Жавобгарликдан қочиб ўз жонига қасд қилган жиноятчига ҳукм ўқилди



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

Вафоти муносабати билан унга ЖПКнинг 463-моддаси 3-қисмининг 5-бандига асосан жазо тайинламасдан айблов ҳукми чиқарилди

2019 йил 5 март куни жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти Конимех тумани судининг сайёр мажлисида жинояти бўйича жавобгарликдан қутулиш мақсадида ўз жонига қасд қилиб вафот этган шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Унинг ўзгаларга тегишли бўлган қарийб 115 млн сўм қорамолларни сотиб юборгани судда ўз исботини топган.

ЎзА хабарига кўра, Аброр (исмлар шартли) 2017 йил 5 август куни Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи Комил ва Жасур билан оғзаки келишган ҳолда 147 бош қўй ва 120 бош баррани боқиб бериш учун олади. Мол эгалари хизмат ҳақи сифатида унга 800 минг сўм ойлик, ун-ёғ ҳамда йилига 12 бош қўй беришни зиммаларига оладилар.

Аммо Аброр молларни бўлиб-бўлиб бир неча кишига сотиб юборган. 2018 йил 15 октябрь кунига қадар жабрланувчи Комилга жами 267 бош миқдорда майда шохли молларини қайтармай, жами 114 млн  975 минг сўм миқдорда моддий зарар етказган, дейилади хабарда.

Судланувчининг айби, жабрланувчининг аризалари, баённомалар, тилхат, маълумотномалар ва жиноят иши ҳужжатларида мавжуд бўлган бошқа инкор этиб бўлмайдиган далиллар билан тўлиқ исботини топган.

Аброр эса жавобгарликдан қутулиш мақсадида ўз жонига қасд қилиб вафот этган. Бу суриштирув ва эксперт хулосасига асосан тасдиқланди.

Жиноят ишлари бўйича Конимех туман суди томонидан қонун талабларидан келиб чиқиб, Аброрни Жиноят кодекси 167-моддаси 3-қисмининг «а» банди билан айбли деб топди. Унга ЖПКнинг 463-моддаси 3-қисмининг 5-бандига асосан жазо тайинламасдан айблов ҳукми чиқарди.

Жабрланувчи ва бошқа манфаатдор томонларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш бўйича фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

2019-03-14 21:50:34  |  2234 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация