"Ўз уйимдан маҳрум қилинишим адолатданми?"



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

Бош қомусимизга мувофиқ, хусусий мулк – дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.

Хорижга ишлаш учун кетиб, ўзининг хусусий мулки бўлган хонадонидан айрилган аёлнинг шикоятини ўқиб, беихтиёр юқоридаги қомусий меъёр хаёлимдан ўтди.

Тошкентлик Гулнора Чилонзордаги бир хонали квартирасини сотиб олиш учун йиллаб меҳнат қилганди. У хонадонини таъмирлаш учун қарзу ҳавола ҳам қилди. Қарз тўлаш, етар-етмаслик каби муаммолардан қутилиш учун хорижда ишлашни ният қилди. Шу мақсадда Туркия давлатига йўл олди.

Хонадонини эса қараб туриш учун қариндоши К.О.га қолдириб кетди. Қариндош эса бировнинг мулки – омонатини асраш ўрнига бу ердан ёмон мақсадда фойдаланди. Аёл уйни фоҳишаликни мақсад қилган кимсага пул эвазига ижарага берган. Бу ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан аниқланиб, фош этилган.

Ҳужжатларга қараганда, Гулнора Пўлатова 2013 йил 15 февралдаги 1067-сонли олди-сотди шартномасига асосан Тошкент шаҳри Чилонзор тумани 8-мавзесидаги 39-уйнинг 2-хонадонини сотиб олган.

Хонадонда жиноят аниқлангач, ушбу масала Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида кўриб чиқилган. Бу борада айбли, деб топилган К.О.га нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

– Ушбу иш прокурор протестига асосан кассация тартибида ҳам кўрилган. Суднинг 2015 йил 24 ноябрдаги ажрими билан менга тегишли бўлган Тошкент шаҳар Чилонзор тумани 8-даҳа, 39-уйнинг 2-хонадони жиноят қуроли сифатида давлат эгалигига ўтказилган, – дейди Г.Пўлатова. – Лекин хонадоннинг хусусий мулкдори мен эдим ва содир этилган жиноятга мутлақо алоқам бўлмаган. Ҳаётда тинимсиз меҳнат қилиб эришган ягона бойлигим ва бошпанам шу уйим. Шу хонадонда доимий равишда рўйхатда тураман. Бошқа яшайдиган бирорта бошпанам йўқ. Ўз уйимдан маҳрум қилинишим адолатданми?

– Давлат эгалигига ўтказилган хонадон билан боғлиқ ишларни судда кўришда инсонпарварлик ва одиллик принципларига тўлиқ риоя қилинмаган, – дейди адвокат Илҳом Ёқубов. – Фуқаро Г.Пўлатованинг қонун билан муҳофаза қилинадиган мулкий ҳуқуқ ва манфаатлари қўпол равишда бузилган. Фуқаролик кодексининг 164-моддасида мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир. Бундан ташқари, “Мулкчилик тўғрисида”ги қонуннинг 1-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида мулкий ҳуқуқ тан олинади ва қонун билан муҳофаза этилади.

Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддасида жиноят ишини юритиш тамом бўлганлиги муносабати билан ашёвий далиллар тўғрисида қабул қилинадиган қарорлар назарда тутилган бўлиб, унга кўра, гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлмаган мол-мулк қонуний эгаларига, мулкдорларига ёки уларнинг ҳуқуқий ворисларига, шунингдек, меросхўрларига қайтариб берилиши зарур.

Шунингдек, мазкур модданинг 4-қисмида “жиноят ёки бошқа ғайриҳуқуқий ҳаракатлар содир қилиниши натижасида қонуний эгаси ва мулкдоридан маҳрум бўлиб қолган пуллар ёки бошқа бойликлар қонуний эгаларига, мулкдорларига ёки уларнинг ҳуқуқий ворисларига, шунингдек, меросхўрларига қайтариб берилиши лозим”лиги кўрсатилган.

Олий суд пленумининг 2012 йил 13 декабрдаги “Жиноят ишлари бўйича ашёвий далилларга оид қонунчиликни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорига кўра, гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлмаган мол-мулк қонуний эгаларига, мулкдорларига ёки уларнинг ҳуқуқий ворисларига, шунингдек, меросхўрларига қайтариб берилиши керак.

Бу қонуний меъёрлар жиноятга алоқадор бўлмаган шахснинг мулкидан маҳрум этилишининг асоссизлигини кўрсатиб турибди.

Хўш, нега унда Гулнора Пўлатова ўз уйидан маҳрум этилди? Унинг хусусий мулкига дахл қилишга кимнинг қандай ҳаққи бор? Бир муштипар аёл нега бошпанасиз саргардон юрибди?

Н.Абдураимова,

ЎзА

2018-11-07 17:44:03  |  1722 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация