“Муаммоларимиз илдизи – очиқлик йўқлигида”



 
  Расм манбаси : 

“Пойтахт” адвокатлар ҳайъати Арслон Шоймардонов ўқувчиларимизга яхши таниш. Ўтган йили у билан АҚШ суд-ҳуқуқ тизимига доир таассуротлари ҳақида суҳбатлашганмиз, ўша мақола кўпчиликка манзур бўлган эди.

Аввалроқ Арслон ака бир юртдошимизга АҚШдаги суғурта компаниясидан катта миқдорда компенсация ундиришда ёрдам бераётганини эшитган эдик. Шу иш натижаси ва тафсилотларини билиш истаги яна бир суҳбат учун баҳона бўлди.

Ўзбекистон фуқаросига АҚШ компаниясидан суғурта пулини ундириб берганингиз ҳақида гапириб берсангиз. Қанақа компания, сумма қанча, нега бермаган, у фуқаро сизни қандай топди, ишни қайси суд кўрди ва ҳоказо.

Ишда қандай ютиб чиқдингиз? Бой суғурта компаниялари кучли юристларни ёллайди, судда қийин бўлмадими?

Бу иш Лос-Анжелес судида кўрилди, умумий ҳисобда бир ярим йилга чўзилди, суд жараёни тугаганига ҳам чамаси олти ой бўлиб қолди. Ютиб чиқдик, худога шукр. Суд “даъвогарга фалон миқдорда пул тўлаб берилсин”, деб қарор чиқариб бергани йўқ, балки жавобгар билан мижозим ўртасида келишув битими тузилиши муносабати билан ишни ёпди. Барибир, бу бизнинг ғалабамиз. Чунки, биринчидан, ҳаққимизни ундирдик. Қолаверса, жавобгар томон ютиб чиқишига кўзи етмагани учун ҳам келишувга рози бўлди. Судда бизнинг қўлимиз баланд келаётганини кўриб, янада каттароқ зарарнинг олдини олишди.

Биз судда жисмонан қатнашганимиз йўқ, барча мажлислар “Zoom” орқали бўлди, яъни видеоконференция тарзида. Мижозим ҳам, мен ҳам инглиз тилини яхши билсак-да, жараёнда доим таржимон иштирок этди – АҚШ қонунчилигига кўра, чет мамлакат фуқароси бўлган тарафга ўша давлатнинг расмий тилини биладиган таржимон топиб берилиши шарт.

Иш тафсилотларига келсак, мижозим – Ўзбекистон фуқароси – АҚШда битта йирик компанияда ишлаган экан. Номини айтолмайман. Унинг ходимларига суғурта хизматлари кўрсатган компания номи ҳам сир қолади – келишув битими талаби шу. Агар айтсам, мен ҳуқуқини ҳимоя қилган одам айбдор бўлиб қолади ва уни судга беришлари мумкин. Компаниялар, агар иш ва унинг натижаси овоза бўлса, даъво билан чиқадиганлар кўпаяди деб ўйладими ёки обрўсидан хавотир олдими, битим тузиш чоғида конфиденциалликка оид шунақа банд бўлсин, деб оёқ тираб туриб олишди. Майли, суғурта пулини ундирсак бас, дедик.

Хуллас, мижозим бир неча йил АҚШ компаниясига ёлланиб ишлаган. Меҳнат шароити оғирроқ бўлган, боз устига хизмат сафарларида кўп юрган. Бир ёқда мусофирчилик, оиласи ва яқинларидан узоқда юргани туфайли сурункали стрессда бўлган. Натижада, Ўзбекистонга қайтгач соғлиғи ёмонлашиб, анча вақт даволанган, ҳозиргача муолажа қилдириб юрибди. Бир жойда муқим ишлай олмаган. Шу тариқа Америкада ишлаб келган пулларини сарфлаб бўлган. Соғлиғидаги муаммоларнинг бирламчи омили иш, тўғрироғи меҳнат шароити бўлгани сабабли АҚШдаги иш берувчи билан суғурта компаниясидан товон пули ундиришга қарор қилган. Дарвоқе, у АҚШда компаниядаги ишидан бўшаганида ҳаммаси қонуний бўлган, барча пуллари тўлаб берилган.

Менинг Америкада адвокатура соҳасида ишлаганимни орқаваротдан эшитган экан. Келди, гаплашдик.

Ишни олишга қарор қилганимдан сўнг ўзимиз АҚШга бориб ўтирмай, видеоалоқа орқали жараёнда қатнашсак-да, у ёқдан битта адвокатни ёрдам учун ёлладик. Бу нормал амалиёт. АҚШдаги тажрибамдан биламанки, бегона мамлакат юрисдикциясида маҳаллий адвокат кўмагисиз ишни юритиш қийинроқ бўлади. Мен жуда бой, нуфузли компанияда билимдон, қилни қирқ ёрадиган адвокатлар билан ишлаганман. Шунга қарамай, Жанубий Корея, араб мамлакатлари, Туркия ёки Британияга бориб судларда қатнашадиган бўлсак, албатта маҳаллий адвокатлардан бири билан ҳамкорлик қилардик.

Қисқаси, аввал иш берувчи компанияни судга бердик, у эса – ходимларга суғурта хизмати кўрсатувчи компанияни тортди ва якунда товон пулини суғурта компаниясидан ундирдик.

Суммани айта олмайман. Олти рақамли. Шуни айтишим мумкин, холос. Ўзбекистон шароитида бутун бошли бойлик. Америка қаричида ҳам озмунча пул эмас.

Ютиб чиқиш ҳеч қаерда осон эмас, ҳатто демократик ва одил судларда ҳам. Боз устига рақибинг – исталган адвокатга оғзига сиққанича пул тўлашга тайёр бой компания бўлса. Шу боис, қонун буткул биз тарафда эканига қарамай анча овора қилишди. Лекин алалоқибат фактлар, далиллар ғалаба қозонди.

Яна қайси хорижий мамлакатларда суд ишларида қатнашгансиз?

АҚШда адвокат ёрдамчиси бўлиб 3 йил ишлаганимда ярим дунёни айланиб чиқдим, десам бўлади. Лекин Ўзбекистонда адвокатлик фаолияти билан шуғуллана бошлаганимдан бери чет давлатлар судларида кўрилган бир нечта ишдагина қатнашдим.

Юқоридаги ҳолатдан ташқари яна битта мисол келтиришим мумкин. Бир йили Туркияда, аниқроғи Истанбулда дам олиб юрганимда бир ўзбек аёли мени қидириб келди. Чет тилларни биладиган ўзбек адвокати керак экан. Саргузаштларини сўзлаб берди. Аёл Туркияда кўп йиллар логистика соҳасида ишлаган, яъни Ўзбекистонга мол жўнатиш билан шуғулланган. Дастлаб анча вақт логистика оператори бўлган, пича пул жамғарганидан кейин эса ўзи ҳам бизнесга қўшилишга қарор қилган. Сармоясини тиккан. Бу ёғи классика – ғирром ўйинлар, алдов... Чет эл фуқароси бўлгани учун пулини осонгина еб кетамиз, судма-суд сарсон бўлишга ҳоли йўқ, деб ўйлашган шекилли. Аммо аёл бўш келмаган, курашган.

Хуллас, mahkeme’да (турклар судни шундай атайди) аёл номидан вакил бўлиб қатнашдим. Масала унча чигал эмасди, қолаверса, турк ва инглиз тилларини билишим қўл келди. Бизнинг фойдамизга қарор чиқди, опа ҳақини ундирди. Бир юртдошимга нафим текканидан мен ҳам жуда хурсанд бўлдим.

Ўз тажрибангиздан келиб чиққан ҳолда бир неча мамлакатнинг судларда иш юритиш амалиётини таққослаб, ўзига хос жиҳатларини сўзлаб берсангиз.

Кўпроқ билганим учун АҚШ судлари ҳақида гапирақолай, аммо бу барча ривожланган ҳуқуқий-демократик мамлакатларга тегишли.

АҚШда судья – чинакам ҳокимият эгаси, мўътабар зот, ҳақиқий авторитет. Унинг обрў-эътибори суд мажлисларида айниқса яққол сезилиб туради. Энг биринчи галда зоҳирий жиҳатлари билан. Масалан, судьянинг мақом креслоси суд зали сатҳидан қарийб бир одам бўйи баланд бўлиб, бу ҳам юксак ҳурмат нишонаси деб биламан. Унга мурожаат қилмоқчи бўлсангиз, бошингизни юқорироқ кўтариб қарайсиз.

Бизда баъзан суд мажлислари олағовур тўполонга айланиб кетиб, судьялар залдагиларни тинчитиш учун қайта-қайта огоҳлантиришга, ҳатто бақиришга мажбур бўлишади. АҚШ судларида ҳамма ўзини рисоладагидек тутишга ҳаракат қилади, шовқин бўлган тақдирда эса судья болғачасини тақиллатиб, бир оғиз танбеҳ берса кифоя.

Агар судланувчи ҳибсда ёки қамоқ муддатини ўтаётган бўлса, адвокатлар унинг ювиниб-тараниб, тўқ рангли костюм-шим ва бўйинбоғ таққан ҳолда судга келишини таъминлаши шарт. Бу нафақат инсоннинг қадр-қиммати, балки судга нисбатан ҳурмат масаласи ҳамдир. Адвокатга ёрдамчи бўлиб ишлаб юрганимда ҳимоямиздаги шахс учун ҳибсхонага “строгий” костюм-шим олиб борган вақтларим кўп бўлган.

Мени таъсирлантирган таомиллардан бири шуки, судланувчи, агар у ўта хавфли жиноятчи бўлмаса – темир қафасга солинмайди ва мажлисда ҳимоячисининг ёнида ўтиради. Айбсизлик презумпцияси ва инсонга нисбатан ҳурмат намунаси бу ҳам. Суд залида одатда биргина полициячи бўлади. Биздагидек тўда-тўда миршаблар, ҳатто ниқобли ходимлар ўтириши АҚШ судларига мутлақо хос эмас.

Судьяларнинг ойлиги президент ва вазирларникидан кўп. Ҳозир айнан қанчалигини билмайман, лекин 2010 йилда Техас штатида судьянинг йиллик даромади 250 минг долларга тенг эди. Бу ҳатто Америка учун ҳам жуда катта маош.

Ўзбекистонлик адвокатлар орасида Россия ва МДҲ мамлакатларига бориб, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиганлар бор. Лекин Европа, АҚШ ва бошқа узоқ хориж давлатларининг суд ишларида қатнашадиган чинакам халқаро адвокатлар жуда кам. Бунинг сабаблари, халқаро адвокатларни етиштириш ҳақида ўз фикрларингиз, таклифларингизни айтиб ўтсангиз. Ўзбекистон адвокатлари дунё бўйлаб кенг доирада ишлаши учун Адвокатлар палатаси қайси халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши керак?

Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик аввало мамлакатимизда адвокатура институтини ривожлантириш, жаҳон стандартлари ва мезонларга яқинлаштириш, адвокатлар тажрибасини ошириш учун зарур. Қолаверса, уларнинг фикрлари, таклифлари ва тажрибаларидан Ўзбекистон қонунчилигини, айниқса суд-ҳуқуқ тизимига оид қонунларни такомиллаштиришда жуда самарали фойдаланиш мумкин бўлар эди.

Яна бир омил бор. Юз минглаб Ўзбекистон фуқаролари турли чет мамлакатларда яшашяпти, ишлашяпти. Ўзбекистонлик тадбиркорлар бутун дунё билан бизнес алоқаларини олиб бормоқда. Ҳаёт бу – ҳар қадамда ҳуқуқий ечим талаб қиладиган муаммо келиб чиқиши мумкин. Масалан, ўзбек тадбиркорлари чет элларда шартномавий мажбуриятлар билан боғлиқ қанчадан-қанча муаммоларга дуч келишади. Ва, ноилож, ўша ерлик маҳаллий адвокатлар ёрдамидан фойдаланишмоқда. Ҳолбуки, ўзимизда ҳам исталган мамлакат юрисдикциясида иш юритишга қодир истеъдодли адвокатлар топилади. Кўп эмасу, лекин, ҳарқалай топилади. Шундай ҳамкасблардан айримларини шахсан танийман. Яъни, адвокатлар бор, аммо уларнинг хорижий давлатлар судларида иштирок этиш имконияти чекланган. Нега? Чунки лицензиямиз кўп мамлакатларда тан олинмайди. Бунинг учун халқаро адвокатлар ассоциацияларига аъзо бўлишимиз керак. Масалан, Америка юристлар ассоциацияси (ингл. American Bar Association, ABA) ва Халқаро адвокатлар ассоциацияси (ингл. International Bar Association, IBA) каби ташкилотларга аъзолик жуда кўп давлатларда ишлаш ҳуқуқини беради.  

Билишимча, МДҲ доирасида муаммо йўқ: адвокатларимиз, хусусан, мигрантларга ёки бизнес субъектларига юридик ёрдам кўрсатиш учун Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларга бориб, суд-тергов жараёнларида иштирок этишмоқда. Бироқ бу етарли эмас, қамровни кенгроқ олавериш керак. Дунё фақат МДҲдан иборат эмас.

Сизнинг-ча, адвокатурамиз олдида қандай жиддий муаммо ва тўсиқлар мавжуд?

Бу саволингизга батафсил жавоб берадиган бўлсам, катта бир китоб бўлади. Менимча, шарт эмас, чунки муаммоларимиз сув бетида қалққан олмадек рўй-рост кўриниб турибди. Ўзбекистондаги тўрт мингдан зиёд адвокатнинг ҳар бири уларни билади, ҳар куни ўз танасида ҳис қилади.

Бироқ агар мендан “ихтиёр сизда бўлганида энг аввало қайси муаммодан бошлаган бўлардингиз?” деб сўрасангиз, мен биринчи галда очиқликни таъминлаш керак, дейман.

АҚШ компаниясида 3 йил адвокат ёрдамчиси бўлиб ишлаганимда қатор мамлакатларни кўрдим. АҚШ ва Европа нега бой, қандай қилиб бу қадар тараққиётга эришган, биласизми? Чунки уларда шаффофлик, адолат бор, жамият очиқ бўлгани учун ҳеч ким ҳаддидан ошиб кетолмайди, тийиб турувчи механизмлар, давлат ҳокимияти шохчалари ва жамият ўртасида мувозанатни сақловчи институтлар самарали ишлайди. Коррупция йўқ, дея олмайман, лекин жуда кам, йўқ даражада.

Қонун устиворлигисиз мамлакат ривожланмайди. Қонун устивор бўлиши учун эса мумкин қадар очиқликни таъминлаш керак. Суд-тергов амалиётини оладиган бўлсак, ишларни кўришни махфийлаштириш ҳаддан ортиқ суиистеъмол қилиняпти. Оддий ишлар “давлат сири, хавфсизлик” ва бошқа ваҳималар билан ёпиқ кўрилмоқда. Масалан, диний мазмундаги материалларни ўқиш ва тарқатишда айбланаётган бир йигитнинг ишини махфийлаштирилишидан жамият нима ютяптию нима ютқазяпти? Иш очиқ кўрилса, ҳатто ОАВларда ёритилса, одамлар унинг айнан қандай ножўя иш қилганини билса яхши эмасми қайтага? Ахир, бошқалар унинг хатосини такрорламаслиги керак-ку?!.

Ёки пора билан қўлга олинган амалдорлар, ҳатто у кичикроқ лавозимда бўлса ҳам ёпиқ тергов, ёпиқ суд қилишмоқда. Судларда судья билан прокурор битта эшикдан кириб-чиқади, прокурор мажлисларда телефонини ўйнаб ўтиради, ҳатто иш билан танишмасдан максимал жазо сўрайди...

Гапирса, гап кўп, хуллас.

Ойбек МЎМИНОВ суҳбатлашди.

2023-03-17 11:15:30  |  959 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

1 изоҳлар

Март 17, 2023  15:14

1.Хомидов Сохиб

Канчалар хакикат чиройли сузлар эмас бу, очиклик, шафофликни кучайтириш, адвокатни эшитиш уни илтимосларини реал текшириш, тергов суд прокурор олдида макомини кучайтириш кк, юкори органга адвокат тобеь булиб колмаслик керак, адвокат бн чиройли сухбат булибди рахмат



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация