Алматов: “Салим Абдувалиев ва Ғафур Раҳимов жиноят оламига алоқадор эмас”



 
  Расм манбаси : Ғафур Раҳимов. CA-News

Собиқ вазир “АIBA’га ўзбек президент бўлиб тургани Ўзбекистоннинг фахри” деб интервью берганидан бир неча кун ўтиб Ғафур Раҳимов халқаро бокс ташкилоти раҳбарлигидан истеъфо берди

Собиқ ички ишлар вазири, айни пайтда вазир маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келаётган Зокиржон Алматов халқ орасида “Салимбой” ёки “Салимбойвачча” деб танилган Салим Абдувалиев ҳамда “Ғафурбой” исми билан тилга олинадиган Ғафур Раҳимовларни “жиноятчиликка дахли йўқ, қайтага ватанпарвар кишилар” деб атади.

Бу тўғрида Алматов “Qalampir.uz” сайтига берган интервьюси чоғида тўхталиб ўтган.

“Салим Абдувалиев “кўча”нинг боласи бўлмаган. У эскидан бизнес билан шуғулланган. Унинг отаси оддий деҳқон, колхоз раиси бўлган. Мен бу инсонни жуда яхши биламан. Унинг қўли қонга беланганини ёки бошқа нарсаларни мен эшитмаганман, кўрмаганман. У ўзига яраша катта ақлга эга, обрўга эга одам.

Халқимизни ичида шу инсон тўғрисида ҳар хил гаплар чиқиб кетди. Агар у жиноят содир этганида, аяб ўтирилмасди. Ўша совет пайтидаёқ жиноий жавобгарликка тортилиб кетган бўлар эди”, деган собиқ вазир Салим Абдувалиев тўғрисида.

Абдувалиев Салим Кирғизбаевич норасмий тадбиркор ҳамда асосан спорт соҳасида ҳомийлик ва ташкилотчилик фаолияти билан шуғулланувчи арбоб ўлароқ тилга олинади. Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) сайтида у Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси ва МОҚ вице-президенти деб кўрсатилган.

Зокиржон Алматов сўзида давом этаркан, Ғафур Раҳимовдан ҳам бутун ўзбек халқи ғурурланиши кераклигини таъкидлаган:

“Ўзингиз ўйлаб кўринг, ўзбекдан чиққан инсон АIBA’нинг президенти бўлиб турибди. Ўзбекистоннинг фахри бу. Улар ватанпарвар”.

Эслатиб ўтиш жоизки, Зокир Алматовнинг бу интервьюсидан бир неча кун ўтиб, Ғафур Раҳимов АIBA (Халқаро ҳаваскор бокс федерацияси) президентлигидан истеъфо бериши ҳақида эълон қилди.

Маълумот учун, Ғафур Раҳимов 2012 йилда АҚШ Молия вазирлиги санкциядаги шахслар рўйхатига киритилган. У "постсовет республикалари ҳудудида “Биродарлик ҳалқаси” (Братва) жиноий синдикатига аъзоликда ва наркотик моддалар савдоси билан шуғулланишда айблаб келинади.

Бу рўйхатга номлари киритилган шахс ва ширкатларнинг АҚШ банкларидаги ҳисобларини музлатилган ва АҚШ фуқароларининг улар билан ҳар қандай ҳамкорлиги тақиқланган.

2019-03-23 18:33:15  |  3442 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация