Коррупцияга қарши кураш: судлар мустақиллигини таъминлаш, даромадлар декларацияси ва бошқа тадбирлар
Коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Ҳужжатда айтилишича, коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ўрта муддатли истиқболда қуйидагилардан иборат:
суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьяларга ҳар қандай тарзда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш;
давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш, улар учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупциянинг олдини олиш бошқа механизмларининг аниқ рўйхатини белгилаш;
давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва уларнинг иш ҳақи етарли даражада бўлишини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;
аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш;
давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш;
фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш.
Фармон билан 2019−2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури қабул қилинди.
Лондонда истиқомат қилувчи асли ўзбекистонлик эксперт Алишер Илҳомов бу жуда ҳам муҳим ва тўғри йўналишдаги қарор эканлигини айтади.
Экспертга кўра, даромадларни декларация қилиш чораси Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тадбири сифатида илк маротаба янграяпти.
"Бу нарса бир қатор собиқ Шўро давлатларида аллақачон жорий қилинган. Масалан, Украина, Молдова, Гуржистон. Бу давлатларда ошкор қилинган декларация асосида жамоат ташкилотлари ва журналистлар уни солиштиришни бошлайди. Амалдорнинг декларация қилган даромади, уларнинг асл даромади ва у қандай мол-мулкка эга эканлигини текширади. Агар бу маълумотлар бир-биридан фарқ қилса, амалдор маъмурий ёки жиноий тартибда текширув объектига айланади", дейди эксперт.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш