Ота-онасига қўл кўтарган ўғилга 1 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди
Судланувчини болалигида меҳрибонлик уйидан асраб олиб, вояга етказишган экан
Самарқанд шаҳрида Қосим Тўхтаев (исмлар ўзгартирилган) уни тарбиялаб вояга етказган ота-онасини ҳақорат қилгани ва ургани учун жавобгарликка тортилиб, суд томонидан унга 1 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Kun.uz хабарига кўра, Қ.Тўхтаев 2016 йилда ҳам судланган, аммо ўшанда ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги инобатга олиниб, ЖКнинг 105-моддаси (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) билан малакаланган жинояти учун жазодан қутулиб қолган экан.
Маълум қилинишича, судланувчи тутинган ота-онаси билан 2015 йилдан буён келишмаган. Воқеа содир бўлган куни у дастлаб ота-онасини қаттиқ ҳақорат қилади, отаси койиб инсофга чақирганида эса куч ишлатиб унга шикаст етказади. Ҳатто орага тушган онасини ҳам аямайди. Шундан сўнг ота-она ички ишлар идорасига мурожаат қилади.
Судья А.Олтибоевнинг раислигида ўтган Самарқанд шаҳар судининг очиқ сайёр суд мажлисида айбдор, жабрланувчи ва гувоҳларларнинг кўрсатмаси тингланиб, ҳукм эълон қилинди.
Гарчи судланувчи ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлиги енгиллаштирувчи ҳолат, деб топилган эса-да, ушбу жиноятни қасддан содир этгани оғирлаштирувчи ҳолат ўлароқ баҳоланди ҳамда Қосим Тўхтаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилди ва унга 1 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш