Божхоначилар 37,7 минг доллар нақд пул яширинча чиқиб кетишининг олдини олишди



 
  Расм манбаси : Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати

Ўзбекистон божхоначилари нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб чиқилишига доир қоидабузарликларни фош қилди. 3 та ҳолатда жами 37,7 минг АҚШ доллари яширинча олиб чиқилишининг олди олинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси «С.Нажимов» чегара божхона пости орқали қўшни давлатга йўл олган фуқаро Т.Қ.нинг безовталаниши божхоначиларнинг диққатини тортди.

Шундан сўнг холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, ушбу шахс божхона назоратидан яширинча олиб чиқиш учун 8700 АҚШ долларини кийимлари остидан оёқларининг сон қисмига боғлаб олганлиги аниқланди.

«Бекобод-Авто» чегара божхона постида эса қўшни давлат фуқароси К.М. шахсий кўрик давомида божхоначилар қаршисида ер чизиб қолди. Чунки, у ҳам йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, 10 минг АҚШ долларини чўнтакларига яширганча олиб чиқмоқчи бўлган экан.

Шунингдек, мазкур постда божхоначилар қўшни давлат фуқароларидан яна бири З.А.нинг қилмишларига нуқта қўйишди. Ушбу шахс бошқарувидаги «Мерседес-бенц 200» русумли автомашинанинг кўздан кечириш давомида, салонга божхона назоратига тақдим қилинмаган 19 минг АҚШ доллари яшириб қўйилганлиги фош қилинди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жисмоний шахсларга 5 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда нақд хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.

2000 АҚШ доллари ва ундан ортиқ бўлмаган эквивалентдаги нақд хорижий валюталарни олиб чиқишда эса уларни йўловчи божхона декларациясида кўрсатиш талаб этилмайди.

Норезидентлар, яъни Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган ёки Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан нақд хорижий валюталарни олиб чиқиш улар томонидан Ўзбекистон Республикасига кириш чоғида тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида амалга оширилади. Яъни, киришда тўлдирилган йўловчи божхона декларациясида кўрсатилган нақд хорижий валюта суммасидан ортиқча бўлмаган миқдордаги нақд хорижий валютани олиб чиқишга рухсат этилади.

2018-09-20 18:37:38  |  2074 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация