунда ўртача 20 мингдан кўпроқни ташкил этмоқда. Бу йил фойдаланувчилар умумий сони ўтган йилга нисбатан 17,22 фоиз ортгани кузатилди.

2018-08-30 13:03:28  |  2652 |   0      | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация