Ўсмирлар ҳуқуқбузарлиги электрон тизим ёрдамида мониторинг қилинади



 
  Расм манбаси : turkistonpress.uz

Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга қаратилган электрон тизимни жорий этиш режалаштирилмоқда

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва назоратсизликнинг олдини олиш ва болаларни таълимга жалб қилишга қаратилган электрон тизимни яратиш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда ахборот тизимининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга кўмаклашиш ва мониторингини олиб бориш;

ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлган вояга етмаганларнинг базасини шакллантириш ва улар орасида ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш учун маънавий-маърифий дарсларни олиб бориш;

мактаб ўқувчиларининг таълимга жалб қилинишида ва дарсдан кейинги бўш вақтларини мазмунли ўтказишни назорат қилиш;

ўқувчиларни таълимга жалб қилиш юзасидан оила, фуқароларнинг  ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, васийлик ва ҳомийлик органлари, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар, ички ишлар органлари ҳамкорлигининг самарадорлигини ошириш чораларини кўриш.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Халқ таълими соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази:

ахборот тизимини ишлаб чиқади ва 2019 йил 1 сентябрга қадар ишга туширилишини таъминлайди;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ахборот тизимга уланадиган ташкилотларнинг рўйхатини шакллантиради ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.

Белгиланишича:

ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан боғлиқ харажатлар ўрнатилган тартибда Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади; 

ахборот тизимини такомиллаштириш, техник қўллаб қувватлаш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича масъул оператор деб Халқ таълими соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази ҳисобланади;

ҳамкорлик қилувчи ташкилотларнинг ахборот тизимларидаги ёки маълумотлар базаларидаги такомиллаштиришлар ёхуд электрон ҳамкорлик тўғрисидаги технологик йўриқноманинг ўзгаришига олиб келадиган ҳар қандай ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

2019-02-21 18:59:48  |  2321 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация