Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш курслари ташкил этилди



 
  Расм манбаси : abt.uz

Тошкент давлат юридик университети ҳузурида Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказида илк маротаба юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича уч хафталик профессионал ўқитиш курслари ташкил этилди. Курс дастури ҳамкор хорижий юридик компаниялар билан биргаликда ишлаб чиқилди ва Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланди.

Дастурга низоларни ҳал этиш, музокара, медиация, арбитраж муҳокамасида исботлар, арбитраж келишувларини тузиш ва қўллаш, арбитраж тартиб-таомиллари, халқаро тергов қилиш, коррупцияга қарши чоралар каби ва бошқа долзарб мавзулар киритилган.

Xabar.uz маълумотига кўра, профессионал ўқитиш курсларида дарс машғулотларини олиб бориш учун “White and Case” (АҚШ), “Foley Hoag” (АҚШ), “Dentons” (АҚШ) ва “Merritz” (Буюк Британия) каби дунёга таниқли юридик компанияларнинг юқори малакали адвокатлари ва амалиётчи-мутахассислари жалб этилмоқда.

Амалий курслар давомида назарий машғулотлар билан бир қаторда амалий машғулотлар ўтказилиши назарда тутилган. Шу мақсадда суд мажлиси ва арбитраж муҳокамасини ўтказиш ва тижорат низосини ҳал этиш юзасидан музокаралар ўтказиш хонаси сифатида жиҳозланган махсус аудиториялар ажратилган. Бу амалий машғулотларни самарали тарзда ўтказишга имкон беради, чунки суд мажлисини инсценировкаси реал мажлисга яқин шароитда бўлажак мутахассисларни тайёрлашни таъминлашга хизмат қилади. Музокаралар ўтказиш кўникмалари юристнинг арбитраж муҳокамасини самарали юридик таъминлаш ва медиация жараёнини ўтказиш учун зарур бўлган сифати ҳисобланади.

Мазкур услубнинг афзаллиги процессуал ҳужжатлар билан ишлаш кўникмаларини ривожлантириш имкониятлари, шунингдек судда иш юритиш алоҳида босқичларини ўрганиш ва суд риторикаси кўникмаларини ривожлантириш истиқболлари билан боғлиқ.

Курс дастури билан қатор арбитраж институтлари, хусусан, Вашингтонда жойлашган Инвестициявий низоларни ҳал этиш халқаро маркази билан видео-конференц алоқасини қўллаган ҳолда алоҳида машғулотларни ўтказиш назарда тутилган.

Курсларда тингловчи сифатида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг тегишли соҳада фаолият юритувчи ходимлари, адвокатлар ва курсларда таълим олишни истовчи бошқа шахслар қабул қилинган. Профессионал ўқитиш курсларида нафақат юридик кадрлар билан бир қаторда, фаолияти халқаро инвестициявий ва тижорат фаолият билан боғлиқ орган ва ташкилотларнинг айрим мутахассислари иштирок этади.

Курс якунида муваффақиятли тугатган тингловчилар Адлия вазирлиги тавсиясига биноан хорижий юридик компаниялар, халқаро арбитраж институтлари ва бошқа тегишли ташкилотларда 2-3 ойлик муддатда стажировкага юборилади. Бу эса уларнинг халқаро ҳуқуқ нормаларини юқори даражада ўзлаштиришларига, шунингдек хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганишларига имкон беради.

Бошланган профессионал курсда ўкитиш жорий йилнинг 24 ноябрь кунига қадар давом этади. Курслар тамомлангандан кейин тингловчиларга тасдиқланадиган намунадаги сертификат берилади.

2018-11-13 13:45:35  |  2595 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация