АДВОКАТУРАНИНГ ЕЧИЛМАГАН МУАММОЛАРИ



 

qonunchilikka taklif

АДВОКАТУРАНИНГ ЕЧИЛМАГАН МУАММОЛАРИ

Адвокатура соҳасида амалга ­оширилаётган ­исло­ҳотлардан умид қилиб турган бир ­адвокат ­сифатида соҳадаги ҳали-ҳамон ечимини ­топмаган айрим масалалар бўйича ўз мулоҳазаларимни ­айтмоқчиман.

Жумладан, Ўзбекистон Рес­публикасининг “Адвокатура тўғ­рисида”ги қонунида “адвокатура” ва “Адвокатлар палатаси” тушунчаларига етарли даражада аниқлик киритилмаган деб ҳисоблайман. Чунки Қонуннинг 1-моддасида “Адвокатура — ҳуқуқий институт бўлиб, у адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар ҳамда хусусий адвокатлик амалиёти билан шуғулланувчи айрим шахс­ларнинг мустақил, кўнгилли, касбий бирлашмаларини ўз ичига олади” деб кўрсатилган бўлса, 121-моддада “Адвокатлар палатаси Ўзбекистон Республикаси барча адвокатларининг мажбурий аъзолигига асосланган нотижорат ташкилотидир” деб белгиланган. Шу икки моддадан келиб чиқиб оддий фуқарога орадаги фарқни тушунтириб бера оласизми? Зеро, биринчи ҳолатда “кўнгилли касбий бирлашма” ҳақида, иккинчи ҳолатда эса адвокатларнинг мажбурий аъзолигига асосланган “нотижорат ташкилот” ҳақида гап кетмоқда.

Биламизки, қонун тили содда, тушунарли бўлиши керак. Шу боис, менинг фикримча, майли, “адвокатура” бўладими, “Адвокатлар палатаси” бўладими, Қонунда уларнинг юридик мақоми аниқ кўрсатилмоғи ­лозим.

Масалан, ҳозирда амалда нафақат Адвокатлар палатаси, балки адвокатлик тузилмалари (бюро, фирма, ҳайъат) ҳам нотижорат, яъни ўз олдига фойда олишни мақсад қилиб қўймаган ташкилотлардир. Шунингдек, улар давлат ташкилоти ҳам ҳисоб­ланмайди. Сабаби оддий — адвокатлик тузилмаларининг ҳеч бири Республика ёки маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмайди.

Қолаверса, статистика органларига топшириладиган ҳисоботларда ҳам адвокатлик тузилмалари “нодавлат нотижорат ташкилот” сифатида 1-НТТ шаклда ҳисобот топширади. Чунки Давлат ва хўжалик бошқаруви идораларини белгилаш тизими (ДБИБТ, яъни русча қисқартма билан айтганда СООГУ1) идоравий статистик маълумотномасида ҳам 79974 рақамли код билан фақат “Нодавлат нотижорат ташкилотлар” санаб ўтилган, холос. Яъни бу рўйхатда “нодавлат ташкилот” ёки “нотижорат ташкилот” деган алоҳида коднинг ўзи йўқ.

Лекин амалиётда адвокатлик тузилмалари нодавлат нотижорат ташкилотлар қаторига кирмайди. Чунки қонунда адвокатлик тузилмалари мақомига умуман  аниқлик киритилмаган, Адвокатлар палатаси эса, юқорида кўрганимиздек, “нотижорат” ташкилот деб кўрсатилган. Ваҳоланки, кўп узоққа бормайлик, Россиянинг “Россия Федерациясида адвокатлик фаолияти ва адвокатура тўғрисида”ги федерал қонуни 29-моддасида “Адвокатлар палатаси нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади...” деб аниқ-тиниқ кўрсатилган.

Шу муносабат билан бизда ҳам “Адвокатура тўғрисида”ги қонунимизга ўзгартиш киритилиб, Адвокатлар палатаси ва адвокатлик тузилмаларининг ҳуқуқий мақомини аниқлаштириш лозим деб ҳисоблайман.

Ўрни келганда айтиб ўтадиган бўлсам, ўтган йили нодав­лат нотижорат ташкилотлар ходимларига ёшга доир пенсия­ни тўлиқ олиш билан боғлиқ имтиёз берилганида қонунчиликдаги ана шу бўшлиқ адвокатларга панд берди ва ҳақли эътирозларга ҳам сабаб бўлди. Яхшиямки, пенсия масаласи 2019 йилдан бошлаб оммавий тарзда ҳал бўлди. Аммо адвокат мақоми белгиланмас экан, келажакда бу каби яна бошқа муаммолар келиб чиқаверади.

Яна бир масала адвокатнинг харажатлари масаласидир. Зеро, бу борада муаммо борлиги сабабли адвокатлар томонидан гонорар учун тўланган пулни тўлиқ кирим қилмаслик ҳоллари учраб турибди. Бу эса, аввало, ноқонуний хатти-ҳаракат бўлиб, адвокатнинг келажагини хавф остида қолдиради. Қолаверса, ўз ҳимоясидаги шахс билан ўзаро ҳисоб-китобида ҳам муаммоларни келтириб чиқаради. Шу боис адвокатнинг ҳимоя остидаги шахс (ишонч билдирувчи шахс) билан тузадиган битими (шартномаси)ни ҳам қайта кўриб чиқиш вақти келди деб ўйлайман.

Оддий мисол келтирадиган бўлсам, ҳозирги шиддат билан ривожланиб бораётган даврда адвокатнинг ҳам ўз вақтида, тезкор юридик ёрдам кўрсатиши талаб қилинади. Масалан, Тошкентда яшаётган адвокат тергов ҳаракатида ёки судда қатнашиш учун шошилинч тарзда узоқ вилоятларга бориши керак бўлиб қолади. Самолёт ёки поездга чипта топа олмаганлиги ёки бу транспорт воситаларининг харажати ҳимоя остидаги шахс­ларнинг чўнтагига тўғри келмаслиги сабабли адвокат чипта бермайдиган енгил таксиларга мурожаат қилишга мажбур бўлади. Шунинг ўзи йўлкира харажатларини хизмат сафари харажатларига қўшиб чиқазиб олишда қўшимча ташвиш туғдиради.

Шунга кўра мен намунавий шартнома (битим)да аниқ суммани кўрсатмасдан, адвокатнинг хизмат сафари харажатлари (йўлкира, меҳмонхона ва овқатланиш харажатлари) ва бошқа қўшимча харажатлар учун, адвокат билан ҳимоя остидаги шахс ёки унинг қариндошлари ўзаро келишган ҳолда, реал харажатдан келиб чиқиб битим тузиш имкони яратилса мақсадга мувофиқ бўлади деб ҳисоблайман.

Адвокатларни қийнаётган яна бир муаммо бепул юридик ёрдам кўрсатиш масаласи билан боғлиқ. Шу боис бу борадаги қонунни тезроқ қабул қилиш лозим. Сабаби, ҳозирги кунда давлат ҳисобидан қатнашаётган адвокатларнинг хизматидан кўпчилик фуқаролар норози. Қолаверса, бундай адвокатларнинг хатти-ҳаракати соҳа нуфузини ерга урмоқда. Чунки давлат ҳисобидан қатнашаётган адвокатлар тергов ҳаракати вақтида ёки суд вақтида тортишув принципига риоя қилмаяптилар. Яъни русларнинг “Пулини ким тўласа, мусиқани ўша буюради” деган мақолидаги ҳолат юз бермоқда. Тўғри-да, терговчининг қарори ва судьянинг ажрими асосида хизмат ҳақи оладиган адвокат уларнинг фикрига қарши бора олармиди. Яхшиси, индамасдангина керакли жойга имзо қўйиб беради...

Бу ахир адвокат томонидан фуқаронинг қонуний ҳуқуқлари поймол қилиниши-ку!  Оқибатда бир шахснинг давлатга, Президентга ва қонунга бўлган ишончи йўқолади, адолат тарозиси бузилади. Биргина мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам масаланинг нақадар долзарблигини, бу муаммони ҳал эта оладиган қонунни тезроқ ишлаб чиқиш лозимлигини кўрсатади.

Комилжон ҚАЛАНДАРОВ,

“KOMRON-HIMOYA” адвокатлик ­бюроси бошқарувчиси.

2019-02-05 09:57:04  |  1972 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация