Муроса биз танлаган йўл бўлди!



 
  Расм манбаси : snews.ru

Куни кеча кечки пайт дунё тўридаги Advokatnews.uz нашримиз ва унинг Telegramm тармоғидаги қанотида “Молия вазирлигининг ахборот хизмати нега бу қадар «сирли»?” сарлавҳали хабар эълон қилинган ва унда вазирлик мутахассисларидан бирининг исм-шарифига аниқлик киритиш борасида мухбиримиз дуч келган айрим тушунмовчиликлар тилга олинган эди. Бугун эса эрталабдан вазирликнинг ахборот хизмати мутахассиси Дилдора Жураева таҳририятимизга алоқага чиқиб, бўлиб ўтган ҳолатга аниқлик киритишга урингани бизни хурсанд қилди. Ростдан ҳам, айрим идоралар бир қадар жиддий танқидий мақолаларимизга ойлаб жавоб бермаётган бир пайтда кичик бир луқмага бу қадар зудлик билан муносабат билдирилиши, бизнингча, таҳсинга лойиқ.

Шунингдек, таҳриритимизга вазир ўринбосари имзоси билан муносабат хати ҳам етиб келди. Гарчи унда келтирилган эътироз ва талабларга қўшилмаган бўлсак-да, бу хатни ҳам ОАВдаги кичик бир чиқишга вазирликнинг юқори даражадаги муносабати сифатида қабул қилдик.

Энг муҳими, вазирликнинг ахборот хизмати мутахассиси Дилдора Жураева билан бўлган самимий суҳбатимиз давомида бундан кейин ишни ўзаро ҳурмат юзасидан давом эттиришга келишиб олдик. Зеро, сўралган ходимнинг исм-шарифларига ойдинлик киритилганининг ўзи биз учун етарли бўлиб, бу вазирлик, жумладан, унинг ахборот хизмати мутахассисларининг заҳматли меҳнатини камситишдан ҳеч қанақасига манфаатдор эмасмиз. Шу боис ҳам, бағрикенг халқимизнинг одатига кўра, муроса йўлини танлашга қарор қилдик. Яъни биз юқорида тилга олинган мақолани олиб ташлашни ва шу йўл билан фақат кўнгилбузарликдан бошқа манфаат бермайдиган тортишувлардан воз кечишни маъқул кўрдик.

Айни пайтда юқорида қайд этилган хабарнинг олиб ташлангани учун ўқувчиларимиздан узр сўраган ҳолда бу ерда ҳеч қандай тазйиқ ёки ОАВга нисбата таъсир бўлмаганлигини ва бу ҳаракатимиз яхши ҳамкорлик муҳитини сақлаб қолиш мақсадида ўз ташаббусимиз билан амалга оширилганини ҳам маълум қиламиз.

Таҳририят

2019-04-24 15:50:44  |  1530 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация