«Дарё»: Булунғурда судья тадбиркорнинг автомобилини аукционда сотиб юборди



 
  Расм манбаси : Дарё

Бу ишнинг қонунга хилофлиги хусусида Олий суд ажрим, Самарқанд шаҳар суди эса қарор чиқариб қўйган, аммо ижро йўқ. Ҳатто вилоят ҳокимининг кўрсатмасидан кейин ҳам мулк эгасига қайтарилмаяпти

«Дарё» нашри таҳририяти Самарқанд вилояти Булунғур тумани Мингтепа МФЙда яшовчи тадбиркор, «Диёр-Олимхон» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдурасул Раҳимбердиевнинг, унга қарашли 2015 йилда ишлаб чиқарилган Nexia-2 ДОНC русумли автомашинаси 2017 йилнинг 22 июнь куни Фуқаролик ишлари бўйича Пастдарғом туман суди раиси А.Болтаев ҳукми асосида ким ошди савдоси йўли орқали Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи Дадахон Бурхоновга сотиб юборилганлиги юзасидан шикояти бўйича суриштирув ўтказди.

«2017 йилнинг 23 апрель куни ‘Мароқанд’ автомобиль бозоридан давлат рақами 30 L 648 ОА Nexia-2 ДОНC русумли автомобилни 5800 АҚШ долларига сотиб олдим. 2017 йилнинг 5 май куни нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномасига асосан Манзура Хўжаева Nexia-2 ДОНC автомашинасини менга расмийлаштириб берди. Аммо кутилмаганда Фуқаролик ишлари бўйича Пастдарғом туман суди раиси А. Болтаевнинг ҳукми асосида автомобиль ким ошди савдосида сотиб юборилди», – дейди Абдурасул Раҳимбердиев.

Маълум бўлишича, Абдурасул Раҳимбердиев сотиб олган автомобиль Абдураҳмон Ўктамовга тегишли бўлган. 2016 йилнинг 4 декабрь куни Абдураҳмон Ўктамов Nexia-2 ДОНC автомобилида Азиза Ҳакимова исмли фуқаронинг Malibu автомашинаси билан тўқнашув содир қилган. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2017 йил 10 февралдаги қарори асосида Абдураҳмон Ўктамов маъмурий жавобгарликка тортилиб, 15 071 495 сўм миқдорида моддий зарар тўлаш юзасидан суд ҳукми чиққан.

Абдураҳмон Ўктамовнинг онаси Манзура Хўжаева автоҳалокат натижасида жиддий жароҳат олган ўғлини касалхонага даволатиш учун пул зарур бўлганлиги учун Nexia-2 ДОНC русумли автомобилни сотишга мажбур бўлган. Автомобиль сотилаётган вақтда ҳеч қандай тақиқда турмаган. Азиза Ҳакимовага тўланиши лозим бўлган моддий зарар Абдураҳмон Ўктамовнинг иш ҳаққидан тўлаб берилиши белгилаб берилган.

2017 йилнинг 2 март куни Абдураҳмон Ўктамов нотариал тасдиқланган ҳадя шартномасига асосан автомобилни онаси Манзура Хўжаевага ҳадя қилган. Ўз навбатида Манзура Хўжаева автомобилни Абдурасул Раҳимбердиевга сотган.

Суд ҳукми билан Абдурасул Раҳимбердиевга тегишли бўлган автомобиль қайтариб олинган ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси «Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази» давлат унитар корхонасининг 2017 йил 21 ноябрдаги «ОА 0705-000003-сонли «Электрон-онлайн аукцион натижалари тўғрисида»ги баённомасига асосан автотранспорт воситаси сотилган.

«Фуқаролик ишлари бўйича Пастдарғом туман суди раиси А. Болтаев қайси асослар билан ўзганинг мулкини ким ошди савдосига сотиш тўғрисида ҳукм чиқарганини тушунмадим. Бир ярим йил давомида президент қабулхонасига ва бошқа инстанцияларга ариза билан мурожат қилиб келдим. Улар аризаларимни қайтадан яна ўша судьянинг ўзига юборишди. Судья эса, аризани кўтариб президентга борсангиз ҳам барибир менинг айтганим бўлади, дея мени масхара қилди. Олий суднинг ажримини тан олмайман. Уни Тошкентда ўтирганлар чиқарган. Олий суд чиқарган ажрим билан автомашинангизни топиб олинг деб мени ҳақорат қилди», – дейди Абдурасул Раҳимбердиев.

Салкам икки йиллик оворагарчиликлардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йил 15 январь кунги ажрими, ФИБ Самарқанд шаҳар судининг жорий йил 22 июндаги ҳал қилув қарори асосида Nexia-2 ДОНC русумли автомобили Абдурасул Раҳимбердиевга қайтариб берилиши юзасидан қарор чиқарилган.

Бироқ, бугунги кунда бу ишни бажаришга масъул бўлган Мажбурий ижро бюроси негадир ишни пайсалга солиб келмоқда. Хусусан, Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилояти Олтиариқ туман бўлимига 2018 йилнинг 16 июль куни автомобилни эгасига қайтариш юзасидан мурожаат қилган. Бироқ, МИБ Олтиариқ туман бўлими мазкур ижрони таъминламай келмоқда.

«Диёр Олимхон» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдурасул Раҳимбердиев Фуқаролик ишлари бўйича Пастдарғом туман суди судьяси А.Болтаевнинг чиқарган ҳукми ва етказилган моддий зарари юзасидан 2018 йилнинг 24 сентябрь ва 6 ноябрь кунлари Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовга мурожаат қилган. Бироқ, ҳеч қандай натижа бўлмаган.

«Вилоят ҳокими Эринжон Турдимов билан икки бор учрашдим. Иккала учрашувда ҳам вилоят прокурорига менинг муаммомни зудлик билан ҳал қилиб бериш бўйича топшириқ берди. Аммо Самарқанд вилоят прокуратураси, Мажбурий ижро бюроси вилоят бўлими ҳокимнинг топшириғини бажаргиси келмаяпти. Битта автомобиль можароси сабаб бугун тадбиркорлик фаолиятим инқирозга юз тутди. Оилам пароканда бўлди. Наҳотки мутасадди ташкилот вакиллари ўз ишига шунчалик совуққонлик билан ёндошади», – дейди Абдурасул Раҳимбердиев.

Шу ўринда савол туғилади. Абдурасул Раҳимбердиев автомобилни ўз номига расмийлаштириб олгунча нотариус Н. Норқулов, Самарқанд вилояти Йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси масъул ходимлари нимани ўрганиб чиқди. Ахир Абдурасул Раҳимбердиев барча ҳужжатларни тегишли ташкилотлар орқали амалга оширганку? Бу ваколатли шахсларнинг ўз вазифасига бўлган масъулиятсизлик эмасми?

Бу эса алоҳида мавзу.

2018-12-30 14:49:20  |  2251 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация