Чет элликлар Ўзбекистонда рухсатнома ва тасдиқнома асосида ишлайди



 
  Расм манбаси : International Centre for Trade and Sustainable Development

Рухсатномани олиш учун иш берувчи энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида йиғим тўлаши лозим

Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

“Ҳуқуқий ахборот” каналининг ёзишича, Низомга мувофиқ, иш берувчилар Ўзбекистонга хориждан ишчи кучини бир йиллик рухсатнома олиб жалб этиши мумкин.

Чет эл фуқаролари эса Ўзбекистон ҳудудида тасдиқнома олган ҳолда меҳнат қилади.

Рухсатнома ва тасдиқнома олиш учун иш берувчи Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки электрон рухсатнома учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ёки рухсатнома бериш учун мўлжалланган махсус онлайн-майдончада рўйхатдан ўтади.

Рухсатнома олиш учун электрон сўровнома тўлдирилади ҳамда унга иш берувчининг паспорт нусхаси илова қилинади ва электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди.

Аризани кўриб чиққанлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари (202 минг 730 сўм) миқдорида йиғим ундирилади.

Ўзи келиб мурожаат этилганда Давлат хизматлари маркази бир соатда аризани Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига юборади.

Агентлик 5 иш кунида рухсатнома бериш тўғрисида қарор қабул қилади ва иш берувчини хабардор қилади.

Рухсатномани олиш учун иш берувчи беш иш кунида энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида (10 млн 130 минг 500 сўм) йиғимни тўлаши лозим.

Агентлик йиғим ундирилганидан сўнг бир иш кунида рухсатномани расмийлаштиради ва уни иш берувчига юборади.

Тасдиқнома олиш учун сўровномага чет эл фуқароси ҳақидаги барча маълумотлар илова қилинади.

Аризани кўриб чиққанлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари (202 минг 730 сўм) миқдорида йиғим ундирилади.

Ариза бир соатда Агентликка ва ҳудудий меҳнат органига юборилади.

Ҳудудий меҳнат органи беш иш кунида Агентликка чет эл фуқаросини жалб қилиш мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги ҳақида хулоса беради.

Агентлик ўн беш иш кунида тасдиқнома бериш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

Иш берувчи тасдиқномани олиш учун 5 иш кунида қуйидаги миқдорларда тўлов тўлайди:

• ватандошлар учун, юқори малакали ва малакали мутахассислар, Президент мактаблари ва олий ўқув юртларида ишлаш учун жалб этилаётган ўқитувчилар ва мутахассислар учун – энг кам иш ҳақининг 2 баравари (405 минг 460 сўм) миқдорида;

• бошқа чет эл фуқаролари учун – энг кам иш ҳақининг ўттиз баравари (6 млн 81 минг сўм) миқдорида.

Тўлов тўланганидан сўнг бир иш кунида тасдиқнома расмийлаштирилади ва иш берувчига юборилади.

2019-03-26 11:56:25  |  2027 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация