Бегона ерда ўзбошимчалик билан қурилган иморат тан олинмайди



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

Уч ойдан кейин мамлакатимизда ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби ўзгаради. 2019 йил 4 мартдаги ЎРҚ–526-сон Қонун билан Фуқаролик кодексига тегишли тузатишлар киритилди.

Norma’нинг ёзишича, умумий қоидага кўра ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди, уни тасарруф этишга – сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас. Бундай иморат суднинг қарорига биноан уни қурган шахс томонидан бузиб ташланиши лозим. Бироқ қоидадан иккита истисно аввалбошдан назарда тутилган.

Биринчиси – ўзига ажратилмаган ер участкасида шахснинг ўзбошимчалик билан қурган иморатига нисбатан мулк ҳуқуқини суд, башарти мазкур ер участкаси шу шахсга қурилган иморат учун белгиланган тартибда ажратиладиган бўлсагина, эътироф этиши мумкин. Яъни ер участкасини бериш тўғрисидаги ҳокимликнинг қарори билан ҳам судга мурожаат қилиш мумкин. Бу ҳолда суд ишни судда кўришга тайёрлаш босқичида тақдим этилган даъвога бўлган муносабатини аниқлаш учун ҳокимликни арз қилинган талаб тўғрисида хабардор қилади. Бунинг устига, ҳокимлик ушбу иморат қурилган ер участкасини даъвогарга ажратишни рад қилган тақдирда, ариза берувчи ушбу қарор устидан суд тартибида низолашиши мумкин (Олий суд Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги 14-сон қарори 24-банди).

Бироқ, бошқа томондан, ер участкаси «қурувчига» тегишли бўлмаса, участка ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган бўлади. Ўзиники бўлмаган участкада иморат қуриб, сўнг ҳокимликдан уни ажратиб беришни талаб қилиш имконияти кам деганда қуйидагиларга зид келади:

• ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига доир ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларига. Бунда ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун санкциялар оширилибгина қолмай, бунга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаганлик учун жавобгарлик ҳам жорий этилмоқда;

• якка тартибда уй-жой қуриш учун ёхуд тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни рўёбга чиқаришнинг белгиланган тартибига.

Ушбу очиқ-ойдин зиддиятларни бартараф этиш учун ўзбошимчалик билан қурилган иморат жойлашган ер участкасини кейинчалик ажратиб бериш ва, тегишинча, иморатнинг ўзига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш варианти чиқариб ташланмоқда.

Шу тариқа, иморат қурилган ер участкасининг мулкдори бўлган, унга умрбод мерос сифатида эгалик қилаётган, доимий эгалик қилаётган ва фойдаланаётган шахсларнинг ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқигина эътироф этилади.

Қонун lex.uz порталида эълон қилинган бўлиб, 2019 йил 6 июндан кучга киради.

2019-03-06 18:43:58  |  2420 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация