Машҳур каратэчи Нурхон Нафасовга қарши жиноят иши очилган



 
  Расм манбаси : Olympic.uz

Каратэ федерациясининг собиқ раҳбари растрата ва товламачилик каби жиноятларда айбланмоқда

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти машҳур ўзбек каратэчиси, Ўзбекистон Каратэ миллий федерациясининг собиқ раиси Нурхон Нафасов ва бошқаларга нисбатан жиноят иши очган.

Бу ҳақда Бош прокуратура эмас, балки Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) расмий сайтида хабар берилди.

Унда айтилишича, Нурхон Нафасов ва бошқаларга нисбатан жиноят иши МОҚ тақдим этган маълумотлар асосида 2018 йилнинг 16 ноябрь куни қўзғатилган. Улар Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва 165-моддаси (Товламачилик) 1-қисми бўйича айбланмоқда.

“Тергов жараёнида амалга оширилган тафтиш натижасида ноқонуний хатти-ҳаракатлар тўғрисидаги бирламчи маълумотлар ўз тасдиғини топди”, дейилади МОҚ хабарида.

Гап Н.Нафасов иккинчи марта Федерация раиси бўлиб ишлаган давр – 2018 йилнинг 16 майидан – октябрь ойигача бўлган вақт ичида “белгиланмаган тарзда сарфланган” 125 миллион 557 минг сўм маблағ ҳақида бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, Нурхон Нафасов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устаси унвони ва 6 ДАН қора белбоғ соҳиби саналади. У 1996-2006 йилларда ҳам Ўзбекистон Каратэ миллий федерацияси президенти лавозимида ишлаган.

Нурхон Нафасов иккинчи марта Федерацияни бошқарган даврда ташкилотнинг эски раҳбарияти билан зиддиятлар, шунингдек Миллий олимпия қўмитаси билан тушунмовчиликлар юзага келгани айтилади.

2019-01-23 21:03:51  |  2168 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация