Гумонли ва шубҳали банк операциялари: янги мезонлар



 
  Расм манбаси : Finclub.net

Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига тузатишлар киритилди. Янги меъёрлар 3 ой ўтгач амал қила бошлайди.

Бир марталик операциялар амалга оширилганда мижозларни лозим даражада текшириш учун асослар рўйхатига қўшимча киритилди, деб ёзади Norma. Банклар 500 ЭКИҲга тенг ёки ундан ошадиган суммадаги Марказий банкнинг қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангаларини сотиб олаётган жисмоний шахсларни текширишлари шарт бўлади. Бундай тангаларни сотиб олиш тартиби ҳақида батафсил – бу ерда. Бундай операциянинг бир вақтда ёки бир ой давомида кўп маротаба амалга оширилиши шубҳа уйғотади.

Маълумот учун, мижозни лозим даражада текшириш бўйича кўриладиган чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:

тегишли ҳужжатлар асосида мижознинг ва у қайси шахслар номидан иш кўраётган бўлса, ўша шахсларнинг шахсини ҳамда ваколатларини текширишни;

мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялашни;

ўрнатилган иш муносабатлари ёки ўтказилиши режалаштирилаётган операцияларнинг мақсади ва характерини ўрганишни;

мижоз томонидан амалга ошириладиган иш муносабатлари ва операцияларни уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида доимий асосда ўрганиш ўтказишни.

Гумонли ва шубҳали банк операцияларининг рўйхатларига тузатиш киритилмоқда. Гумонли операциялар сирасидан иккитаси чиқариб ташланиб, биттаси қўшилмоқда. Шубҳали операциялар сони бештага кўпаймоқда, амалдагиларидан биттаси чиқариб ташланмоқда.

2019 йил 27 январдан қуйидаги банк операциялари гумонлилар сирасидан чиқариб ташланади:

мижоз томонидан аввал келишилган операциянинг амалга ошириш схемасига унинг амалга оширилиши бевосита бошланишидан олдин, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкларнинг ҳаракат йўналишига тааллуқли бўлган муҳим ўзгартиришлар киритилиши;

норезидент томонидан резидентга грантлар, молиявий ёрдам, қарз ёки беғараз ёрдам сифатида пул маблағлари берилиши. Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органлари қарорлари билан амалга оширилган операциялар бундан мустасно.

Қуйидагилар гумонли деб тан олинади:

пул маблағларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига, олувчи рўйхатдан ўтган жойдан фарқланувчи ҳудудда жойлашган банкда очилган олувчининг ҳисобварағига ўтказилиши.

2019 йил 27 январдан қуйидаги банк операциялари шубҳалилар сирасидан чиқариб ташланади:

фаол жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган ёки террористик ташкилотлар томонидан назорат қилинаётган ёхуд улар билан чегарадош бўлган ҳудудларда 30 кун давомида банк пластик картаси орқали ЭКИҲнинг 100 бараварига тенг бўлган ёки ундан ошадиган умумий суммада нақд пулларни ечилиши ёки маҳсулотлар (хизматлар) учун пул тўланиши.

Шубҳали деб тан олинади:

норезидент томонидан резидентга грантлар, молиявий ёрдам, қарз ёки беғараз ёрдам сифатида пул маблағлари берилиши;

операция бажарувчи томонлардан бири фаол террористик ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудларда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахс бўлса (мамлакатлар ва туманлар рўйхати Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан тақдим қилинади);

террористик тусдаги жиноятни содир этганлиги учун халқаро қидирувда бўлган шахсларнинг операциялари (шахслар рўйхати Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан тақдим қилинади);

янги ташкил этилганига 3 ойдан кўп бўлмаган юридик шахс – мижознинг унинг фаолияти характерига мувофиқ бўлмаган мақсадларда пул айланмаси ЭКИҲнинг 20 000 баравари миқдорига тенг ёки ундан ошса;

жисмоний шахслар томонидан бир вақтда ёки 1 ойдан ошмаган муддат давомида кўп маротаба ЭКИҲнинг 500 баравари миқдорига тенг ёки ундан ошадиган умумий суммада Марказий банкнинг қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангаларининг сотиб олиниши.

Бироқ киритилган ўзгартиришлар шу билан чекланмайди. Бир қатор операциялар бўйича операцияни гумонли ёки шубҳали деб ҳисоблашга асос бўлувчи мезон ва аломатлар (операция суммаси, амалга ошириш даври) ҳам ўзгартирилмоқда.

Гумонли ва (ёки) шубҳали операциялар аломатлари аниқланганда банк ходимлари ўтказилаётган операция тўғрисида қўшимча маълумот беришни сўраб мижозга мурожаат қиладилар, кейинчалик улар батафсил ўрганилади. Агар шубҳалар тасдиқланса, банк Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига бу ҳақда хабар беради, мижоз билан кейинги муносабатлар эса мураккаблашади ёки уларга умуман барҳам берилади.

Ўзбекистон банкларининг норезидент-банклар ва халқаро пул ўтказмалари тизимлари билан муносабатлари бироз соддалаштирилади. 50 ЭКИҲгача (ҳозир – 25 ЭКИҲгача) бўлган сумма ўтказилаётганда банкларимиз минимал ҳажмдаги ахборот: Ф.И.О., агар операция жараёнида мижознинг ҳисобварағи ишлатилган бўлса, у ҳолда унинг рақами ёки операциянинг хос рақамини талаб қиладилар. Агар ўтказма суммаси 50 ЭКИҲдан ортиқ бўлса, қўшимча равишда паспорт ёки унинг ўрнини босадиган шахсни тасдиқловчи ҳужжат серияси ва рақами, шунингдек жўнатувчининг яшаш манзили ёки туғилган санаси ва жойи ҳақидаги маълумотлар тақдим этилиши талаб қилинади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2019 йил 27 январдан кучга киради.

2018-10-30 17:53:29  |  2300 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация