Жазони ижро этиш тизимида пробация хизмати ташкил этилади



 
  Расм манбаси : Norma.uz

Президентнинг 2018 йил 7 ноябрдаги «Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–4006-сон қарори билан Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузурида ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасининг Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижро этилишини назорат қилиш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Пробация хизмати ташкил этилмоқда. Пробация хизмати 2019 йил 1 январдан ўз фаолиятини бошлайди.

Пробация бўлинмаларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ИИО(ички ишлар органлари)нинг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни (жарима, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари ва ҳ.к.) ижро этиш бўйича фаолиятини бошқа давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек жамоат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликда самарали ташкил этиш;

шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш;

назорат остидагилар, шунингдек жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган вояга етмаганларнинг ижтимоий мослашуви ва ишга жойлашишига, шу жумладан уларнинг касбий тайёргарлиги бўйича тадбирларни ташкил этиш орқали ҳар томонлама амалий кўмаклашиш;

назорат остидагиларнинг қайта жиноят содир этиш хавфини аниқлаш ва бунга йўл қўймаслик бўйича профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш, уларнинг шахсини ижтимоий-психологик портретни тузган ҳолда ўрганиш.

Norma шарҳида ёзилишича, туман (шаҳар) пробация бўлинмаларининг шахсий таркиби 1 нафар ходимга шаҳарларда – 100, туманларда – 75 нафар маҳкум ҳисобидан келиб чиқиб тақсимланади.

Янги тузилмада устуворлик асосида ижтимоий, педагогика ва профилактика соҳаларида иш тажрибасига эга бўлган офицерлар хизмат қилади. Катта амалий иш тажрибасига эга бўлган ва хизматдан салбий ҳолатларга кўра бўшатилмаган ИИО пенсионерлари ҳам у ерга тайинланиши мумкин. Уларга тўлиқ миқдорда пенсия тўлашда давом этадилар.

Ҳудудий ИИОда раҳбарларнинг пробация ва жазони ижро этиш масалалари бўйича ўринбосарлари пайдо бўлади (ҳозир – жазони ижро этиш бўлими бошлиқлари). Улар янги бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштириб, ушбу йўналиш учун шахсан жавобгар бўладилар.  

Шу билан бир қаторда Пробация хизматини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилмоқда. У ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташдан келиб тушадиган ушланмаларнинг 50 фоизи ҳисобидан шакллантирилади. Маблағлар хизмат ходимларини рағбатлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қўшимча киритилган штат бирликларини таъминлаш, шунингдек маҳкумларнинг касбий тайёргарлиги бўйича тадбирларни ташкил этишга сарфланади.

Ҳужжат билан 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди. Уни амалга ошириш натижаларини ҳисобга олган ҳолда, илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида Жиноят-ижроия кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда (2020 йил 1 июнгача).

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2018 йил 8 ноябрдан кучга кирди.

2018-11-12 12:10:03  |  1205 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация