Қўшнисини ваҳшийларча ўлдирган йигит 11 йилга қамалди



 
  Расм манбаси : РИА Новости

Инсон табиати қизиқ. Ўзига ғам-қайғу, ташвиш келтирадиган нарсага ўч бўлади. Спиртли ичимлик таъсирида келиб чиққан қанчадан-қанча низолар, кўнгилсизлик, бахтсизликларни эшитганмиз, гувоҳи бўлганмиз. Шундай бўлишига қарамай, айримлар учун бу ичимликдан воз кечиш ёки ичганда меъёрни билиш анча мушкул, деб ёзади Самарқанд вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Музаффар Қиличев “Ҳуқуқ” нашрида.

Мансур (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўша куни ишдан эртароқ чиқди. Амакисини байрам билан табриклаш учун бораётган эди, қаршисидан ҳамкасблари Сарвар билан Жалол чиқиб қолишди.

– Кўришганимиз яхши бўлди. Бугун бир байрам қилайлик, – деди уларга қараб.

Улар ошхоналардан бирига киришди. Сомса еб, икки шиша ароқни бўшатишди. Ичларига шайтон киргач, бир-бирларини тезлаб, пивохонага йўл олишди. Бу пайтда Мансур маст бўлиб қолган эди. Унинг автомашинасини Сарвар бошқариб, уйига олиб бориб қўйгач, шериклари «ишимиз бор», деб кетиб қолишди.

Кийимларини алмаштирган Мансур бўлса, ётиб дам олиш ўрнига, яна кўчага чиқди. Қўшни маҳаллада яшовчи Муродга кўзи тушди. У ҳам томоғини «ҳўллаб» олган экан. Мансур уйига кираётган эди, Мурод уни тўхтатди.

– Нимага салом бермайсан, «братишка»? Катта бўлиб, пулинг кўпайдими, одамни менсимайсан? – дея танбеҳ берди.

Афсуски, Мансур индамай қўя қолмади. Ўртада жанжал чиқди. Мурод Мансурнинг юзига бир мушт туширган эди, қоши йиртилиб кетди. Ўзи ерга йиқилди. Муроднинг оғзи ҳам, қўл-оёғи ҳам тинмади. Ҳаммаси майлику-я, аммо Мансур унинг турмуш ўртоғи ва қизининг шаънига куракда турмас сўзлар айтиб, ҳақоратлаганига чидай олмади. Ичидаги шайтон уни тезлади. Ўрнидан туриб, уйига йўл олди. Мурод ҳам унинг ортидан келаётганди. Мансур тўғри ошхонага кириб, пичоқ олди ва бир нималарни тўнғиллаб, ташқарига отилди. Унинг қўлида пичоқ кўрган Мурод ердан тош олди. У аввалига Мансурнинг бир-икки зарбасини қайтарди. Лекин қўлидаги тош билан унга бас келолмаслигини билгач, қочмоқчи бўлди-ю, орқасидан теккан пичоқдан ерга йиқилди. Ваҳшийлашиб кетган Мансур унинг кўкрак қафаси ва бўйнини ҳам жароҳатлади. Яқин атрофда машина таъмирлаётган йигит югуриб келиб, Мансурни тўхтатиб қолди.

Муродни йўловчи машинада шифохонага келтиришди. Бироқ, шифокорлар унинг йўлда вафот этганини айтишди.

Тергов жараёнида Мансур аввалига айбини тан олмади. «Хотирамни йўқотганман, ҳеч нимани эслай олмаяпман», дея турли баҳоналар қилиб кўрди. Аммо вақт ўтиб, одил судловни ҳеч қандай баҳона билан чалғитиб бўлмаслигини тушунди, айбига иқрор бўлди.

Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан айбдор, деб топилган Мансурга 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Буларнинг бари бир неча соат ичида рўй берди. Икки вужудни шайтон измига олгач, ўз кучини кўрсатди. Бегуноҳ болалар етим қолишди. Мансурга бир умрлик «қотил» деган тамға босилди.

2018-10-08 16:32:05  |  1700 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация