Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ хавфлар миллий даражада баҳоланади



 
  Расм манбаси : Norma.uz

Президентнинг 2018 йил 20 сентябрдаги қарори билан Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия ташкил этилди.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш Евроосиё гуруҳига аъзо давлатларнинг ўзаро баҳолашнинг 2-босқичини ўтказиш режасига мувофиқ 2019–2020 йилларда Ўзбекистоннинг ушбу йўналишдаги миллий тизимини ўзаро баҳолаш режалаштирилган, деб ёзади Norma.

Ушбу босқичдан муваффақиятли ўтиш ва Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг (ФАТФ) тавсиялари ижросини таъминлаш мақсадида ушбу соҳада фаолият юритувчи вазирлик ва идоралар иштирокида хавфларни миллий даражада баҳолаш ўтказилмоқда. Уларнинг мансабдор шахслари зиммасига ўз йўналиши бўйича шахсий жавобгарлик юкланди.

Масалан, банклар, кредит ташкилотлари ҳамда қимматбаҳо металлар ва тошлар билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар бўйича Марказий банк раисининг ўринбосари жавобгар. Жами 6 та сектор бўлиб, масъул амалдорлар (соҳа идораси раҳбари ўринбосари даражасидаги  Norma изоҳи) сони ҳам шунча.

Ҳужжат билан ташкил этилган Комиссия хавфларни баҳолаш бўйича ишларни ташкил этиш, ушбу соҳадаги давлат сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, ФАТФ тавсияларини ва мазкур соҳадаги халқаро ҳужжатларни имплементация қилиш, шунингдек ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш ва ҳуқуқбузарликларни содир этиш сабабларини аниқлаш билан шуғулланади.

Комиссиянинг ишчи органи – Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти. Унга кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш фаолиятига жалб қилинган ташкилотларнинг (банклар, кредит, риэлторлик, лизинг ташкилотлари, адвокатура, нотариат ва ҳ.к.) ходимларини ўқитиш ҳамда уларнинг малакасини ошириш чораларини кўриш вазифаси топширилди.

2018-09-21 12:13:13  |  2790 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация