Беш ёшли қизалоқ ўлимига сабабчи бўлган йигитга ҳукм ўқилди



 
  Расм манбаси : Фарғона вилояти ИИБ

Жорий йилнинг февраль ойи бошларида Фарғона вилояти Олтиариқ туманида 5 ёшли қизни йўқолиши ва кейинчалик ўлик ҳолда топилганлиги билан боғлиқ жиноят иши барчани жунбушга келтирди.

ЎзА’нинг ёзишича, жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди томонидан мазкур жиноят иши очиқ суд мажлисида мазмунан кўриб чиқилиб, 2018 йил 13 сентябрь куни айблов ҳукми эълон қилинди.

Судда аниқланишича, Қўштепа туманида яшовчи 1998 йилда туғилган Акмал Абдураҳмонов 2018 йил 5 февраль куни эрталаб велосипедда Олтиариқ тумани марказидаги бозорга борган. У қайтишда "Полосон" маҳалласидаги 6-мактабгача таълим муассасаси ёнидан ўтиб кетаётиб, у ердан кузатувчисиз чиқиб кетаётган тарбияланувчилар – Ш.Ғоффоралиев, Х.Ғоффоралиева ва К.Ғоффоралиеваларни ёнига чақириб, уларга велосипедда сайр қилдириб, дўкондан ширинликлар олиб беришини айтади ва алдаб, болаларни велосипеднинг олд ва орқа ўриндиқларига ўтирғизиб, ўғирлаб кетади.

Шундан сўнг А.Абдураҳмонов ўғирлаб кетаётган Ш.Ғоффоралиев ва Х.Ғоффоралиевани Олтиариқ тумани, "Тошхирмон" кўчаси бўйлаб ўтган йўл четида қолдириб, К.Ғоффоралиевани эса ўзи билан бирга велосипедда Тошкент-Марғилон-Андижон йўналишидаги темир йўлнинг Олтиариқ-Марғилон қисмидан Марғилон шаҳри йўналиши томонга олиб бориб, ушбу темир йўлнинг 244 километри, 6-пикетида унинг ҳаёти ва соғлиғини хавф остида қолдириб, шу жойда ёлғиз ўзини ташлаб кетган.

Натижада ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмаган норасида К.Ғоффоралиева тунги вақтда Қўқон-Марғилон йўналишида ҳаракатланиб кетаётган 62-сонли йўловчи поезди вагонларининг пастки металл қисмларига урилиб, ҳаёти учун хавфли бўлган тан жароҳатлари олиши оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Ички ишлар идоралари томонидан олиб борилган тезкор қидирув давомида мазкур жиноятни содир этган А.Абдураҳмонов қўлга олинган. Тергов ҳаракатлари давомида А.Абдураҳмонов воқеа куни бошқариб, жиноят содир этишда фойдаланган оқ-кулранг рангдаги, кейинчалик яшил рангга бўяб яшаш хонадонига яшириб қўйган велосипед, яшил бўёқ банкалари, воқеа содир бўлган куни унинг эгнида бўлган кулранг-қора рангли куртка, қора рангли қалпоғи далилий ашё тариқасида олинган. Бундан ташқари, Олтиариқ тумани, Ҳамза номидаги маҳалла ҳудудида жойлашган жоме масжидига ўрнатилган видео кузатув камерасига ёзилган видеоёзув компакт дискка туширилиб, жиноят ишига қўшилган. Бир неча турдаги экспертиза хулосалари билан ҳам бу жиноят иши ўз исботини топди.

Суд ҳукми билан судланувчи А.Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 117-моддасининг 2-қисми ва 137-моддаси 3-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, узил-кесил 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

2018-09-14 17:52:43  |  2333 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация