Туман прокурори ўринбосари машинада пиёдани уриб юборди. У вафот этди
Жиззах вилояти, Арнасой тумани прокурорининг ўринбосари Дилшод Каримов автомобилда одам уриб кетди – у касалхонада вафот этди.
Воқеа 2018 йил 16 сентябрь куни соат 17:30 ларда «Жиззах – Учтепа – Навбаҳор» автомобиль йўлининг Пахтакор – Жиззах йўналиши 16-км.да содир бўлган.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, Д.Каримов отаси Бадриддин Каримовга тегишли «Нексия-1» автомашинасини бошқариб бораркан, ортидан ҳаракатланиб келган «Daimler Benz 210 СПГ» русумли автомашина ҳайдовчиси Ж. йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб, уни қувиб ўтади ва кескин тормоз берган ҳолатда, уни тўхтатишга ҳаракат қилади. Натижада Д.Каримов бошқарувни йўқотиб, йўлнинг чап томонида жойлашган уйларнинг йўлагига чиқиб кетган ва йўлакда ҳаракатланиб келаётган пиёда Г.Эгамбердиевани уриб юборган.
Фуқаро Г.Эгамбердиева олган тан жароҳатлари натижасида РШТЁИМнинг Жиззах филиалида вафот этган. Судга оид тиббий экспертизасининг бирламчи хулосасига кўра, марҳума Г.Эгамбердиевага етказилган жароҳат оғирлик даражаси бўйича «ҳаёт учун хавфли бўлган» тан жароҳати, деб баҳоланган.
Д.Каримов «бош мия чайқалиши, пешона соҳаси тирналган тан жароҳати ва ўнг елка чиқиши» тан жароҳатлари билан РШТЁИМнинг Жиззах филиали нейрохирургия бўлимига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратурасининг 18-бўлими томонидан олиб борилмоқда.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш