Тиббиёт институтига киритиб қўйиш учун фуқародан 14 минг доллар олган фирибгарлар суд қилинди



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

Тўрт кишидан иборат гуруҳ аъзолари 5 йилдан 7,5 йилгача озодликдан маҳрум этилди

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида судья Ф.Саматов раислигида бир гуруҳ шахсларнинг ўзаро жиноий тил бириктириб, фирибгарлик мақсадида қўл урилган жиноят ишига ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Kun.uz хабар берган.

Судланувчилар – К.Ш. (муқаддам судланган), Ф.М., Б.М. (муқаддам судланган) ва Б.Қ. 2018 йилнинг 23 июль куни фуқаро О.Ғафуровнинг жияни В.Солодовченкони Самарқанд тиббиёт институтига ўқишга киритишга амалий ёрдам қилишларини айтиб, шу институтда ишловчи мансабдор шахслар билан гаплашиб, ўқишга киргизиб беришни ваъда қилиб, О.Ғафуровдан 14.000 АҚШ доллари сўрашади.

Бу жиноий режага кўра, К.Ш. тиббиёт институтида тест синовларидан ўтказиб бера оладиган таниши борлигини айтади, Ф.М. эса ўзини шу институтда ишловчи декан сифатида таништиради, Б.М. ва Б.Қ. ҳам воқеанинг бевосита иштирокчилари сифатида ҳаракат қилишади.

Бироқ уларнинг режаси иш бермайди ва Самарқанд шаҳридаги ресторанландан бирида 14.000 АҚШ долларини санаб олаётган чоғда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ашёвий далил билан жиноят устида қўлга олинади.

Суд мажлисида судланувчилар олинган пулларни аниқ бирор мансабдор ва амалдор шахсга бериб, абитуриентни ўқишга киритиш масалани ҳал қилиш эмас, К.Ш.га пул керак бўлгани учун О.Ғафуровни алдаб, пул ишлаб олмоқчи бўлганини таъкидлашган.

Суд судланувчилар – К.Ш., Ф.М., Б.М. ва Б.Қ.ни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-, 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» банди ва 28-, 211-моддаси (Пора бериш) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.

К.Ш.га нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баробари миқдорида жарима жазоси ва 7,5 йил муддатга озодликдан маҳум қилиш жазоси, Ф.М.га нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида жарима жазоси ва 5 йил муддатга озодликдан маҳум қилиш жазоси, М.Б. ва Б.Қ.га нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баравари жарима жазоси ва 5,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

2019-02-11 20:29:13  |  2112 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация