Солиқ ва божхона ислоҳотлари – прокурор назоратида



 
  Расм манбаси : “Huquq” газетаси

Солиқ сиёсати ҳақида гап борар экан, аввало бир жиҳатга эътибор қаратишни лозим топдик. Тан олайлик, айрим фуқароларда солиқ ҳақида нотўғри тушунча шаклланган. Гўёки улар ўзлари тўлаётган солиқларни кимгадир шундоққина бериб юбораётгандек фикр юритишади.

Аслида, ўз вақтида тўланган соғлиқлар тинчлигимизни кафолатлаётган Миллий армиямиз, замонавий мактаб, яхши таълим, сифатли тиббий хизмат, текис ва равон йўл, ўз вақтида бериладиган маош ва пенсиялар, хуллас, қулай турмуш тарзимиз учун давлат томонидан сарфланадиган маблағ эканлигини тушунишни исташмайди. Ҳар кимнинг тўлаган солиғи занжирли тизим орқали ўзига қайтиб келади. Буни ёддан чиқармаслик керак.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда солиқ маъмуриятчилигини ривожлантириш, фуқаролар ва тадбиркорларга солиқ имтиёзларини жорий қилиш борасида бир қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда, солиқ ва бюджет сиёсатининг ҳуқуқий пойдевори мустаҳкамланмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги Фармони солиқ сиёсатида янги саҳифа очди, дея бемалол айта оламиз. Янги солиқ концепцияси бу сафар тор доирада, сокин кабинетларда қабул қилинмади. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, оммавий ахборот воситалари, телевидение, радио ва ижтимоий тармоқларда жуда кўп баҳслар бўлди, минглаб таклиф ва мунозаралар билдирилди.

Мазкур ҳужжатнинг қабул қилинишидан бир неча кун олдин, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, жорий йилнинг 26 июнь куни давлат солиқ хизмати органларини «Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори» шиори остида солиқ тўловчиларнинг бизнес ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатидаги янги хизматга айлантириш, соғлом рақобатни шакллантириш, солиқ юкини енгиллаштириш ва солиқ солиш тизимини соддалаштиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинган эди.

Кўриниб турибдики, соҳада йиллар, ойлар ёки ҳафталарда эмас, кунлар оралиғида ислоҳотлар шамоли эсмоқда. Бундан кўзланган мақсад, мамлакатимиз тараққиётини ва аҳоли фаровонлигини таъминлашдир. Албатта, солиқ ва бюджет сиёсатидаги ўзгаришлар, янгиланишлар эътирофга лойиқ. Бироқ ҳамма гап унинг амалиётга жорий қилиниши, ижросининг назорати тўғри олиб борилишига боғлиқ. Шу сабабли ҳам солиқ ва божхона ислоҳотларини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ва бюджетга қўшимча даромадлар тушишини мувофиқлаштириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг шу йил 2 август куни «Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган солиқ ва божхона ислоҳотларини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Унга асосан, прокуратура органлари тузилмасида тегишли бошқарма ва бўлимлар ташкил этилди. Бош прокуратуранинг Божхона ва солиқ соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси Бош прокуратуранинг Солиқ ва божхона ислоҳотларини амалга ошириш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармасига айлантирилди. Унинг фаолияти асосий йўналишлари учта соҳани қамраб олади:

– давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини сервисга йўналтирилган хизматга айлантириш;

– амалга оширилаётган солиқ ва божхона ислоҳотларини ҳуқуқий жиҳатдан кузатиш;

– бюджетга қўшимча даромадлар захираларини аниқлаш фаолиятини мувофиқлаштириш.

Бундан ташқари, солиқ ва божхона соҳасида қонунчилик ижроси устидан назоратни амалга ошириш учун масъул бўлган Бош прокурор ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурори ўринбосарлари, туманлар (шаҳарлар) прокурорлари ўринбосарлари ва ёрдамчилари лавозимлари жорий этилди.

Қарорга асосан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорларининг ўринбосарлари раҳбарлиги остида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг малакали мутахассисларидан ташкил топган солиқ ислоҳотларини амалга ошириш ва бюджетга қўшимча даромадлар захираларини аниқлаш бўйича эксперт ишчи гуруҳлари ташкил этилди. Ҳар бир туман (шаҳар) кесимида кичик ишчи гуруҳлари ташкил этилди, уларнинг фаолият йўналишлари паспортлаштириладиган солиқ тўловчилар тоифалари ва солиқ солиш объектларидан (жисмоний шахслар, бозорлар, савдо комплекслари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқалар) келиб чиқиб белгиланди.

Ишчи гуруҳлар аъзоларининг аниқ босқичма-босқич хатти-ҳаракатлари уларга юклатилган вазифалар ва тегишли ҳудуднинг реал иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб алоҳида низомда қайд этилди.

Яна бир эътиборга молик жиҳат, шу йилнинг 1 октябридан бошлаб бир марталик йиғим, ижара тўлови ҳамда бозорлар ва савдо комплекслари хизматлар кўрсатишидан тушумлар ундирилишининг автоматлаштирилган ҳисобини юритувчи ахборот тизими жорий этилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, эндиликда мамлакатимизда амалга оширилаётган солиқ ва божхона ислоҳотлари прокуратура органлари томонидан қатъий назоратга олинади.

Адҳамжон ТОЖИМАТОВ,

Бағдод туман прокурорининг ўринбосари

(“Huquq” газетасидан олинди).

2018-10-19 18:38:06  |  2387 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация