Адлия вазирлиги президент қарори талқини бўйича аниқлик киритди
Адлия вазирлиги президентнинг 2018 йил 7 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг малакали мутахассислари томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини айрим нашрлар бузиб талқин қилаётганини таъкидлади ва ушбу масала юзасидан аниқлик киритди.
“Қарор матни ва нормалар жуда оддий тилда тушунарли қилиб ёзилган бўлса-да, айрим интернет нашрлари бу қарор мазмун ва моҳиятини умуман нотўғри талқин қилиб, ҳақиқатдан анча йироқ бўлган тушунтиришларни тарқатишмоқда”, – деб таъкидланади Адлия вазирлигининг “Нuquqiy axborot” каналидаги хабарда.
“Чет элдан келадиган юқори малакали ва малакали мутахассисларга давлат томонидан 60 минг доллар ойлик тўланар экан деган умуман асоссиз ва мантиқсиз фикрлар билдирилган. Юқори ойлик тўлашни ташкилотларнинг ўзи ҳал қилади, бу чет эллик мутахассис ва иш берувчининг ўзлари ҳал қиладиган масаладир. Давлатнинг бу жараёнга алоқаси йўқ.
Адлия вазирлиги ОАВларни ушбу қарорга нотўғри шарҳ беришдан тийилишга чақиради ва қарор бўйича ҳар қандай саволларга жавоб ва тушунтиришлар беришга тайёрлигини маълум қилади.
Қарорнинг мақсади бугунги кунда иқтисодиётимизни ривожлантириш учун зарур бўлган хорижий мутахассисларни Ўзбекистонга кенг жалб қилиш, жалб қилганда ҳам хориж давлатининг ҳар қандай фуқаросини эмас, балки фақат малакали ва юқори малакали мутахассисларни жалб қилишдир”, – дейилади хабарда.
Шунингдек, хабарда таъкидланишича, Ўзбекистонга жалб қилиниши кутилаётган ходимлар юқори малакали ва малакали чет эл мутахассислари деб аталувчи иккита категорияга бўлинди.
Бунинг асосий сабаби, агар ушбу қарорда белгиланган мезонларга мос келадиган чет эллик давлатимиздаги ташкилотлар таклифига биноан меҳнат қилиш учун келса ва белгиланган талабларга жавоб берса, у бир қатор имтиёзларга эга бўлади.
Бу имтиёзлар мамлакатимиз фуқаролари фаолиятига, уларнинг мақомларига ёки бошқа муносабатларига умуман алоқаси бўлмаган масалалардир.
Жумладан, ушбу 2 та категорияга мос келган мутахассис (юқори малакали ва малакали):
– Ўзбекистонга келиши ва ишлаши учун рухсатнома олишида енгилликлар белгиланди (олдин 2 та рухсатнома олиши керак бўлган), рухсатномалар учун тўловлар камайтирилди, муддати 3 йилгача узайтирилди (аввал ҳар йили бир марта қайтадан олишга мажбур бўлган);
– ўриндошлик асосида Ўзбекистонда ишлаши мумкин бўлди;
– Ўзбекистонга келиш учун виза эса меҳнат шартномасида кўрсатилган муддатга бериладиган бўлди, муддатни узайтириш учун чет элга чиқиб, ариза бериш шарт эмас, яъни Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб, кейин яна қайтиб кириш мажбурияти йўқ;
– ходимнинг ўзига ва оила аъзоларига меҳнат шартномаси муддатига мос равишда Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома берилади.
Яъни, келтириб ўтилган ва қарордаги бошқа имтиёзлар Ўзбекистон учун энг керакли мутахассисларни жалб қилиш учун белгиланган. Бу тажриба кўплаб мамлакатларда жорий этилган.
Оладиган маош миқдори ва бошқа юқори талаблар эса Ўзбекистонда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари, инвесторлар ёки бошқа ташкилотлар тартибсиз равишда чет элдан ҳар хил мутахассисларни жалб қилишининг олдини олиш мақсадида киритилган.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш