Милиция ходимлари фуқарони уриб, қовурғасини синдиришди. Сўнг...



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

ҚАҲРАМОН. Саҳобиддин Зайниддинов (1975 й.т.) асли жиззахлик, касби – чилангар, беш фарзанднинг отаси. Тирикчилик важҳидан куни Бўстонлиқ туманида (Тошкент вилояти) ўтади. Бир муддат Россияда мардикорчилик қилди. Иши ёмон эмасдию, аммо бир этак болани ташлаб, совуқ ўлкада юравергиси келмади. Бўстонлиққа қайтди.

Ўз юртида қандай балоларга гирифтор этилишини қайдан билсин, боёқиш.

ГУМОН. Иттифоқо, 2016 йилнинг сентябрь ойи охирларида у ва у билан Россияда бирга ишлаб келган йигитлар Бўстонлиқ тумани ИИБ ходимларининг «қизиқиш доирасига» тушдики, натижада... 15 суткага қамалди?! Албатта, қонунларимизда «Россияда ишлаб келганлик учун» жазо назарда тутилмаган. Тезкор ходимларда йигитлар Россияда нималар билан банд бўлишгани, қандайдир оқим-поқимга қўшилиб кетмаганми, деган гумон устувор эди. Бунақа гумонларга «одамга ўхшаб» суҳбатлашиш орқали аниқлик киритиш қийиндай гўё: яхшиси – «15 сутка»! Бу муддат давомида «ичкарида» шунақанги «қайноқ қабуллар уюштирилади»ки, айби бори майли, ҳатто айбсизлар ҳам жиноятчига айланмаслигига кафолат йўқ. Иродаси бўшроқлар-ку, қўйиб берса, «малика Диананинг қотили менман!» девориши мумкин... Шу боис аввалига «15 сутка»га лойиқ айб топиш «чораси» кўрилади, жин урсин!

«АНЪАНА». Бировни маъмурий ҳуқуқбузарликда айблаб, 10-15 суткага «кестирвориш» айрим ИИБ ходимларига иш бўптими? Илгари «бўлажак» маъмурий ҳуқуқбузарга нисбатан ички ишлар ходимларига «беғараз ёрдам берувчи» кимсаларга ариза ёздирилар эди: фалончи мени ҳақоратлади (ёки тегажоқлик қилди), деган мазмунда. Шунинг ўзи фалончини «ичкарига» кириб кетиши учун етиб-ортарди-да. Бундай услуб анча эскирдими ёки «беғараз ёрдам берувчи» кимсаларнинг қовун тушираверишидан зада бўлишганми, ишқилиб, кейинги пайтларда «ҳашарчи»нинг кераги бўлмай қолгандек. ИИБ ходимларининг ўзлари эплашяпти. Қандай? Оддий ва осон: «фалончи қонуний талабларимизга бўйсунмади», дея оёғини ерга теккизмай олиб кетишяпти. Яъники, жабрланувчи ҳам, гувоҳ ҳам, «фош этувчи» ҳам ўзлари, шоир лафзидан айтилсак: «ўртада бегона йўқ»! Маъмурий суднинг «тушунган» судьялари омон бўлсин: гўёки ички ишлар ходимининг қонуний талабига бўйсунмаган шўрликларга оид «дело»ларни кўпам мижиб ўтирмайди, шартта муддат берворишади...

«АЙБЛОВ»: эмишки, С. Зайниддинов 2016 йилнинг 21 сентябрь куни, «Тозалаш» тадбири ўтказилаётган пайтда, Ғазалкентнинг Марказий шифохонасида ёнида, туман ИИБ профилактика инспектори Ф.Гулметовнинг шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат кўрсатинг, деган талабига бўйсунмасдан, жамоат жойида, фуқаролар кўз олдида уни сўкиб, ҳақоратлаб ташлабди!.. Бунга унинг ҳамкасби (!) К. Раджабов гувоҳ эмиш. Вассалом. Жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судининг судья Б. Қораев «воқелик фуқаролар кўз олдида бўлди, деяпсан, қани, яна бирорта гувоҳ борми?» дея сўраб ҳам ўтирмагани-чи?!

САҲОБИДДИН: «... бизни «участкавой пункти»га олиб келишгач, ички ишлар ходимлари буларга қандай айблов ёпиштирсак, дея анча бош қотиришди. Сўнг: «сенга бунақа айблов, сенга бунақаси», деб қоғоз қоралашга тушишди. Кеч соат тўққизларда бизни жиноят ишлари бўйича туман судига олиб боришди. Ташрифимиз судья Б.Қораевга ёқмади чоғи, милиция ходимларига қараб, иш вақти аллақачон тугаган-ку, энди олиб келдиларингми, деди норози оҳангда. Шу пайт кимдир судьяни ташқарига чақирди. Қайтиб келгач, Б.Қораев тик турган ҳолда ҳаммамизга бир-бир қараб, сенга 15 сутка, сенгаям шунча, дедию чиқиб кетди. На бизни сўроқ қилди, на милиция ходимлари юмалоқ-ёстиқ қилиб келган «ишни» қўлига олди... Шу тариқа «срок» олиб кетавердик...».

САОДАТ. Ниҳоят, жазо «ўталиб», озодликка чиқдилар. Бу муддат давомида Саҳобиддин Зайниддинов ва бошқаларнинг жиноятчи, жиноятчи бўлгандаям қандайдир оқим-поқимга аъзо бўлмай чиққанининг ўзи катта саодат эди. Йўқса, тезкор ходимлар озмунча риёзат чекишдими?! Йўқ, ўхшамади: йигитлар темир эканми, ким билсин, жисмоний-руҳий азоблар кор қилмади барибир... Қўйиб юбордилар. Қўйиб юборишдан аввал «ҳеч ким бизга руҳий ва жисмоний азоб бермади» мазмунида «тилхат» ёздирволишни унутмадилар.... Бошқалар «қутулганига шукр қилиб» юришибди ҳозиргача. С.Зайдиниддиновнинг «шукр» қилгиси йўқ. Жондан ўтиб кетди-да: «ичкари»да бир эмас, иккита қовурғаси синди, ахир?! Бунақа бедодликни шундоғича қолдириб бўладими?

САНСАЛОРЛИК. Бедодликни «шундоғича қолдирмаслик» айтишгагина осон экан. Биргина рентгентга тушиб, жароҳат даражасини билишнинг ўзига озмунча сарсон бўлдими? Дўхтирхонага боради, нима бўлганини айтиб, рентгенга тушаман деса, айрим дўхтирлар ўзини орқага ташлайверади денг?! Қарасаки, иш битмайдиган, иложсиз дўхтир ҳузурида айтадиган гапларига «тузатиш киритди»: «милиция ходимлари уриб...»ни «тасодифан йиқилиб...»га ўзгартирди. Шундан кейин шифокорлар ҳаракатга тушди, текширишди, хулоса: «...иккита қовурғанг синибди-ку, укам?..».

ЯНА САНСАЛОРЛИК. Рентген шаҳодатини олгач, ёзишга тушди. Ёзаверди, ёзаверди... Кимларнинг остонасига бош урмади ўзиям: туман прокуроридан то сайёр қабул ўтказаётган Президент маслаҳатчиси ҳузуригача борди. Президент маслаҳатчиси қабулидан кейингина ишлар силжиди. Натижаки, Бўстонлиқ туман прокурори ИИБ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатди! Жиноят иши қўзғатилган санага эътибор берилса (2018 йил 18 январь!), бунгача С. Зайниддинов нақ 16 ой сарсон-саргардон бўлгани ойдинлашади (қаҳрамонимиз 2016 йилнинг сентябрь ойи охирги ўн кунлигида «15 сутка»га кетгани ёдингиздан кўтарилмадими?). Сабр-у матонатига қойилмисиз? Бу ҳали ҳаммаси эмас.

«ЎЙИН, ЎЙИН...». Айрим суд ходимлари пенсияга чиққач, бирорта рақс дастасида балетмейстерлик қилсаям бўлаверади, шекилли. Биласиз, балетмейстернинг иши «ўйнатиш»!. Улар саҳнани гир айлантириб раққосаларни ўйнатса, айрим суд ходимлари С.Зайниддиновни Бўстонлиқ – Тошкент йўналишида роса «ўйнатишди». Суд қарорини бермай! Баҳоналари сероблигини айтинг: туман судида: «дело» вилоятда, қарорни ўша ердан оласиз» дейишса, вилоятдагилар: «йў-ўқ, «дело» туманда, ўшаларга учранг», дейди. Шу баҳона билан фуқарони камида беш олти-марта «ўйнатса» бўларкан. Сўнг бошқачароқ, бироз ишонса бўладиганроқ баҳона топилади: «...сиз 15 суткага кесилган пайтда маъмурий ишларниям жиноят ишлари бўйича судлар кўрарди. Энди вазият бошқача: маъмурий ишларни кўрувчи алоҳида судлар кўрмоқда. Янги суднинг ҳатто биносиям йўқ.... Ўрнашиб олгунимизча бироз сабр қиласиз-да энди». Бунақа жўяли баҳоналар турганда «эрта келинг-индин келинг», «судья йўқ эди», «котибнинг мазаси қочиб, ишга чиқмаяпти» каби майда баҳоначаларга урғу бериш шартми?! Хуллас, С.Зайниддинов жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судининг 2016 йил 21 сентябрдаги маъмурий жазо тайинлаш тўғрисидаги қарорига нисбатан шикоят берганида 2018 йил (!) июнь ойининг биринчи ўн кунлиги поёнига етиб бўлганди.

ТУРСУНОВ. Тошкент вилоят маъмурий суди судьяси У.Турсуновга раҳмат айтмаслик инсофдан эмас. «Дело»ни бир варақлашдаёқ айблов «қўлбола» эканини тушунди, ишдаги ҳужжатлар «ҳуқуқбузар» С.Зайниддиновнинг айбини тан олиш ҳақидаги «иқрори» ИИБ ходимларининг тазйиқи остида ёзилганига далолат қилаётганини очиқ-ойдин эътироф этди. Натижада, Бўстонлиқ туман суди қарорини бекор қилиб, қаҳрамонимизга нисбатан юритилган маъмурий ишни ҳаракатдан тугатиш ҳақида алоҳида қарор чиқарди. Бу Саҳобиддин Зайниддинов айбсиз деб топилиб, оқланганини англатади. Шунингдек, туман ИИБ ходимларига нисбатан хусусий ажрим чиқарганини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз... Гап йўқ, отасига раҳмат судья Турсуновнинг!

ИНТИҲО. Бўстонлиқ туман ИИБ ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, С.Зайниддинов 15 сутка «ўтириб» чиқишига сабаб бўлган айбловлари ғирт ёлғон экани фош этилиши ҳаммаси ижобий якунланиб, қаҳрамонимиз муроду мақсадига етганини англатмайди. «Муроду мақсадлар»га фақат эртаклардагина етилади, чоғи... Негаки, шу йилнинг бошида қўзғатилган жиноят ишига саккиз ой (!) «кинна солингач», ҳаракатдан тугатилди: жиноий ҳодиса юз бермаган экан, гўё (ЖПК 83-модда, 1-қисм)?!

САВОЛ: хўш, унда жиноят иши ҳаводан олиб қўзғатилгандими? С.Зайниддиновнинг қовурғасини ким ва қаерда синдирибди унда? Суд-тиббий экспертизаси хулосаси бир тийинми? Экспертнинг «жароҳат қаттиқ тўмтоқ жисм орқали етказилгани» ҳақида берган шаҳодати бўҳтонми ё? Ажаб, ИИБ ходимлари фуқарога йўқ айбни тиркаса, ҳеч ким бундан фожеа ясамайди, аксинча, «қўлбола дело»лари суддан ўтиб, шўрликнинг бошига итнинг куни солинади. ИИБ ходимларининг туҳматдан иборат айбловлари фош этилиб, ҳатто фуқарони уриб, қовурғасини синдиргани аниқланса-да, жилла қурса, уларнинг бурнига чертиб қўйишга мутасаддилар ҳечам шошилмайди, шошилмайди-да. Нима, қонун қора халқ учунми?

НАТИЖА. Икки йиллик югур-югур, чоп-чоп, ёз-ёзларнинг мухтасар баёни шу. Айни кунларда Бўстонлиқ туманининг йўқ жойдан «айб топишга уста» ИИБ ходимлари ҳам, уларга топшириқ берган «каттакон» ҳам ўз жойида ишлаб юрибди. Саҳобиддин Зайниддиновнинг шикоятбозлиги сабаб сал-пал асаб бузилганини айтмаганда, ҳаммаси жойида! Уларнинг сувдан қуруқ чиққанига қараганда эрта-бир кун кўтарилиб кетиши эҳтимоли ҳам бордай... Қаҳрамонимиз эса бир этак боласидан уч-тўрт сўм орттирса, адвокат ёллаб, ишини келган жойида давом эттирмоқ ниятида... Қачон якунига етиши мумкин? Ким билади, дейсиз. Нима, яна Президент маслаҳатчиси қабулига бориш керакми? Маслаҳатчининг «Саҳобиддин қачон келар экан?» дея кутиб ўтиришидан бошқа ташвиши йўқми? Қаёқда, тиқилиб ётибди...

Турсунали АКБАРОВ,

журналист

Xabar.uz

2018-11-26 15:14:22  |  2225 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация