Кам таъминланган оилаларга нафақа ва моддий ёрдам қандай тартибда тўланади?



 
  Расм манбаси : teleradio.uz

Сўнгги вақтларда таҳририятга аҳолидан кам таъминланган ва кўп болали оилаларга нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш тартибига оид кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Шунга кўра, қайд этилган масалага оид мурожаат ва саволлар юзасидан амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва қоидаларга оид тушунтириш беришга қарор қилдик.

Нафақа ва моддий ёрдамнинг қандай турлари мавжуд, у кимларга берилади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори билан тасдиқланган Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга кўра нафақа ва моддий ёрдамнинг қуйидаги турлари мавжуд:

- болали оилаларга, яъни 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа;

- бола парвариши бўйича нафақа, яъни бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа;

- кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам.

Юқорида қайд этилган низомга кўра, ушбу нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори энг кам ойлик иш ҳақи (жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган)нинг 1,5 баравардан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.

Фуқаролар йиғини томонидан эҳтиёжманд деб эътироф этилган оила нафақа ёки моддий ёрдамнинг фақат бир турини олиш ҳуқуқига эга.

Қуйидагилар болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олишда устунлик ҳуқуқига эга:

ота-онасининг иккисини ҳам йўқотган, болалар тарбияси билан эса қариндошлар шуғулланаётган оилалар;

ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар;

14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошлардан алоҳида яшаётган бева аёллар (бева эрлар);

ногирон боласи (болалари) бўлган оилалар;

болани (болаларни) тўлиқ бўлмаган оилада тарбиялаётган оналар (оталар). Бунда боланинг амалда тўлиқ бўлмаган оилада она (ота) томонидан тарбияланишини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи белгилайди;

ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш изловчи сифатида бандликка кўмаклашиш марказларида ҳисобда турган оилалар;

ёлғиз пенсионерлар.

Оила даромади қандай ҳисобланади?

Оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад, болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам олиш учун мурожаат қилинган ойдан олдинги охирги уч ой учун ҳисоблаб чиқилган оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосининг ўртача ойлик даромади суммасини оила таркибига киритиладиган оила аъзолари сонига бўлинган ҳолда аниқланади.

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олиш учун оила таркибига:

болаларнинг отаси, онаси ёки никоҳдаги ҳар икки ота-онаси (фарзандликка олувчилар);

ота-оналар билан бирга яшайдиган ва уларнинг қарамоғида бўлган болалар, шунингдек ота-оналар билан биргаликда яшайдиган ва ўз оилаларига эга бўлмаган 16 ёшдан катта ёшдаги болалар (шу жумладан, фарзандликка олинган болалар);

болаларнинг улар билан биргаликда яшайдиган боболари ва бувилари;

болаларнинг ота-оналари (фарзандликка олувчилар) билан биргаликда хўжалик юритувчи бошқа шахслар киритилади.

Оиланинг биргаликда яшовчи аъзолари таркиби фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан белгиланади.

Болали оилаларга нафақалар, бола парвариши бўйича нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш учун ўртача ойлик жами даромад миқдорини ҳисоблаб чиқишда инобатга олинадиган оила таркибига қуйидагилар киритилмайди:

нафақа ёки моддий ёрдам олиш учун мурожаат қилган ота-оналарнинг ака-ука ва опа-сингиллари, агар уларнинг ўз оилалари бўлса;

ота-оналари уларга нисбатан ота-она ҳуқуқларидан маҳрум этилган болалар;

тўлиқ давлат таъминотидаги болалар, шунингдек васийликка (ҳомийликка) олинган болалар;

чақириқ бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган ёхуд ҳарбий таълим муассасасида ўқиётганлиги сабабли оилада бўлмаган ота-она (фарзандликка олувчи);

суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўйича жазони ижро этиш жойларида эканлиги муносабати билан оилада бўлмаган ота ёки она (фарзандликка олувчи).

Агар бир уй хўжалигида (бир почта манзили бўйича) болали икки ва ундан ортиқ оилалар яшаган тақдирда, болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олиш учун бир оила таркибига болаларнинг ота-оналари, шунингдек уларнинг боболари ва бувилари ҳамда болаларнинг ота-оналари билан биргаликда хўжалик юритувчи бошқа шахслар, улар нафақа тайинлашда бошқа болали оилада ҳисобга олинмаган бўлса, қабул қилинади.

Ўртача ойлик жами даромад миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган оиланинг жами даромадига, оила аъзолари томонидан олинган қуйидаги даромадлар киритилади:

меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар;

мулкий даромадлар;

якка тартибдаги тадбиркорнинг даромади;

чет элда ишлайдиган ёки тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган оила аъзоларидан пул тушумлари суммаси;

пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар (ушбу Низомда назарда тутилган тартибда оила олаётган нафақа ёки моддий ёрдамдан ташқари);

шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритишдан олинган даромад;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа даромадлар.

Меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар ҳисобланган сумма бўйича ҳисобга олинади (солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар чегириб ташлангунга қадар).

Оиланинг ўртача ойлик жами даромади фуқаролар томонидан ушбу Низомнинг 13-бандига мувофиқ тақдим этиладиган оиланинг таркиби ва оила аъзоларининг даромадлари тўғрисидаги маълумотлар асосида аниқланади.

Агар оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосининг ўртача ойлик даромадлари тўғрисида тақдим этилган маълумотларда даромад суммаси кўрсатилмаган бўлса ёки энг кам ойлик иш ҳақининг 2,5 бараваридан кам сумма кўрсатилган бўлса, у ҳолда оиланинг ўртача ойлик жами даромадини ҳисоблаш учун даромадни нормативдан паст кўрсатган ёки даромади мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмаган оила аъзоларининг ҳар бирига нафақа ёки моддий ёрдамга мурожаат қилинган ойда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 2,5 бараварига тенг бўлган норматив даромад миқдори қабул қилинади.

Ушбу қоида:

бола икки ёшга тўлгунга қадар унинг парвариши билан банд бўлган оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга);

таълим муассасаларида ўқиётганларга (меҳнат шартномасига мувофиқ ишларни амалга ошириш ҳоллари бундан мустасно);

ишламайдиган пенсионерларга;

амалда шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритиш билан банд бўлган оила аъзосига;

туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказларида ишсиз сифатида рўйхатга олинган фуқароларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Агар тақдим этилган маълумотларда шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритишдан олинган ўртача ойлик даромад миқдори кўрсатилмаган ёхуд шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритишдан олинадиган белгиланган норматив даромаддан паст кўрсатилган бўлса, у ҳолда оиланинг жами даромадини аниқлаш учун шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритишдан олинадиган ойлик даромаднинг норматив миқдори қабул қилинади.

Шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритишдан олинадиган норматив даромад ушбу Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритиш учун фойдаланиладиган сотихлар сонини нафақа ёки моддий ёрдам сўраб мурожаат қилинган ойда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 0,2 миқдорига кўпайтириш йўли билан аниқланади.

Ер участкаси унумдорлиги объектив шарт-шароитларга кўра (сув билан таъминланмаганлик, тупроқнинг шўрланиши ва бошқалар) юқорида кўрсатилган миқдордаги норматив даромад олиш имконини бермайдиган ёки умуман даромад олиш имконини бермайдиган алоҳида ҳолларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив даромадга пасайиш томонига тузатиш киритишлари мумкин.

Оила даромади ва унинг таркиби ўзгарган тақдирда, ариза берувчи шахс бир ойдан кеч бўлмаган муддатда бу ҳақда нафақа ва моддий ёрдам тўлаётган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига маълум қилиши шарт.

Ким томонидан ва қандай тартибда тайинланади?

Нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг доимий яшаш (рўйхатдан ўтиш) жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан оила бошлиғи ёки бошқа муомалага лаёқатли оила аъзосининг ёзма аризаси асосида, бола парвариши бўйича нафақа эса - боланинг онаси ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг аризаси асосида тайинланади.

Нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарор фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи - посёлка, қишлоқ ва овул, шунингдек шаҳарларнинг маҳаллалари фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) ёки бундай қарорларни қабул қилиш учун фуқаролар йиғини томонидан ваколат берилган Комиссия томонидан қабул қилинади.

Махсус комиссия ариза берувчининг яшаш жойига чиққан ҳолда оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини ўрганиб чиқади.

Оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини ўрганиш натижаларига кўра махсус комиссия белгиланган тартибда оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини ўрганиш далолатномасини тузади.

Далолатномада:

ўрганилаётган оиланинг таркиби;

оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларининг бандлиги тўғрисидаги маълумотлар;

шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритиш учун фойдаланиладиган ер участкаси майдони;

ўрганилаётган оиланинг моддий жиҳатдан таъминланганлиги даражасини баҳолаш;

тегишли нафақа ёки моддий ёрдамни тайинлаш бўйича хулоса кўрсатилади.

Қанча муддатга тайинланади ва миқдори қанча?

Болали оилалар (14 ёшгача болалари бўлган) нафақа ва моддий ёрдам 6 ой муддатга:

бир нафар фарзанди бўлса –122 минг сўм;

икки нафар фарзанди бўлса –203 минг сўм;

уч нафар ва ундан ортиқ фарзанди бўлган оилага – 284 минг сўм миқдорда 6 ой муддатга тайинланади ва тўланади.

Бола парвариши бўйича нафақа эса - 12 ой муддатга (бироқ бола икки ёшга тўлган ойдан кейинги ойга ўтмаслиги керак) энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари ёки 405460 сўм миқдорда тайинланади.

Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам пули оиланинг моддий ва мулкий аҳволига қараб, амалдаги 305 минг сўмдан 610 минг сўмгача миқдорда тайинланади ва тўланади.

(Ушбу миқдорлар Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086-сон қарори билан белгиланган).

Нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг ўзини ўзи бошқариш органига мурожаат қилган ойнинг кейинги ойидан бошлаб тўланади.

Ким ва қандай тартибда тўлайди?

Нафақа ва моддий ёрдамлар маҳаллий бюджетлар маблағлари ва бюджетдан ташқари манбалар (жамоат ва хайрия жамғармалари, корхоналарнинг маблағлари, фуқароларнинг ихтиёрий хайр-эҳсонлари ва бошқалар) ҳисобидан, фуқаронинг яшаш жойи бўйича Халқ банки филиали махсус кассаси ёки уларнинг хоҳишига кўра пул маблағларини фуқароларнинг депозит ҳисоб рақамларига нақд пулсиз ўтказиш йўли билан тижорат банкининг филиали орқали тўланади.

Дилшод Абдуқодиров,

Ҳуқуқшунос

Kun.uz

2019-01-18 17:53:33  |  375 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация