Ҳамма айб адвокатдами?



 
  Расм манбаси : 

“Advokat” журналининг кейинги икки сонида чоп этилган “Олий суднинг хати изсиз йўқолди”, “Олий суддаги оғриқли нуқта” сарлавҳали мақолалар, тўғриси, одамни саросимага солади. Чунки мазкур мақолаларда ёритилган ҳолатлар энг мартабали идораларда ҳам қонунга беҳурматлик оддий ҳолга айланиб қолганлигига ишорадир. Ахир фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган адвокатки ҳақиқат қарор топишида охирги инстанция ҳисобланадиган Олий суддек идорадан битта хатига жавоб ололмай ойлаб сарсон бўлар экан, оддий фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳақида нима ҳам дейиш мумкин?

Масаланинг иккинчи томони шундаки, бугун мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик жамият барпо этиш учун адвокатура институти обрўсини кўтариш ҳақида кўп гапирилмоқда. Аммо асосан суд идоралари билан ишлайдиган адвокат бу йўналишдаги энг юқори идори бўлмиш Олий суддан оддий хатига жавоб ололмай югуриб юрса фуқаролар ўртасида ҳурмат қозона олиши мумкинми? Ахир адвокатга ишонч билдирувчи фуқаро учун фақат ишнинг натижаси қизиқ. Яъни адвокатнинг ўз ҳимоясидаги шахс ҳуқуқларини етарли даражада ҳимоя қила олмаслигига қайсидир идораларнинг масъулиятсизлиги сабаб бўлса ҳам, барибир, ҳимоя истаган фуқаро учун фақатгина адвокат лаёқатсиз бўлиб туюлаверади. Адвокатнинг парда ортидаги “ташвиш”ларини у тушунмайди ҳам, тушунишни истамайди ҳам. Масалан, адвокат иш бўйича судда ёки бошқа идораларда ўз ҳимоясидаги шахслар манфаатига хизмат қилувчи қонун меъёрларини ҳарчанд қалаштириб ташламасин, шу қонунлар ижросини таъминловчи мансаб­дор ёки идора қасдданми, билмасданми, уларни тўғри татбиқ этмаса, адвокатнинг меҳнати рўёбга чиқмай қолаверади. Ким ёмон, яна адвокат ёмон...

Шу маънода “Ўзбекистон” телеканалида 2018 йилнинг 5 декабрь куни адвокатура соҳасидаги Президент Фармони мазмун-моҳияти ва ижросига бағишлаб ўтказилган “Муносабат”  ток-шоусида адвокатлар шаънига айтилган баъзи гаплар менга жуда оғир ботди. Айниқса, баҳсда қатнашганлар томонидан адвокатлик фаолиятининг моҳияти яхши очиб берилмаганлиги оқибатида адвокатларнинг шундоқ ҳам ер билан баробар бўлиб ётган шаъни устига яна бир бор мағзава ағдарилгандай бўлди. Шу боис бу кўрсатув ҳақида ҳам баъзи фикрларимни айтишга жазм қилдим.

Аввало, адвокатлик фаолияти нима эканлигига ойдинлик киритиб олмай туриб бу ҳуқуқий институт ҳақида фикр билдиришнинг ўзи тўғри эмас эди. Зеро, “Адвокатура тўғрисида”ги Қонунга кўра “Адвокатура — ҳуқуқий институт бўлиб, у адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар ҳамда хусусий адвокатлик амалиёти билан шуғулланувчи айрим шахсларнинг мустақил, кўнгилли, касбий бирлашмаларини ўз ичига олади. Адвокатура Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекис­тон Республикаси фуқаролари, ажнабий фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахсларга, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга юридик ёрдам кўрсатади”. Демак, адвокатларнинг зиммасига қўйилган асосий вазифа юридик ёрдам кўрсатишдан иборат.

Шу Қонуннинг  5-моддасида эса “Адвокатлик фао­лиятининг турлари” белгиланган бўлиб, “Жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида адвокат:

— ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар, қонун ҳужжатлари юзасидан оғзаки ва ёзма маълумотномалар беради;

— ҳуқуқий хусусиятдаги аризалар, шикоятлар ва бош­қа ҳужжатларни тузади;

— фуқаролик ишлари ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича судда, бошқа давлат органларида, жисмоний ва юридик шахслар олдида вакилликни амалга оширади;

— жиноий ишлар бўйича дастлабки терговда ва судда ҳимоячи, жабрланувчининг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар сифатида иштирок этади;

— тадбиркорлик фаолиятига юридик хизмат кўрсатади”.

Кўриниб турибдики, бу фаолият турларининг барчаси биргина тушунча — “юридик ёрдам” тушунчасини ўзида ифода этади.

Кўрсатув пайтида намойиш қилинган лавҳаларда эса адвокатлар фаолияти тўғрисида салбий фикрларини билдирган шахслар ўзларининг ишлари адвокатлар томонидан бажариб берилмаганлигини рўкач қилишди. Ваҳоланки, адвокатура бирор ишни бажариб берувчи пудратчи ташкилот эмас. Ахир, Қонунда таъкидланганидек, адвокатлар ўз фаолиятларини амалга оширишда фақат юридик ёрдам кўрсатадилар, холос.

Қолаверса, адвокат томонидан юридик ёрдам кўрсатилаётган ҳар бир ҳолатга индивидуал ёндашиш лозим. Зеро, адвокатга мурожаат қилган фуқаролар кўпинча ишнинг асл моҳиятини яширадилар ёки барча ҳолатни тўлиқ айтмасдан, фақат ўзларининг фойдасига талқин қилиниши мумкин деб ўйлаган қисминигина адвокатга баён қиладилар. Иш ҳолати ўрганилиб, асл моҳият очилиб қолганида, яъни вазият унинг фойдасига зид эканлиги маълум бўлганида эса “Мен бу нарсани аҳамиятли эмас деб ўйлабман” деганича ўзларини орқага ташлайдилар. Улар орасида ҳатто тўлаган гонорарларини қайтаришни адвокатдан талаб қиладиганлари ҳам топилади. Чунки аксарият фуқаролар ўзлари хоҳлаётган натижага эришиб бера олсагина адвокат ҳақ олиши керак деб ўйлайдилар. Улар учун адвокатнинг тегишли вазиятни қонун юзасидан ўргангани, ҳуқуқий маслаҳат бергани, жумладан, уларнинг ноҳақ эканлигини тушунтириб қўйгани аҳамиятли эмасдек гўё. Мана шунинг ўзи ҳам дуч келган одамнинг гапини адвокат фаолиятига берилган холис баҳо сифатида кўр-кўрона талқин қилиб бўлмаслигини кўрсатади.

Бундан ташқари, шу кўрсатувнинг ўзида охирги икки йил мобайнида олти юз нафардан ортиқ судланувчиларга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганлиги факти айтиб ўтилди. Аммо негадир шу оқлов ҳукми чиқарилган шахсларнинг биронтасидан интервью олинмаган, адвокат ҳақидаги уларнинг фикр­лари сўралмаган. Ҳеч бўлмаса давра суҳбатидаги бирон киши фақат адвокатларнинг саъй-ҳаракатлари билангина оқлов ҳукмларига эришилишини эътироф этмади.

Аслида адвокатура — бу демократия кўзгуси. Қайси давлат ўз фуқароларига ҳурмат билан қараса, ўша ерда адвокатнинг ҳам нуфузи баланд бўлади. Шу маънода муҳтарам Президентимиз томонидан адвокатларнинг нуфузини кўтариш мақсадида Фармон чиқарилгани айни муддао ва бунинг учун фақат миннатдор бўлишимиз керак.

Бироқ фақат қонуний ҳуқуқ­ларни белгилаб олиш билангина эл орасида ҳурматга эришилмайди. Умуман, фармону қарорларни кўпайтириш эвазигагина бирон соҳанинг нуфузини ошириб бўлмайди. Энг муҳими, ана шу қонун ҳужжатлари амалда ишлаши лозим. Акс ҳолда давлатнинг ҳам обрўси қолмайди. Чунки қонунлар давлатнинг ўз фуқароларига берган кафолати, яъни лафзидир. Қайсидир масъ­ул мансабор шахс қайсидир бир қонун меъёрининг (ҳатто арзимас бўлиб туюлган меъёрлар бўлса ҳам) бажарилишини таъминламас ёки ўзи уни бузар экан, аввало, давлатнинг лафзи бузилади. Оқибатда эса давлатга ишончсизлик пайдо бўлади.

Қонун — бу маданият! Инсониятнинг, тўғрироғи, шу қонун амал қиладиган ҳудудда яшовчи халқнинг онгли ҳаёти мобайнида эришган ютуқлари инъикосидир. Шу боис ҳам қонунга ҳурмат — бу халққа, унинг маданиятига бўлган ҳурмат белгиси саналади!

 

Қонунимиз тубдан янгиланиши лозим!

Ҳа, ўрни келганида адвокатура фаолиятига оид Қонунимизни тубдан янгилаш лозимлиги ҳақидаги фикримни ҳам яна бир бор таъкидламоқчиман (Бу ҳақда тегишли идораларга аввал ҳам мурожаат қилганман). Шунингдек, Қонуннинг янги лойиҳасини яратиш ишлари муқаддам давлат идораларида ишлаган шахсларга ташлаб қўйилишидан ҳам эҳтиёт бўлиш керак деб ўйлайман. Аксинча, соҳанинг ичида юрган, унинг муаммоларини яхши билган одамларни кўпроқ жалб этиш керак бу ишга.

Шу ўринда айтадиган бўлсам, соҳага доир қонун ҳужжатлари лойиҳаси устида адвокатлик институтини тушунадиган шахслар ишлаганида, жумладан, адвокатурага рақобатчи тузилма ташкил этиш каби таги бўш ғояларнинг пайдо бўлишига йўл қўйилмас эди. Чунки улар аслида ҳар бир адвокат иккинчисига рақобатчи эканлигини биларди. Шундоқ ҳам бу соҳада устамон “юрист”лар кўпайиб кетганини тушунгани боис уларнинг тижорат ташкилоти тузиб олиб, юридик ёрдам кўрсатишлари учун қонуний йўл очиб берилмасди.

Шунингдек, қонунларга киритилаётган айрим янги моддаларнинг бошқа моддаларга зид бўлиб қолаётгани ҳам лойиҳалар устида ўз ишининг мутахассислари ишлаётганига шубҳа уйғотади. Жумладан, “Адвокатура тўғрисида”ги Қонунга киритилган 71-моддада адвокатлик сўровига қўйиладиган талаблар нималардан иборат эканлиги белгилаб берилган бўлиб, унга кўра адвокат сўровида “адвокат кимнинг манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилаётган бўлса, ўша жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки юридик шахснинг номи” кўрсатилиши ҳамда “ордернинг  кўчирма нусхаси” илова қилиниши лозимлиги белгиланган. Ваҳоланки, шу қонуннинг 9-моддасида адвокатнинг адвокатлик сирини сақлаши шартлиги кўрсатилган. Адвокатлик сири жумласига эса “ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) адвокатдан ёрдам сўраб мурожаат мурожаат этган масалалар, адвокатдан ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) олган маслаҳатлар, насиҳатлар ва тушунтиришларнинг моҳияти, адвокатнинг ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан ўтказган суҳбатида тўхтаб ўтилган барча масалалар” киритилган.

Хўш, бирон мурожаат юзасидан сўров юбормоқчи бўлган адвокат бу ҳолатда нима қилади — адвокатлик сирини сотадими ёки қонунни бузмаслик учун, яхшиси, сўровнома юборишдан воз кечиб қўяқоладими?

Хуллас, соҳамизда “гап кўпу, умр оз”... Ким билади, балки бу ҳолат аслида фақатгина бизнинг соҳамизда ҳам эмасдир...

Нўмонжон СОДИҚОВ, Андижон шаҳридаги «NUR-ZIYO  FEMIDA» адвокатлар ҳайъати ­бошқарувчиси.

2019-02-05 09:52:44  |  2351 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация