Сўхлик блогер Фарғона вилояти ИИББ ҳибсхонасида сақланмоқда — адвокат



 
  Расм манбаси : Gazeta.uz

“Сўх воқеалари” юзасидан ҳибсга олинган блогер Ҳайдаржон Бобоҳайдаровнинг (Дадахон Ҳайдаров – унинг тахаллуси) қаерда сақланаётганлиги маълум бўлди. Ҳимоячиси, “Ҳуқуқий тизим” адвокатлик бюроси адвокати Шоира Абдураззақованинг сўзларига кўра, у Фарғона вилояти ИИББга қарашли вақтинча сақлаш ҳибсхонасида (Фарғона ш.) эҳтиёт чораси сифатида белгиланган 10 суткалик қамоқ муддатини ўтамоқда.

Адвокатга кўра, у кеча, 29 август куни ВСҲга бориб Бобоҳайдаров билан кўришган, унга оиласи бериб юборган иссиқ кийим-кечакни топширган. Абдураззақова ҳимоясидаги шахснинг соғлиғи ва руҳий аҳволи яхшилигини билдириб, шундан ортиқ маълумот бера олмаслигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Ҳайдаржон Бобоҳайдаров Жиноят кодексининг 219 (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244-моддалари (Оммавий тартибсизликлар) билан айбланмоқда.

Адвокат Шоира Абдураззақова мухбиримизнинг блогерга қўйилаётган айбловнинг асослилиги, шунингдек ҳибсга олишдан тортиб эҳтиёт чораси белгиланишигача бўлган процессуал хатти-ҳаракатларнинг нечоғли қонунийлигига оид саволларини жавобсиз қолдирди.  

Абдураззақова берган маълумотларни текшириш учун Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати билан боғланишга уринишларимиз ҳозирча самара бергани йўқ.

Бугун Бош прокуратура эълон қилган расмий баёнотда ҳам Бобоҳайдаровнинг май ойида Сўх туманида юз берган оммавий тартибсизликлар юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида ҳибсга олингани, қайси моддалар бўйича айбланаётгани ва бошқа маълумотлар келтирилгани ҳолда, блогернинг қаерда сақланаётгани тўғрисида лом-мим дейилмаган.

Кеча “Газета.uz” нашри блогер Ҳайдаржон Бобоҳайдаровнинг Сўх воқеаларидаги иштироки, ҳибсга олинишининг тахминий сабаблари ва бедарак кетиб, ота-онаси томонидан қидирилаётгани ҳақида ёзган эди.

“Advokat” журнали воқеалар ривожини кузатиб боради.

2020-08-30 14:02:25  |  1955 |   0  | 

2 изоҳлар

Август 30, 2020  14:29

1.Адвокат Ш.Курбанов

Агарда суриштирув ёки тергов органи уз вактида ушланган шахс тугрисида унинг оила аьзоларига хабар берганларида бу кадар англашилмовчиликлар булмаган булармиди.

Август 30, 2020  14:25

2.Адвокат Ш.Курбанов

Узбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2019 йил декабрдаги маьрузасида "Шахсни ушлаб туриш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш каби жараёнларни, агар у ҳимоячидан воз кечса, бу ҳолатни ҳам мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартибини ўрнатиш зарур. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган шахс махсус бинога олиб келинганидан кейин бу ҳақда унинг оила аъзолари дарҳол хабардор қилиниши керак. Буни суриштирувчи, терговчи ва бошқа ваколатли шахснинг мажбурияти сифатида қонунда аниқ белгилаб қўйишни таклиф этаман" деган эдилар. Бизга хозирги кунда ушбу нормани конунчиликда акс эттириш етишмаяпти.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация