“Қамоққа олиш” эҳтиёт чораси: қонунда тартибга солинмаган ҳолатлардан ким жабр кўряпти?



 
  Расм манбаси : 

Дилбар СУЮНОВА,

ТДЮУ Жиноят-процессуал ҳуқуқи кафедраси профессори,

юридик фанлар доктори

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири қабул қилиниши билан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш, биринчи навбатда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ масалалар ҳуқуқшунос олимлар ва амалиётчиларнинг эътиборини тобора кўпроқ жалб қилмоқда. Янгиланган Конституция давлатимизнинг қонунийликни, адолатни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлашни сўзсиз таъминлашга содиқлигини яна бир бор исботлади.

Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораларига оид қонун талаблари ва ушбу масалалар бўйича илмий ёндашувлар таҳлили жиноят иши бўйича айблов хулосасини тасдиқлаш ҳамда суд муҳокамасига тайинлаш босқичларида юзага келадиган алоҳида ҳуқуқий муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Маълумки, “Ҳабеас корпус” институтининг асосий қоидаларини миллий процессуал қонунчиликка имплементация қилиш қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танлашда шахснинг суд ҳимоясида бўлишини кафолатлаб берди. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига (кейинги ўринларда - ЖПК) киритилган ўзгартишларга мувофиқ 2008 йилдан бошлаб судларга қамоққа олиш учун санкция бериш ҳуқуқи берилди, бу инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашнинг энг муҳим омилларидан бири бўлди. Шу пайтдан бошлаб ушбу эҳтиёт чорасини қўллашнинг процессуал механизми фуқаролар фойдасига тубдан ўзгарди, энди қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун прокурор қонунда белгиланган муддатларда судга илтимоснома билан мурожаат қилиши шарт ва суд ўз навбатида прокурор томонидан киритилган илтимосномани қаноатлантириш ёки рад этиш масаласини ҳал қилади.

Қамоққа олиш учун санкция бериш ваколатини судларга ўтказиш тўғрисидаги қонуннинг муҳим жиҳати – бу шахсни қамоққа олиш масаласини ҳал қилиш учун қатъий муддатлар белгиланганидир. Прокурор шахсни ушлаб туриш муддати тугашидан саккиз соат олдин судга илтимоснома ва материалларни тақдим этиши шарт (ЖПК 243-моддаси). Суд ушбу илтимосномани келиб тушган кундан бошлаб саккиз соат ичида кўриб чиқиши керак. Қамоқда сақлаш муддатини узайтириш учун ҳам аниқ муддатлар белгиланган. ЖПКнинг 247-моддасига асосан, айбланувчини қамоқда сақлаб туришнинг белгиланган муддати тугашидан камида олти сутка олдин прокурор қамоқда сақлаш муддатини узайтириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида қарор чиқаради, бу қарор судга тақдим қилинади. Бундай илтимоснома суд томонидан материаллар келиб тушган кундан бошлаб етмиш икки соат ичида кўриб чиқилади.

ЖПКнинг 245-моддасига биноан, жиноятларни тергов қилишда шахсни қамоққа олиш муддати уч ойдан ошмайди, агар дастлабки тергов тугалланмаган бўлса ва ушбу эҳтиёт чорасини ўзгартириш учун асослар бўлмаса, ушбу муддат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарларининг илтимосномалари асосида суд томонидан максимум етти ойгача узайтирилиши мумкин. Муддатни янада узайтиришга йўл қўйилмайди.

Қонунга кўра, айблов хулосаси тузилгандан сўнг жиноят иши прокурорга юборилади, у жиноят ишини беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда ўрганиб чиқиши ва тегишли қарор қабул қилиши шарт (ЖПКнинг 385-моддаси). Аммо табиий савол туғилади: агар дастлабки терговни ўтказишнинг энг узоқ муддати етти ойни ташкил этса, прокурор томонидан жиноят ишини ўрганиш даври (беш кун) бунга кирадими, йўқми? Бундай вазиятда шахсни яна беш кунга қамоқда ушлаб туриш учун ҳуқуқий асос борми? Фикримизча, прокурор шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, жиноят иши бўйича дастабки тергов муддати етти ойдан ошиб кетаётганлигидан хабар топганида ЖПКнинг 386-моддасида белгиланган ҳуқуқларидан фойдаланиб иш юзасидан айбланувчига бошқа эҳтиёт чорасини танлаш ёки қамоққа олиш эҳтиёт чорасини бекор қилиш ёхуд уни ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилиши лозим. Шу билан бирга, тергов (суриштирув) органлари ходимлари жиноят иши бўйича айблов хулоса (далолатнома)ни тасдиқлаш учун қонунда белгиланган муддатларга риоя қилган ҳолда олдиндан прокурорга мурожаат этмоқдалар, деб умид қиламиз.

Кейинчалик прокурор томонидан жиноят иши бўйича айблов хулосаси тасдиқлангандан сўнг иш судловга тегишлилик қоидалари бўйича судга юборилади. Қонунда ушбу давр муайян муддатлар билан тартибга солинмаган, фақат ЖПК 388-моддасининг 4-қисмида агар айбланувчи қамоқда сақланаётган бўлса, прокурорнинг топшириғига кўра айблов хулосаси (далолатнома) нусхаси унга қамоқда сақлаш жойининг маъмурияти томонидан улар келиб тушган куни тилхат олиб топширилиши, тилхат ҳужжатлар топширилган сана ва вақт кўрсатилган ҳолда судга тақдим этилиши назарда тутилган. Аммо жиноят ишини судга юбориш жараёнида шахс қамоқда бўлган тақдирда уни қамоқда сақлаш муддатини узайтириш масаласи қонунда кўзда тутилмаган.

Фикримизча, судга қадар босқичда айбланувчига қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлашда зарур процессуал ҳужжатлар ва маълумотларни ўз вақтида расмийлаштириш, шахсни ҳибсда сақлаш муддатларига риоя қилиш учун прокурор масъулдир, шу сабабли ҳамда ЖПКнинг 33-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда, айнан прокурор суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида қонунларнинг аниқ ва бир хилда ижро этилишини назорат қилади ва таъминлайди.

Жиноят иши судга келиб тушганидан сўнг судья ЖПКнинг 396-моддасига биноан, айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси тўғри танланган ёки йўқлигини аниқлайди. 397-моддада эса жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш тўғрисидаги ажримда ташкилий масалалар (жиноят ишининг суд мажлисида кўрилиши учун етарли асослар борлиги тўғрисидаги хулоса ва ҳ.к.) билан бир қаторда судланувчига нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси тўғрисидаги қарор кўрсатилиши ҳам белгиланган. Аммо қонунчиликда жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш чоғида судланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаш масаласини муҳокама қилиш бўйича алоҳида жараён тартибга солинмаган, судья шахснинг эркинлиги билан боғлиқ муҳим масалани жиноят ишини судга тайинлаш жараёнида якка тартибда, тарафлар иштирокисиз, ташкилий масалалар билан биргаликда оддий кўриб чиқади. Бундай ҳолда шахснинг конституциявий ҳуқуқлари таъминланади деб бўлмайди.

ЖПКнинг 405-4051-моддаларида белгиланган муддатлар фақат суд мажлисида жиноят ишини муҳокама қилиш муддатларига риоя қилишни назарда тутади, одатда бундай оддий ишлар айрим муаммоларни, масалан, жиноят ишининг таалуқлилиги, судловга тегишлилиги, бир нечта жиноий ишларни бирлаштириш, техник камчиликлар туфайли ишни прокурорга қайтариш ва бошқа масалаларни юзага келтирмайди. Ҳолбуки вужудга келган айнан шундай муаммолар жиноят ишини ўз вақтида суд жараёнида кўришни бошлашга тўсқинлик қилиши мумкин ва натижада қамоқда сақланаётган шахснинг ҳуқуқлари чекланиб қолиши табиий. Аммо ушбу ҳолатда ҳам судланувчига нисбатан қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чораси муддатини узайтиришни муҳокама қилиш жараёни қонунда тартибга солинмаган.

Бундан ташқари, яна жиддий вазият юзага келиш мумкин: жиноят ишини суд муҳокамасига тайёрлаш босқичида судья тўсатдан оғир касалликка чалинган ёки унинг судьялик ваколат муддати тугаган бўлса, жиноят ишини судда кўриб чиқиш кейинга қолдирилади ёки иш бошқа судьяга топширилади, у судья ҳам ишни янгидан суд мажлисига тайёрлаши керак (ЖПКнинг 397-моддасининг талаблари ва муддатларига риоя қилган ҳолда, улар учун ЖПКнинг 405-4051-моддаларида белгиланган муддатлар янгидан ҳисобланади). Аммо қамоқда сақланаётган шахснинг масаласи яна очиқ қолиб, шахс қайд қилинган давр давомида асоссиз равишда қамоқда сақланиб туради. Демак, бундай вазиятда шахсни қамоқда сақлаш муддати ҳеч ким томонидан назорат қилинмайди ва унинг эркинликка бўлган ҳуқуқлари таъминланмасдан қолдирилади.

Ушбу мақолани ўқиётган амалиётчилар “жиноят иши судга келиб тушган вақтдан бошлаб шахснинг қамоқда бўлган даври суд томонидан унга нисбатан ҳукм чиқариш ва жазо тайинлаш чоғида Жиноят кодексининг 62-моддаси асосида қайта ҳисобланади ва шахснинг қамоқда бўлган ҳар бир куни тайинланаётган жазо турига тенглаштирилиб қўшилади-ку”, дея эътироз билдиришлари мумкин. Бу фикрни тўғри деб бўлмайди, чунки Жиноят кодексининг 62-моддасини қўллаш ва шахснинг қамоқда бўлган вақтини қайта ҳисоблаб жазо тайинлаш суднинг вазифасига киради. Аммо ҳукм чиқарилгунга қадар шахснинг қамоқда сақлангани учун ким жавоб бериши керак? Нега “Ҳабеас корпус” институтини амалга оширишнинг судга қадар босқичида суд назорати ўрнатилган, шахс қамоқда сақланадиган ҳар бир соат ҳамда тергов органлари ва прокурорнинг қамоқ эҳтиёт чорасини қўллашга доир фаолияти қатъий белгилангану жиноят иши судга топширилганидан кейиноқ назорат йўқоляпти? Жиноят иши судга келиб тушганидан сўнг қамоққа олинган шахс узоқ вақт (баъзан кўп ойлар) асоссиз қамоқда сақланиши мумкин, бунга эса бир нечта ишнинг бирлаштирилиши, ишнинг ҳудудий жиҳатдан бошқа судга топширилиши, судьянинг касал бўлиб қолиши ёки ваколатлари расмий тугатилиши каби ҳолатлар сабаб бўлиб қолади.

Шуни таъкидлаш керакки, жиноят ишини суд муҳокамасига тайинлаш ажримида судланувчини қамоқда сақлаш масаласини ҳал қилиш (ЖПКнинг 397-моддаси) уни кейинчалик қамоқда сақлаш учун ҳуқуқий асос бўлмайди деб ҳисоблаймиз, чунки мазкур ажрим судья томонидан судланувчи ва тарафлар иштирокисиз якка тартибда чиқарилади. Ишни суд муҳокамасига тайинлаш жараёнида шахсни қамоқда сақлаш муддатини узайтириш судланувчи ва тарафлар иштирокида ҳамда улар томонидан айнан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланиши керак ёки керак эмаслиги бўйича тақдим этилган тасдиқловчи далилларни ўрганишдан кейин ҳал қилиниши керак, деб ўйлаймиз.

Қайд қилинган муаммо бевосита суд амалиётидан келиб чиққан. Мисол келтираман: фуқаро Д.А.га нисбатан Жиноят кодекси 168-моддаси учинчи қисмининг “а” банди билан 20 июль куни қўзғатилган жиноят иши бўйича Д.А.га қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиб, у 1 август куни қамоққа олинади. Кейинчалик дастлабки тергов тамомланиб, прокурор томонидан айблов хулосаси тасдиқланади ва иш 10 сентябрь куни судга ўтказилади. ЖПКнинг 397-моддаси асосида судья жиноят ишини суд муҳокамасига тайинлаб, бу ҳақда 15 сентябрь куни ажрим чиқаради ҳамда ажримда Д.А.га нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чорасини аслича қолдиришини кўрсатади.

Сўнг, жиноят ишини кўриб чиқишни бошламаган судья 25 сентябрь куни юқори судга янги лавозимига тайинланади, Д.А.нинг жиноят иши эса бошқа судьяга ўтказилади. Мазкур жиноят иши бошқа судья томонидан фақат 12 октябрь куни суд муҳокамасига тайинланади ва бу ҳақда чиқарилган ажримда Д.А.нинг қамоқ эҳтиёт чораси такроран аслича қолдирилади. Аммо белгиланган кунда, яъни 20 октябрь куни суд мажлиси бошланмасдан кейинга қолдирилади, чунки судья оғир касалликка (ковид-19) чалинади.

Ушбу асосда жиноят иши 15 ноябрда бошқа ҳудудий судга ўтказилиб, янги судья суд мажлисини 25 ноябрга тайинлайди ва Д.А.нинг эҳтиёт чорасини ўзгартирмайди. Бироқ, иш бўйича жабрланувчилар томонидан билдирилган раддияга кўра, жиноят ишини кўриб чиқиш яна қолдирилади ва судьяни рад қилиш масаласи юқори судга ҳал қилиш учун юборилади.

Ниҳоят, жиноят иши бошқа судьяга топширилгандан сўнг суд жараёни 18 декабрга белгиланиб, жиноят ишини суд мажлисида кўриб чиқиш бошланган (Д.А.нинг эҳтиёт чораси яна ўзгаришсиз қолдирилган). Суд муҳокамаси тахминан икки ой давом этган ва жиноят иши бўйича ҳукм кейинги йилнинг 16 февраль куни ўқилиб, судланувчи Д.А. жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплаганлиги сабабли, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо қўлланилган.

Шундай қилиб, судланувчи Д.А. 1 августдан 16 февралгача, яъни 6,5 ой давомида асоссиз равишда қамоқда сақланган, барча судьялар унинг эҳтиёт чораси масаласини жиноят ишини суд муҳокамасига тайинлаш асносида айбланувчи ва тарафлар иштирокисиз, якка тартибида кўриб чиққанлар, Д.А.нинг қамоқ эҳтиёт чорасини узайтириш масаласи қонуний ва расмий кўриб чиқилмаган, у қамоқда бўлган 6,5 ойлик давр ҳуқуқий расмийлаштирилмаган, назорат қилинмаган ва натижада унинг эркинлик ҳуқуқи бузилган.

Муҳокама қилинаётган масала бўйича айрим хорижий мамлакатлар амалиёти қизиқиш уйғотади.

Австрияда қамоққа олиш ва қамоққа олиш муддатини узайтириш тергов судьяси рухсати билан амалга оширилади (“суд назорати”). Тергов судьяси дастлаб икки ҳафтадан кейин, сўнг бир ойдан кейин, ундан сўнг қамоққа олинган кундан эътиборан ҳар икки ойда бир маротаба – шахснинг ушлаб туриш муддатини узайтириш ёки қамоққа олиш асосларини мунтазам текширади.

Италияда, шахсни қонунда белгиланган муддатлардан кўпроқ ушлаб туриш судьялар махсус ҳайъати томонидан қўриб чиқилади (“озодлик трибуналлари”).

Польшада биринчи инстанция суди томонидан ҳукм чиқарилгунга қадар қамоққа олишнинг умумий вақти икки йилдан ошмаслиги керак, бу тергов пайтида қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган муддатни ҳам қамраб олади.

АҚШда шахсни қамоққа олиш учун суд санкция беради, ҳар икки ҳафтада прокурор ўн кундан ортиқ қамоқда сақланаётган шахслар тўғрисида судга ҳисобот тақдим этади (!) ҳамда муддатларнинг ўтиб кетиши сабабларини тушунтириб беради (1974 йилда қабул қилинган Тезкор суд ҳақидаги қонунга мувофиқ).

Францияда қамоққа олиш муддатини узайтириш республика прокурорининг илтимосига биноан тергов судьяси томонидан махсус асослантирилган қарор асосида амалга оширилади.

Россия Федерацияси Конституциявий судининг 2005 йил 22 мартдаги №4-П-сон қарорига мувофиқ, жиноят иши судга келиб тушганида судланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаш масаласини албатта унинг иштирокида кўриб чиқиши лозимлиги белгиланган.

Фикримизча, юқорида санаб ўтилган чет мамлакатлар тажрибаси асосида мамлакатимиз жиноят-процессуал қонунчилигига ўзгартишлар киритиш зарур. Жиноят ишини судда кўриб чиқиш жараёнида шахсни қамоқда сақлаш масаласини муҳоқама қилишда янги ташкил этилган дастлабки эшитув институтидан кенгроқ фойдаланиш керак.

Дастлабки эшитув институтида эҳтиёт чорасини танлаш, узайтириш, ўзгартириш масалаларини кўриб чиқиши мумкин. Бунинг учун ЖПКнинг 4053-моддасида назарда тутилган асослар қаторига судланувчининг эҳтиёт чорасини муҳоқама қилиш масаласини ҳам киритиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ушбу масала судланувчи ҳамда тарафлар иштирокида кўриб чиқилса шахснинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланар эди.

Адабиётлар

1. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси. Тошкент, “Адолат”. 2022. 324-б.

2. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси. Тошкент. “Адолат”. 2022.

3. Седелников, П.В., Коробков, Е.Е. & Бескембиров, Р.А. (2019) Полномочия прокурора по обращению в суд с ҳодатайством о продлении срока избранной в отношении обвиняемого мерой пресечения. Законность. №1. С. 49–53.

4. Ретюнский И. А. Жиноят содир этишда гумон қилинган шахсни ҳибсга олиш асослари тўғрисида // Россия Ички ишлар вазирлигининг Урал юридик институти хабарномаси. — 2016. — № 1. 18-21 бетлар.

5. Suyunova, D. J. (2021). An Analysis of the Procedural Features in Instituting Preliminary Hearing in a Criminal Case. Law & Safety, 223.

6. Базарова Д. (2020). Роль прокурора в обеспечении гарантий прав и свобод участников уголовного судопроизводства. Review of law sciences, (3), 173-179.

7. Samuel J. Spiegel. Climate injustice, criminalisation of land protection and anti-colonial solidarity: Courtroom ethnography in an age of fossil fuel violence Author links open overlay panel. Political Geography. Volume 84, January 2021, 102298

8. Б.Хидоятов, Б.Худайбегенов. Оптимизация первоначальной стадии уголовного судопроизводства. Том 3 № 1/С (2022): Спецвыпуск междисциплинарного электронного научного журнала «Общество и инновации».

9. Пулатов Ю.С., Тулаганова Г.З. Тергов ҳаракатларида ҳимоячи иштирокининг ҳуқуқий ва ташкилий тактик муаммолари. Ўқув қўлланма. – Т.:2018. 3, 8, 13, 17-б.

10. Б.А.Мўминов “Жиноят процессида судга қадар бўлган босқичда суд назорати. Юридик фанлар доктори (ДСc) даражасини олиш учун ёзилган диссертация. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби. Т. 2020 йил. С-241, 242.

11. Шарафутдинов А. Ушлаб туриш институтининг такомиллашуви// Ҳуқуқ. Право. Лаw - 2005. - №3. – стр.5.

2024-01-19 10:53:56  |  244 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация