Жиноятга мойил ўсмирлар учун махсус ўқув муассасалари ташкил қилинди
Уларга 14 ёшга тўлган ва 18 ёшдан ошмаган “муаммоли” вояга етмаган шахслар суд қарори асосида жойлаштирилади
Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан қуйидагилар негизида Республика ўғил болалар ҳамда Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси ташкил этилди:
Бахт шаҳридаги ўғил болалар махсус коллежи;
Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи;
Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ўғил болалар мактаб-интернати;
Чиноз туманидаги 5-сонли қиз болалар мактаб-интернати.
Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси Миллий гвардияга, Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси Ички ишлар вазирлигига бириктирилди.
Республика ўқув-тарбия муассасаларига 14 ёшга тўлган ва 18 ёшдан ошмаган қуйидаги вояга етмаганлар суд қарори асосида жойлаштирилади:
ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган;
айблилиги тўғрисидаги масала ҳал қилинмай туриб жиноий жавобгарликдан озод қилинган;
Республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш тариқасидаги мажбурлов чораси қўлланилган ҳолда жиноий жазодан озод қилинган;
профилактика иши олиб борилаётганлигига қарамай ҳуқуқбузарликларни давом эттираётганлар.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш